ФАРРОШЛАРНИНГ ҲУРМАТИ ЙЎҚМИ?


   Ҳар тонг қуёш уфқдан бош кўтарганида кўчадаги шитир-шитир овозидан уйғониб кетаман. Деразамни очганимда эгнига сариқ нимча кийиб олган ўзим ёки онам тенги аёллар, қизлар кўча супираётганига кўзим тушади. Уларни мен озодалик фаришталари дегим келади. Чунки шулар бор, биз яшаётган ҳудуд доим саранжом-саришта, тоза-озодадир.
  Дугонам Назокат яшайдиган Чилонзор туманига бориб, у ердаги айрим кўчаларнинг, кўп қаватли уйларнинг ҳовлисини расво бўлиб ётганини кўриб хижолат бўлиб кетаман. Ўзимнинг яшайдиган Миробод туманим, Фурқат маҳалласидан фахрланаман. Ҳаттоки қишда ҳам худди шундай аёллар, қизлар қор курашади. Атрофни тозалашади. 
  Кунларнинг бирида бекатда автобус кутиб ўтиргандим 10 ёшлардаги иккита болакай қўлидаги баклашкани кўча супираётган онаси тенги аёлнинг олдига отиб юборди. Аёл илкис бошини кўтариб жаҳл билан болакайларга деди:
— Уялмайсанларми? Ахир мен супираяпманку. Анави ахлат идишига баклашкани солсанглар бўладику!
— Кўчани супирганингиз учун ойлик оласизку! Сизга ҳам иш қолсин дедикда, — дея болакайлар унинг устидан хохолашиб кулишди.
— Нимага куласанлар? Тарбиясизлар? Шу аёлнинг ўрнида ўзингнинг онанг бўлганида нима қилардинглар? — дея уларни сўроққа тутдим.
— Менинг онам ўқимишли. Катта ишда ишлайди. Бунақа жойда ўқимаганлар ишлайди, — деди безбетларча тиржайиб болалардан бири.
  Уларга гап уқдириш бефойда эди. Шу пайт автобусим келди. Мен автбусга чиқиб кетдим. Бироқ кетгунимча ўй-хаёллар гирдобида қолдим. Ёдимга бундан уч кун аввал бўлган воқеа тушди.
   Чилонзор туманида автобус бекатида ўтиргандим. Фаррош аёл бекатни супириб бўлиб ахлатларни челакка олаётганди. Шу пайт 14-15 ёшлардаги бир йигит ва қиз бекатга келдида қўлидаги семичкани чақиб ҳар томонга ташлай бошлади. Атрофимдагилар уларга лоқайд эди. Мен бу манзарани жим кузатиб туролмадим. Уларга қараб дедим:
— Оёқларингни тагига қаранглар!
   Улар менинг бу гапимдан ажабланишиб ерга қарашди-да бир бирига тушунмагандек елка қисишди.
— Ҳозиргина опанг тенги қиз бу ерни супирди. Сенлар бўлса яна ифлос қилаяпсанлар. Шу ишларинг тўғрими?
— Вазифаси шу бўлганидан кейин тозалайдида, — дея норози оҳангда жавоб берди йигит.
— Уйингда ҳам шундай иш қиласанми? — дея ундан сўрадим.
— Бу ер менинг уйим эмас. Уйимда семичка чақмайман. Чақсам ҳам мусирини пакетга соламан.
— Ана, уйингни ифлос қилмаслик учун бундай иш қилмас экансанку! Дарҳол семичка чекишни бас қил!
— Сизнинг нима ишингиз бор? — дея тунғиллаб йигитча ёнидаги қизни қўлидан тутганича бекатдан нари кетиб, такси тўхтатиб, машинада кетишди.
  Кунларнинг бирида таҳририятдан бир иш билан йўлга чиқдиму бекат томон шошилдим. Аксини олиб автобус яқиндагина кетган экан. Ўша ердаги ўриндиққа ўтирволиб келиб-кетаётганларни кузата бошладим.
  Шу пайт ўриндиққа чиройли кофта-юбка кийиб олган, қўлларида бежирим сумкачалари бор, ёши 17-18ларда бўлган икки қиз ўтирди. У ёқ бу ёққа аланглаб, шу ерда жойлашган дўконга бири кириб, қўлида ялтироқ қоғозли иккита музқаймоқ билан чиқди. Иккаласи ўтирволиб иштаҳа билан музқаймоқ ея бошлашди. Мен энди нарироқда ўтириб писта, қурт сотаётган холанинг олдига келиб кетаётган харидорларни кузата бошладим. 
   Бироздан сўнг ёнимга нимадир учиб келиб тушгандек бўлди. Оёқларим тагига қарадим. Музқаймоқдан бўшаган ялтироқ қоғоз. Шу пайт бояги иккала қиз хандон отиб кулиб юборишди. Нимага кулишди экан, деб қарасам, иккинчисининг отган қоғози пистачи холанинг қопчасига тушибди.
— Хаҳ қизлар-а, қизлар-а! Тарбия кўрмаган экансанлар-а, — дея хола оғриниб қоғозни олиб ташлади-да ғулдиради: — Шундоқ нарида ахлат қутиси турибди. Ўшанга солса, асакаси кетармикан. Ие ҳозирги ёшларга меҳнат қилиш ёқмайди. Ўрнидан тургиси келмайди ҳам.
   Бир маҳал ҳассанинг тақиллаган овози эшитилди. Шу ердаги дўкондан иккита кўзи ожиз одам чиқиб, ҳассаси билан ниманидир қидиргандай жойида айланишиб қолишди. Ажабланиб қараб туравердим. Шу пайт биттасининг ҳассаси ўша ердаги ахлат қутисига урилди. Иккинчиси қўлидаги ғижимланган қоғозни пайпаслаб ахлат қутисига ташлади. Бир бекатдаги икки хил манзара мени таажжубга солди. 
   Гоҳида тўрт мучамиз соғ бўлиб нимани қаерга ташлашни билсакда эринамиз. Аммо кўзи ожиз бўла туриб, озодаликка риоя қилган бу кишиларга қойил қолдим.
  Ёдимда. Мактабда ўқиб юрганимизда устозларимиз фаррошларнинг ўзини ҳурмат қилишимизни, ишини қадрлашимизни кўп бора уқтирарди. Биз уларни худди ўз онамиздек кўриб доим салом берардик. Кейинчалик фарзандларимизга ҳам уларни ҳурмат қилишни ўргатиб борардик. Ҳанузгача қишлоқ жойларда бундай одат сақланиб қолган. Бироқ катта шаҳарда бир-бирини тергайдиган, тартибга чақирадиган одам йўқ. Жуда кўпчилик лоқайд. Ахир кўча супирадиган ёки бирор жойни тозалайдиган фаррошлар ҳам инсон. Уларнинг ҳам гулдек оиласи, ҳимоя қиладиган қурғонлари, катта қалби бор. Уларнинг қалбини чил-чил қилманг! Шароити туфайли ўқишини давом эттиролмаган бўлса айбдор эмаску. Нимага бундай одамларга айримлар ҳаттоки паст назар билан қарашади, менсишмайди. Фаррош инсон эмасми? Унинг ҳурмати йўқми? 
  Агар улар бўлмаганида ишхонангиз, кўчаларингиз аллақачон ахлатга тўлиб кетган бўларди. Яхшиямки шулар бор. Атрофимиз тоза-озода. Шундай экан уларнинг ҳурматини жойига қўйинг!


Хонбиби ҲИММАТ қизи










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот