ИККИ ХИЛ КАШФИЁТ
Қўчқор НОРҚОБИЛ
Кичик ҳикоялар
ИККИ ХИЛ КАШФИЁТ
Улар самолётда ёнма-ён учишарди. Дунёнинг энг нуфузли анжуманига боришаяпти. Бири машҳур адиб, бири комьпютернинг яна бир мукаммал русумини яратган олим.
— Ижодимдан, энг аввало, фарзандим баҳраманд бўлишини хоҳлайман. Шунинг учун хонамни доимо очиқ қолдираман. Ўқишга иштиёқ уйғонсин,-- деди адиб..
Олим унга синчковона термулди.
Ва, туйқус ўн яшар ўғлини эслаб, сесканиб кетди; ўз кашфиёти --- компьютерлар тизилган хона эшигини беркитиш унинг ҳам ёдидан чиққан эди...
ҚАЙҒУЛИ ЖАВОБ
— Ҳикоянгизни ўқидим, муҳтарам адиб. Чиндан ҳам ҳамма болалар фариштами?
— Ҳа. Хайриятки, улар ҳозирча одам эмас, шунчаки бола, жаноб генерал.
— Бу нима деганингиз, ҳурматли адиб?
— Улар одамга айлангач, ораларидан танклар, самолётлар, бомбалар ўта бошлайди.
МОҲИЯТ
— Вася, майли, қуриб кетсин, амаким айтган ўша ўқ заводига ишга кирсанг бўларкан.
— Настя, эсинг жойидами? Ахир, бизнинг фарзандларимиз бор-ку! Учови ҳам ўғил!
— Нима қипти?!
— Ахир, ўша ўқлар барибир бир куни отилади-ку...
ТАРБИЯ
— Тош отсалар, қўрқма!
— Хўп!
— Ўқдан ҳам қўрқма!
— Хўп!
— Туҳматдан ҳам қўрқма!
— Ҳўп!. Шунда мен ботир бўламанми, отажон?
— Йўқ.
— Нега?
— Фақат қарғишдан қўрқ. Ўшанда ботир бўласан!