Олисларда осмон йўқ эди
Таниқли адиб - Қўчқор Норқобилнинг "Олисларда осмон йўқ эди" (2020 йил) китобига ёзган ўз сўзбошиси. СИЗЛАРГА ҳам илиндик.
ЎЗИМНИНГ СЎЗБОШИМ
“Дарё ортидаги йиғи...”.
Мен бу асаримни 23 ёшимда ёздим. Ўғлим Жавоҳир гўдак эди. Бир ёшга кириб-кирмаган. Эсимда қолгани; Ўғлимни сўл қўлимга олиб бағримга босардим-да, кўксимни хонтахтага бериб ёзаверардим. Онаси овқат тайёрларди. Бола йиғламасди. Хотиним иккимиз талаба эдик. Топганимиз боланинг овқатига зўрға етарди. Худога шукур, ўғлим ҳозир 29 ёшда. Катта йигит бўлган, полвон. Оилали. Икки нафар фарзанди бор. Қиз, ўғил.
Мен бу асаримни ижара уйда ёза бошладим, ижара пулини тўлашга ҳолим етмагач, айтгулик дегулиги йўқ сарсонгарчилик бошланган. Алкаш-чулкашларнинг макони бўлган хароба подъезддаги исқирт уйда, деразаларига картон урилган кирхонада, ташқаридан бекаму-кўст кўриниши учун темир эшик ўрнатилган, ичига кирсанг ҳеч вақосиз, полсиз, души бору ваннаси йўқ бир хонали квартирада, ётоқхонада, кўча ўриндикларида ёздим. Ҳа, кўпинча сўл қўлимга олган ўғлим бағримда бўларди, мен ёзардим.
Ёзмасам бўлмасди. Урушдан қайтиб келганимга эндигина уч йил бўлган, лекин мен ҳамон уруш ичида яшардим, йўқ мен урушдан қайтмагандим, баногоҳ кўкда самолётлар учиб қолса, туйқус сесканиб, қаергадир беркиниш хаёли миямга уриларди. Бир кеча ташқарида нимадир тарақлаб кетганда ўзимни кароват тагига отганман. Ўқ овози, бадабанг портлашлар, дод-войу фарёд, ҳавода снарядларнинг чийиллаши қулоқларимга сингиб кетган, бутун руҳиятимда урушнинг қиёмати ўрнашиб қолганди. Мен у ёқда икки йил бўлганмидим ёки икки юз йил тентираганмидим билмасдим, фақат бир нарсани билардим, урушда бўлган одам урушдан қайтиб келмайди, уруш ичида қолиб кетади, агар урушдан қайтиб келганда ҳам у урушни ўзи билан бирга олиб келади.
Ҳаётнинг икир-чикирлари менга сариқ чақачалик таъсир қилмасди. Жаҳаннамнинг оғзидан тирик қайтган одам учун уйқусизлик, очлик, пулсизлик, бир амаллаб ўқишни битириб олиш ташвишлари нима деган гап? Шунга ҳам ғам чекиб ўтирармидим. Бироқ менга “сукунат чинқириғи” оғирлик қилар, тўс-тўполонлар ичида кечган, йўқолган ёшлигимнинг қасоси қийнарди — қулоқларим сукунатга, осойишта ҳаётга ўрганолмасди, кўзларим эса бир нуқтада қотиб қолаверарди, гоҳида мени уруш ўз гирдоби томон торта бошларди. Бу ёмон эди. Шундан эҳтиёт бўлишга, ўзимни тутиб қолишга, “у ёққа кириб кетиб қолмасликка” жон жаҳдим билан ҳаракат қилардим. Ўғлимни бағримга босиб: “Кўрасан, ҳаммаси яхши бўлади, биз яшаб қоламиз, биз зўр бўламиз, биз ҳамма нарсага эришамиз...”, дердим. Бу гапимни хотиним Хосият эшитиб қолган кезлар юм-юм йиғларди, у юзини ўгириб турса-да, елкалари титраб-титраб турганидан йиғлаётганини билардим.
Хуллас шу асарим шундай аҳволда ёзилди. Ҳеч бир безаксиз, бўрттиришу муболағасиз, беҳашам ҳолатда. Кўнглимдан тўкилганини ёзавердим. Бўяб-безаб ўтирмадим, жанр-панрига ҳам эътибор бермадим. Чунки ёзмасам, тўкилмасам бўлмасди, бу менинг насрдаги илк ишим эди, ёлчитиб ҳали ҳикоя-пикоя ёзиб кўрмагандим, шу асарга, “Дарё ортидаги йиғи”га қўл ургандим.
Асар ўша йили “Шарқ юлдузи”да чоп этилди. Сўнг раҳматли устозим “Шарқ юлдузи” журналининг Бош муҳаррири Ўткир ака Ҳошимов асарни “Шарқ” нашриётида ўша пайтда Бош муҳаррир бўлиб ишлаётган Бобур ака Алимов (улуғ адиб ва буюк инсон Шуҳрат домланинг ўғли)га шу қиссани босишни илтимос қилди. Бобур ака китоб қилиб чоп этди. Китоб эллик минг нусхада тарқалиб кетди. Яна шунча тиражда қайта босилди. Уни одамлар қўлда ҳам сота бошлашди. Ипподром бозорида, кўчаларда, барларда, пивохоналарда, поездларда. Худо раҳмат қилгур шоиримиз Азиз Абдураззоқ менга шундай деганди: “Э-е-ей, ўша ёзувчи сенмисан? Ёш бола экансан-ку, сенинг китобингни мен электричкада сотиб кун кўраяпман...” Мақтанаяпти деманг, эсимга тушди айтаяпман. Бир куни ипподром бозорида юрсак бир аёл шу китобни менинг юзимга тутиб: “Шуни олинг” деган. Ёнимда Хосият ўғлим Жавоҳирни кўтариб олганди. Мен аёлга: “Бу китобни манови болакай ёзган...” деб ҳазиллашдим. Аёл хафа бўлди, лекин ундан учта китоб сотиб олган эдим, хурсанд бўлди. Бир кеч шоир дўстим Юсуф Худойқул билан (у ҳозир “Ҳуррият” газетасида ишлаяпти) “бродвей”да пиво ичиб ўтиргандим. Қаршимизга бир киши келиб “манави китобни олинглар, яхши китоб...” деб туриб олди. Юсуфга китоб муаллифи мен эканлигимни гапирма, деган маънода бош ирғадим. “Амаки пулимиз фақат пивога етади” дедик. Ҳалиги одам тутақиб: “Уялмайсанми, бўйнинга галстук тақиб, уйинга ҳеч бўлмаса, боланга бир китоб олиб боришга ярамайдиган одам экансан. Буни ёзган одамнинг сенлар бир кунини яшаганларингда эди, билардиларинг...”, — дея бизлардан нафратланганди. Ана, Юсуф Худойқул, гувоҳ, сўраб кўринг. Юсуф иккимиз ҳангу-манг бўлиб қолаверганмиз. Шунда Юсуф иҳраган:
— Кайфиятни бузиб кетди. Ўлармидинг, шу китобни мен ёзганман десанг.
Хуллас, “Дарё ортидаги йиғи...” менинг биринчи прозам.
Ундан кейин кўп нарсалар ёздим. Қиссалар, драмалар, юзлаб ҳикоялар. Уларнинг ярмидан кўпи ҳали чоп этилмаган. Лекин, кўп асарларимда “афғон азоби” чўкиб ётибди. Ёзганларимдаги персонажларни деярли бари ҳаётий. Тирик одамлар. Улар мен билан бирга жанг қилишган. Сизга айтган эдим-ку, урушда бўлган одам урушда қолиб кетади ё урушни ўзи билан бирга олиб келади деб. Урушдан омон қайтган қадрдонларимнинг айримлари тинч ҳаётда уруш азобини кўтариб юришолмади. Ринат, механигим Ринат, қадрдоним Ринат ўзини осиб қўйди. У Янгийўл туманида яшарди. Мусурмон акам қандай бақувват, бўйдор йигит эди. Полкнинг энг зўрларидан эди. Урушдан қайтгач у ҳам ўлиб кетди. Эшитишимча, Рашид ҳам ўлибди. Адҳам деган дўстим бор эди, у бошқа қисмда жанг қилган, ўша биродарим ҳам афғондан қайтгач, қанд касалига йўлиқиб бу дунёни тарк этди. Яна бирининг эси кирди- чиқди бўлиб қолган, бирининг умуртқаси зирқирайди, бирининг эса... Э-е-ей нимасини айтай. Шундай, улар урушни кўтаролмадилар. Урушни кўтариб яшаш оғриғини уруш кўрганлардан сўраб кўринг. Эҳтимол, сўрамаганингиз ҳам яхшироқдир. Чунки, улар урушдан, жангдан қайтмаган одамлар.
“Биз жангдан қайтмадик” асарим эса ана шундай оғриқли хаёллар изтироби. Ўқиб кўринг, фикрлашимиз. “Ватан нима?”, “Кўксимдаги Кавказим” ҳикояларимда ҳам уруш азоби кезиб юрибди. Нима қилай, юрагимдаги оғриқни ёзаманда, бошқа нимани ёзай, ёлғон ёзолмасам. Шу ёзганларимни китоб қилишга жазм этгани учун “Ўзбекистон нашриёти”, шоир укам Шавкат Одилжон ҳамда китобга муҳаррирлик қилган Маҳмуд Бўронов, жамоага миннатдорлик билдираман.
Қўчқор НОРҚОБИЛ.
2020 йил.