ШАФАҚДАГИ ШУЪЛАЛАР


Қўчқор НОРҚОБИЛ  
                               
ШАФАҚДАГИ ШУЪЛАЛАР  
*** 

  Адиб урушда бўлди. Тирик қайтди. Бу бахт.
  Адиб урушдан қайтди. Ақлдан озмади. Бу мўъжиза. 
  Уруш ҳақида ёзиш оғир эди, ёзмаслик фожеа. Уруш ҳақида ёзиш унинг ақлдан озмаганидан дарак эди.  
  Улуғ адиб Хемингуэйни ўқиб урганганим сайин, уни яшаш учун эмас, балки ақлдан озмаслик учун курашганини ҳис қилдим. 
  Чунки,  унга яшашнинг унчалик аҳамияти қолмаганди. Чунки, у урушдан қайтганди. 
                                     *** 
— Дада, биз бу дунёга нега келганмиз? 
— Ҳамма нарсани яхши кўриш учун. Одамлар, ҳайвонлар, қушлар, қурт-қумурсқалар, тоғу тош, саҳрою сувлик... ҳамма-ҳаммасини... севиш учун дунёга келганмиз. 
— Агар яхши кўрмасак-чи? 
— Уларни яхши кўрмасак, ёмонлик қилсак, бу дунёдан кетар чоғимиз ҳар қайсинисидан узр сўрашга фурсатимиз ҳам, мажолимиз ҳам етмай қолиши мумкин. 
— Бу ёмонми, дада? 
 — Бу жуда ёмон. Бу дунёни рози қилиб кетмасалик жуда ёмон, болам.
                                      *** 
  Нафс ақлга тармашади, бошни ейди. Ёши бир жойга бориб қолган баднафс кимса қўшнисига мақтанди:
— Қўша-қўша уйлар қурдим, ҳар бирининг бесаноқ хоналари бор. Шуларнинг кўпига  ҳали кириб ҳам кўрмаганман. 
  Қўшни ўйга чўмди: 
— Одам кирмаган уйга ҳаёт ҳам кирмайди-да... 
— Бу нима деганинг? Нега хафасан? — маъноли боқди баднафс. (У қўшним ғайирлик қилаяпти, деб ўйлади). 
— Сенинг ўзинг қурган уй хоналарига эмас,  ҳаётга келиб, бу дунёга кирмасдан кетаётганинга хафаман... 
                                  *** 
— Ўлим борлигини эсингдан чиқариб қўйдингми? 
— Нега бундай деяпсан? 
— Йўқса, нега мени бунчалар ёмон кўрасан? Ахир бу дунё икковимиздан ҳам қолиб кетади-ку... 
                                    ***  
  Илҳом оғушидаги истеъдодли адиблар илоҳийлик қудрати билан юксакларда парвоз қилишади. Уларнинг қалби қанотга айланади. 
  Ҳамма адибларда ҳам қалб бор. Лекин ҳамма қалблар қанот бўлолмайди. Ижоднинг синоати ҳам шунда.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот