Жан Батист Мольер


   Француз миллий театрининг асосчиси, йирик драматург-комедиограф ва актёр Жан Батист Мольер 1622 йилнинг 15 Январь куни Париждаги савдогар оиласида дунёга келган. Унинг ҳақиқий фамилияси Поклен бўлиб, Мольер унинг адабий тахаллусидир.
  Мольер 1639 йил Клермон коллежини тамомлаб, Орлеан университетининг  ҳуқуқшунослик факультетига ҳужжат топширади. Бироқ уни на суд иши, на савдо иши қизиқтиради. Ёшлигидан театрни яхши кўрган Мольер 1643 йил ўртоқлари билан Парижда “Ялтироқ театр” ташкил қилади.
  1653 йилда Лион шаҳрида Мольер ижодининг илк намунаси бўлган “Телба”  пьесаси саҳна юзини кўради, бу эса труппанинг шуҳратини ошириб юборади.
  1658 йилда Парижда қирол саройида ўзининг “Ошиқ доктор” спектаклини намойиш этади, унда ҳам бош ролни Мольернинг ўзи ижро этади.
  Адиб мамлакатда ҳукм сураётган риёкорлик, диний жаҳолат, фисқу-фасод  ботқоғига ботган зодагонлар ҳаётини кулги остига олувчи “Эзмалар”, “Эрлар учун сабоқ”, “Тартюф”, “Дон Жуан”, “Мизантроп”, “Хасис” каби кўплаб сатирик комедияларини яратган.
  Адиб ҳаётининг сўнгги йиллари қизғин ижод билан кечди.Бу жўшқин ижод даврида ёзувчи ўзининг навбатдаги йирик асари “Зўраки табиб” комедиясини  ёзди.
  1673 йилнинг 17 февралида Мольер ўзининг “Зўраки табиб” комедиясидаги бош қаҳрамон ролини ўзи ижро этади. Спектакль  жараёнида саҳнада ўзини ёмон ҳис эта бошлайди. Томоша тугагандан сўнг уйига қайтиб келиб, жон беради.
  Мольер француз халқ анъаналари ҳамда Рим комедияларининг энг яхши намуналарини танқидий ўзлаштириш асосида француз классик комедиясини яратди. У театрни “жамиятнинг ойнаси” деб атайди. Мольер комедия ҳақида сўзлаб, унга шундай тавсиф беради: “Комедиянинг вазифаси кишиларни кулдириб туриб, улардаги нуқсонларни  тузатишдан иборатдир”.
  Адиб драматургиянинг деярли барча жанрларида ижод қилган. У яратган машҳур “Тартюф”, “Зўраки табиб”, “Хасис” каби комедиялари ўзбек тилига ҳам ўгирилиб, театр саҳналарида  бир неча бор намойиш этилган, ўзбек томошабинлари эътирофига ва олқишига сазовор бўлган.

Жаҳон адабиёти.Т.,Январь-2013.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот