БИР ҚУЧОҚ ОҚ АТИРГУЛ
Қўчқор НОРҚОБИЛ БИР ҚУЧОҚ ОҚ АТИРГУЛ
Ҳикоя
Эр-хотин бир соҳанинг, дейлик, адабиёт оламининг одамлари бўлишининг ҳам яхши, ҳам ёмон томонлари бор. Яхши жиҳати – бир-бирини тушунишади. Ёмони ҳам шу – бир-бирини тушунадилар.
Албатта, улар битта уйда яшашади. Бироқ, ҳар қайсининг хаёлида ўз адабий қўрғони бўлади.
...Кейинги пайтлар адибнинг омади чопди. Бошида қанот бойлаган хушхабарлар айланди.
Рус ва инглиз тилига ўгирилган асарларини аёлининг маслаҳати билан ҳорижий давлатлар нашриётларига жўнатиб кўрди; биратўла учта китобига харидор бўлишди.
Адиб хурсанд. Адиба шод.
Иккита драмаси қардош ўлкалар театри саҳнасига чиқди.
Адиб шод. Адиба хурсанд.
Кейин... Кейин аллақаердан Қудрат Имкон деган муҳибу мухлис пайдо бўлди-да, адиб ижодининг ашаддий тарғиботчисига айланди.
Адиб ҳайрон. Адиб жилмаяди:
– У сизни мендан тортиб олди. Тинимсиз бонг уряпти, сизни мақтаяпти.
Чиндан шундай эди. Интернетда ҳам адиб ижоди ҳақда кетма-кет мақолалар эълон қилди; Қудрат Имкон... Қудрат Имкон...
Ихчам, аниқ-тиниқ бу чиқишларнинг изи узилмади. Ҳатто чет эллар адабий сайтларида ҳам Қудрат Имкон имзоси қанот қоқди – адиб китобларидан келтирилган иқтибослар парвоз қила бошлади.
Русиянинг яна бир машҳур нашри Қудрат Имкон сўзбошиси билан адиб ҳикояларини чоп этди.
Адиб хонасида эди. Қўлтелефони жиринглади.
– Табриклайман. Ижодинг ҳақида таҳририятга зўр мақола келиб тушди. Навбатдаги сонимизга жойладик. Яхши таҳлил. Темирни жизғанак этар даражада жозибали! – Халқаро бадиий журналда ишлайдиган шоир дўстининг “суюнчиси”дан кўнгли чароғон тортди.
Ёзув столида жимирлаб турган компьтер қошига келиб ўтирди. Чала қолган ҳикояси давомини ёзишга киришди. Жумлалар шамолдай шиддатли тус олиб, сўзлар ёмғирдай тўкилиб турган авжи-зарб пайти тушириб қолиш керак. Шунда ўқувчи ҳам бир нафасда ўқийди.
У ҳикоя қаърига сингиб кетди. Асар ўзи ҳам кутмаган, хаёлига келмаган ечим билан якун топди. Адиб баъзида ҳикоянинг ҳам ўз руҳи бўлиши, ёзувчини шу руҳ гоҳида эргаштириб кетишини ич-ичидан ҳис қилади. Бу гал ҳам шундай бўлди – ҳикоя “бошқа йўлдан юрди”. Ниҳояси эса гўзал!
Кайфияти ёруғ ҳолда дераза раҳига суянди.
Осмон тунд. Кўз ёрай деб турибди. Қилт этган япроқ сукунатни титратиб, булутларни тўзғитадигандай... Кеч кузак ҳавосидан ёмғир ҳиди келади. Туйқус шамол пайдо бўлди. Қунишган кузги боғ ёмғир ҳамласи ичра қолди. Хазонлар ер сўққандай бўлди. Бу манзарани кузатган адиб: “Табиатнинг ўзи буюк ижодкор, улуғ мусаввир... Бизлар эса ундан кўчирамиз...”, деган хаёлга борди.
Кечқурун хотини ишдан келди.
– Таътил пайти жуда яхши ижод қилаяпсиз. Ҳавасим келаяпти, – деди у. – Айтмоқчи, сизнинг асарингиз ҳақида яна ўша Қудрат Имкон деганлари зўр мақола эълон қилаяптийкин. Газетади ишлайдиган дугонам қўнғироқ қилди.
– Ҳа-я. Чиқса ўқиймиз-да, --- Негадир хижолат тортди адиб.
– Кеча электрон почтамга Америкадан хат келди, – давом этди аёли. – Адабий танловда иштирок этиш учун бошқа ёзувчини танлашибди. Биз унинг асарлари билан танишиб чиқдик. Ҳар бир мамлакатдан бир нафар шоир ё ёзувчи қатнашиши лозим. Танлов ҳайъати унинг асарларига тўхталди, дейишибди. Мен эса қолдим. Умид қилиб турувдим-а...
Хотинининг ўкинч қоришиқ, ийзосидан кўнглига оғриқ чўкди.
– Ким экан у ёзувчи?
– Билмадим...
Эртасига адиб Америкадан хат олди. Халқаро адабий танловда иштирок этадиган бўлибди. У довдираб қолди; ахир ҳеч қанақа Америка ё ундан нарига асарларини юбормаган эди. Бундай бўлиши мумкинмас.
– Яхши бўпти, табриклайман, – деди хотини.
Адиб хотини қаршисида мулзам тортди. Хижолат чекди. Худди уни алдагандай, топтаб ўтгандай ҳис қилди ўзини.
– Ахир мен ҳеч қандай танлов-панловга асар юбормаганман. Сенинг ҳам ўша танловда қатнашаётганингдан бехабар эдим. Кеча ўзинг айтдинг, билдим.
– Э-э-эй, қўяверинг. Қайтамга яхши-ку. Сизни танлашганидан жуда хурсандман. Худо хоҳласа, ғолиб бўласиз. Мен суриштирдим. Асарингизни ўша Қудрат Имкон деган шахсий мунаққиду мирзонгиз жўнатган экан.
Адибга хотинининг гапи оғир ботди, айниқса, "шахсий мунаққиду мирзонгиз" дейиши киноя ва пичинг тиғига айланди.
У энди Қудрат Имконни ёмон кўриб қолди. Унинг “изидан” тушди; кошки тополса...
Қудрат Имконни астойдил қидирди. У ижтимоий тармоқлардаги бошқа электрон чиқишларида ҳам ўзи ҳақда айтарли маълумот қолдирмаганди. Фейсбук тармоғида бор экан, бироқ ҳеч қандай билдирги йўқ. Расми ўрнида Бир қучоқ оқ атиргул турибди. Ҳа, бир қучоқ оқ атиргул! На кимлиги, на туғилган йили-ю шаҳри, на манзил-макони-ю ёши, на касби-кори ҳақида ёзилмаган. Фақат ўша: Бир қучоқ оқ атиргул суврат ўрнида порлаб турибди. Телеграм каналида ҳам шу. Расми ўрнида ўша --- бир қучоқ оқ атиргул! На телефон рақами бор...
Охири қўлтелефонининг телеграм канали орқали Қудрат Имконга хат ёзди. Ўз ижодига нисбатан эътибор ва эътироф учун ташаккур билдириб, танишмоқчи эканлиги, кимлигини билишга жудаям қизиқаётгани, ундан миннатдорлигини изҳор этди. Қаёқда? Жавоб йўқ! Қудрат Имкон жим. Кунлар ўтаверди, интернет тармоқларида адиб улуғланган қисқа таҳлиллар, унинг ютуқлари ҳақидаги хабарлар Қудрат Имкон томонидан мунтазам эълон қилинаверади. Очиғи, шу нарсалар энди адибнинг ғашига ҳам тега бошлади. Бу дўсту дастёрнинг беминнат хизматлари эриш туюлар, айниқса, фейсбук тармоғида, “Бир қучоқ оқ атиргул” акс этган майдон – Қудрат Имконга тегишли профилга кўзи тушиши ҳамоно қалбини негадир ҳижолат ҳисси эгалларди. Нега шундай, билмайди ўзиям.
Бир куни сербиялик таниш ноширдан хат олди. Адибнинг Россияда чоп этилган яна бир китобини русчадан серб тилига таржима қилаяптийкин. “Мен интернет тармоқларини кузатиб бораяпман. Сизнинг ижодингизни кенг миқёсда тарғиб қилишмоқда. Яқинда “Рус қўнғироғи” нашрида асарларингиз ҳақида яхши мақола эълон қилинибди. Китобга шуни сўзбоши этсак, нима дейсиз? Муаллифдан розилик олиб беринг. Асарларингизни чиндан ҳам Қудрат Имкон мукаммал ўрганган. Яхши ҳис қилади. Унга менинг номимдан салом айтинг. Сиз бахтли адибсиз, шундай тарғибчиларингиз бор.
Хайр, омон бўлинг. Ҳурмат билан, Л.И...”
Адиб “Рус қўнғироғи” газетасида чоп этилган мақоладан бехабар эди. Қудрат Имконнинг бу галги марҳаматидан дилида ёқимли бир ҳижиллик ҳам туйди.
Йил барибир омад ва зафарлар оғушида ўтаётганди. Кимга қандай билмадиму, лекин адиб учун айнан шундай эди; майли-да, Қудрат Имконнинг беминнат адабий хизматлари бесамар кетмаганди.
Халқаро адабий майдонда бўй кўрсатиш учун асаринг яхши бўлиши билан бирга унинг тарғиботи ҳам жуда юксак даражага етиши шарт, деган тамойил замирида айни ҳақиқат мавжудлигини адиб ҳис қилди.
...Сурункали ижодий иш, ёзиб- чизиш, барибир, инсонни толиқтириб қўяди. Кузнниг сўнгги қунларида тоби қочди. Адиб бироз даволаниш ва куч тўплаш учун шифохонага ётди.
Тушлик маҳалидан сўнг хотини яна кўргани келди.
– Эрталаб ҳам келиб кетгандинг-ку. Сени ҳам роса ташвишга қўйдим, – деди меҳри товланиб. – Болаларга ҳам айт, ҳа деб, келишавермасин. Овора бўлманглар. Ҳамма нарса етарли. Мен фақат дам олаяпман.
Хотини жилмайди:
– Биз сизни соғиниб қолаяпмиз. Кечқурун невараларингиз ҳам келишмоқчи.
Адиб каравоти ёнидаги курсига келиб чўккан кўйи қўлидаги елим халтадан мева-чевалар олиб тумба устига тахлаётган меҳрибон ва мунис аёлга завқ билан термулди.
Жонтомирлари шу хилқат қалбига боғлангани, ёзиғига шундай муштипар жуфти ҳалол битилганидан Яратганга шукрона айтди. Айни дам қаршисидаги оила чироғи, суянган тоғи, оқила ва меҳрибон зот ва бунга улкан адибалик рутбалари ҳам уйғунлашган гўзал аёл қошида туйқус хижолат торта бошлади. Негадир ўз елкасида қайтариб бўлмас қарз юкини ҳис қилди. Хаёлига келган гапни тилига кўчирди:
– Насибам, ўзимнинг адибам! Сен жуда ҳам кучлисан, мен шундай ўйлайман...
Аёл жилмайди. Ўрнидан туриб хайр-хўшлашди. Хона эшигига етгач, нимадир ёдига тушди чоғи, тўхтаб, эрига юзланди:
– Адабиёт институтидан қўнғироқ қилишди. Телефонингиз ўчиқ экан. Сизни шифохонадалар дедим. Ҳалиги, ижодингиз ҳақида илмий иш қилаётган тадқиқотчи қиз Қудрат Имконнинг мақолаларидан ҳам фойдаланмоқчи экан. Уни тополмабди. Энди сиз билан учрашмоқчи... Мен телефон рақамингизни бердим.
Адиб кўзларини юмиб бош ирғади. Хаёлга толди.. Унинг Қудрат Имкон билан кўришиш истаги анчадан бери қалбида аланга олаётгани, бу хоҳиш тобора оғриққа айланаётганини хотини ҳам сезиб турарли.Адиб буни ҳис қилади, албатта. Шунинг учун Қудрат Имкон ҳақида гап кетса, аёли олдида кўнгили хижил бўлар, ўзини қўярга жой тополмасди.
Хотини чиқиб кетгач, қўлтелефонини ёқди-да, Қудрат Имконнинг телеграмдаги манзилига кирди ва унга ёза бошлади:
“Мен шифохонадаман. Сиз билан кўришишим шарт”.
... Ё қудратингдан! Жавоб келди. Ҳа, ундан жавоб келди:
“Хабарим бор”, --- деб ёзди у.
Адиб шошиб қолди. Ўрнидан шаҳд билан туриб кетди. Ҳаяжон ва энтикиш зўридан вужудга титроқ кирди.
“Менга қилган барча яхшиликларингиз учун ташаккур”,--- дея шошиб ёзди у.
“Ҳечқиси йўқ!”,--- жавоб берди Қудрат Имкон.
Туйқус адибнинг ғазаби тоша бошлади:
“Бироқ, кўп ҳолларда эркакнинг ишини қилмадингиз”,--- деб ёзди ниҳоят.
"Нега? " --- Жилмайган одамча рамзи пайдо бўлди қўлтелефон экранида.
“Эсингиздами, баъзи пайтларда ўзим билмаган ҳолда хотинимнинг йўлига тўғоноқ бўлиб қолдим. Бу сиз туфайли...
Ҳа, сиз туфайли. Унинг кўнгли чўкди, лекин менга сездирмади...”
“Тушунарли. Майли, эртага сизнинг ёнигизга, шифохонага ўтаман. Гаплашиб оламиз...”--- дея жавоб йўллади Қудра Имкон.
Тунда уйқуси қочди. Мижжа қоқмади ҳисоб.
Бир амаллаб тонгга етди. Ташқарига чиқди. Шифохона ҳовлисини айланган бўлди. Гандираклаб хонага қайтди. Нонуштага ҳам иштаҳаси бўлмади. Тўшагида чўзилди, кўзи илинди. Ҳушими тушими англай олмайди; улкан дарё бўйида турибди. Дарё сатҳи оппоқ атиргулга лиқ тўла. Сув ўрнида оппоқ атиргуллар оқаяпти. Бирпасдан сўнг осмондан ҳам оппоқ атиргуллар ёға бошлади. Нарги қирғоқда нимадир тарақлаган овоз берди. Аёли Насибанинг жилмайиб турганини кўрди. Яна нимадир тарақлади. Уйғониб кетди.
Фаррош хонани йиғиштираётган экан. Ҳозиргина кўрган ғаройиб туши таъсирида деразага юзланди, осмонга тикилди. Бир уюм оппоқ булут сузиб юрибди, худди бир қучоқ оппоқ атиргулга ўхшайди. Шу маҳал адибнинг қўлтелефони чингиллаб овоз берди – хабар келди. У телефон экранига қаради. Кўзи тиниб кетди, ҳаяжонланди. Қудрат Имкон хабар юборганди:
“Мен келдим. Эшигингиз ёнида турибман...”
Адиб ўрнидан шаҳд билан қўзғолиб, хона эшигига ўгирилди. Остонада... Остонада эса эшикка суянган кўйи Бир қучоқ оппоқ атиргул кўтариб аёли Насиба жилмайиб турарди:
– Мана, мен келдим, – дерди у табассум билан. – Мана, мен келдим...