Таниқли журналист-адвокатдан янги маънавий туҳфа
Шу кунларда «Олтин мерос пресс» нашриётида Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмаларининг аъзоси, «Ёниқ юлдузлар», «Биродарлик ҳашари», «Ҳақиқат», «Ҳаёт билан учрашув», «Тақдир тақозоси» номли публицистик ва бадиий китоблар ҳамда «Журналист» (роман-эссе) муаллифи, таниқли ҳуқуқшунос-журналист, ярим аср журналистика соҳасида катта ҳақиқатларни айтишдан толмаган, инсон ҳуқуқлари ҳимоясига бутун умрини сарфлаган Ҳабибулла Олимжоновнинг «Адвокат» роман-эссеси чоп этилди. Уни ўқиш асносида шууримни ғалати, айқаш-уйқаш туйғулар, ўй-хаёллар қамраб олди. Асар «роман» деб аталгани билан бир қарашда бу жанрга хос, биз ўрганган бадииятдан холи, «ҳужжатли» деб аташ лозим бўлса, бошқа томондан, бу мақомдан анча юқорироқ, аллақандай янги хусусиятлари, гўзал бадиий тўқималар рўй-рост бўй кўрсатади.
Аниқ англаб турганим шуки, мутоалаа жараёнида оддий китобхоннинг ҳуқуқий билимлари ортади, турли юридик тушунчалар (Музокара нутқи, Ҳимоя нутқи, Айблов хулосаси, Оқлов ҳукми, Шикоят-ариза, Хусусий ажрим, Ҳал қилув қарори) борасидаги қарашлари кенгайди. Бу ўзига хос билим ҳуқуққа оид дарслик ё мақолалардан эмас, яқин тарихимизнинг турли даврларида айнан суд залларидан олинган ҳақиқатлар эканлиги эътиборга молик. Ҳа, суд мажлисларидаги ҳаёт манзараларини, қашқирлар тўдалари доим тез бирикишини, ҳақиқат учун курашган юраклар учун бундай қисмат қанчалар оғирлигини тушуниш қийин эмас.
Судланувчи, судья, прокурор ва адвокатнинг савол-жавоблари, гувоҳларнинг кўргазмалари, музокара нутқлари – булар бари бадиий либосда, ижтимоий юкдор ва самимий шаклда ифода этилгани сизни асарни зерикмай, қизиқиш билан ўқишга ундайди. Беихтиёр айнан муаллиф билан бирга адолат, ҳақиқат тантанасини, қонун устувор чиқишини кутаётган, курашаётган қаҳрамон-адвокат ҳолатига тушасиз, унинг ички кечинмалари дунёсига сизиб кирасиз.
Жиддий, лекин беғубор адвокат Одил Ҳаққулов толмас ҳимоячи сифатида иштирок этган жиноят ва фуқаролик ишларининг асосий қисми асримизнинг дастлабки 15 йилини қамрайди. Ва бу ишларда кетма-кет адолатсизлик ва ноқонунийлик тантана қилаверганидан дилингиз хуфтон бўлади. Конституцияда мустақил деб ёзилган судьялар ўша даврларда прокурор номини эшитса, тиззаси қалтираган, адвокатнинг ўрни деярли сезилмаганини инкор қилиб бўлмас ҳақиқат эканини тушунасиз.
Муаллиф даврнинг энг оғриқли нуқталарига тўхталиб, қайси бир жиноят ишининг таги бўш, пойдевори лиқилдоқ бўлса, уни «мустаҳкамлаб» қўйиш учун ҳукм кучга киргандан кейин мақола чиқариб қўйилади, дея киноя қилар экан, ўзи адвокат сифатида ишини кўрган суд жараёнидан кейин виждони шундай оғринади: «Мустақиллик йигирма ёшга яқинлашаётган бир вақтда «фалончига икки йил олдин ўқишга киритиш учун минг доллар бергандим» ўқишга киритмади, пулимни ҳам қайтариб бермаяпти» деган кўргазма билан ҳам қаматавериш «мода»га кириб қолди. Бу эса ниҳоятда қўрқинчли ва жамият учун хавфли ҳодиса эди».
Асарнинг якуний қисмида адвокат Янги Ўзбекистон даврида «ютиб» чиққан жиноят, фуқаролик ишлари айнан ҳаётнинг ўзида рўй бераётган эркинликлар шабадаси деб баҳолайди ва асрга чўзилган ҳақсизлик занжирлари оддий инсонлар манфаатларида ифодасини топаётганидан болаларча қувонади.
Мустақилликнинг дастлаблик 25 йилида судлар томонидан атиги 5 та оқлов ҳукми чиққан бўлса, ўтган 5 йилда 3 мингдан ортиқ оқлов ҳукмлари чиққанини катта хурсандчилик билан эътироф этади.
Биргина мисол, адвокат Одил Ҳаққулов илгари ноқонуний ҳукм ўқилган ва ўн икки йилга озодликдан маҳрум этилган прокуратура терговчисига ўқилган ҳукмни Бош прокуратурага мурожаатлар ва Олий судга назорат тартибида шикоят-аризалар орқали ниҳоят бекор қилинишига ва янгитдан Апелляция босқичида кўрилиб, Оқлов ҳукми чиқарилишига эриша олгани ана шу эркинлик бошланганининг ёрқин дадили бўлганини таъкидлайди.
Асарнинг самимийлиги, назаримда, муаллифнинг мавзуни чуқур, ич-ичидан билишига, нозик ҳис қилишига бориб тақалади: журналист Ҳабибулла Олимжонов салкам ўттиз йил даврда «Журналист суриштируви» рукни остида кўп ва хўб мақолалар ёзиб, бу йўналишда ихтисослашган мукаммал журналистга, таъбир жоиз бўлса, ўз мактабига эга бўлган устозга ҳам айланди.
Ҳ. Олимжоновни ўз даврида бир мақола билан нафақат бир шахс ёки оила, балки бутун жамият тақдирига таъсир эта олган залворли қаламкаш – журналист-адвокат дейиш мумкин. Айрим мақолаларида тилга олинган жиноят ишлари судларда қайта кўрилиб, ноқонуний судланган шахс қамоқдан озод қилинган, мусодара қилинган мол-мулклар эгасига қайтарилган ҳолатлар ҳам кўп учрайди.
Адвокат адолат ва ҳақиқат йўлида ҳеч қачон қўрқоқлик қилмайди, ҳақиқатни топташ, бегуноҳга туҳмат қилиш ва бу йўлда буюртма иш бажарганларга шер каби нара тортиб ташланади.
Масалан, айрим ўта жумбоқли, қонуннинг ўзи ғайриқонуний бўлиб турган жойларда, дейлик ҳатто ўзига чет эл валютаси керак бўлган чоғда, бирор банкдан иши битмай, бутун жамият олдига ўткир савол қўяди: «Валютафурушлик! Даврнинг алоҳида бир достонга, балки том-том китобларга масаллиқ бергулик «долзарб мавзу», керак бўлса – давр жароҳати! Одил боши қотди, алам қилди: қанча-қанча одамларга қонун устуворлигини рўёбга чиқариш йўлида ёрдам берган одам, наҳотки ўзига келганда шу масалада ёрдам бера олмаса? Ҳа, сабаби – бу ноқонуний йўл, қонунга, яъни бугун мамлакатда ҳукм сураётган, амалда бўлган тартиб-қоидага қарши юриш керак. Аслида эса бу тартиб-қоидаларнинг ўзи ноқонуний, адолатсиз. Лекин, бор ҳақиқат шу-да, нима қилсин!»
Албатта бундай халқни ҳам, давлатни ҳам ортга тортган иқтисодий қийинчиликлар Президент Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келган илк кунларданоқ бартараф этилди, суд ҳокимияти тўлиқ мустақил бўлди, адвокатлар эркинлиги таъминланмоқда, журналистлар ҳам умрида бир маротаба мақола ёзмаган, лекин бутун тизимни назоратда ушлашга зўр бериб уринган цензуранинг дарғазаб қош-қовоғидан қутилган.
Муаллиф ўзининг аввалроқ чоп этилган «Журналист» роман-эссесида Ўзбекистоннинг сўнгги ярим асрлик тарихини журналист нигоҳи орқали бадиий бўёқларда акс эттирган ва ижодий ҳамжамиятда катта акс-садо берган эди. «Адвокат» асарида эса суд ҳокимиятининг фаолияти, суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг кечаги ва бугунги қиёфалари, бугунги ёруғлик манзараларини нозик маҳорат ва публицистик шиддат билан чизиб берган. Ислоҳотларнинг бугунги манзаралари ортиқча жимжима ва баландпарвоз сўзларсиз, аниқ жиноят ва фуқаролик ишлари тасвирида, судланувчиларнинг тақдирлари орқали чизиб берилган.
Шунингдек, китобдан ўрин олган муаллифнинг 1991-2024 йиллар оралиғида чоп этилган ўнта энг сара мақолалари жамланган. Улардаги талқинлар, пухта таҳрир ва сўзнинг моҳирлик билан қўллаш, муаммоларни давлат даражасида қўя олиш санъати «Тошкент ҳақиқати», «Халқ сўзи» газеталари таҳририятлари, Давлат Божхона қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонида масъул лавозимларда, «Ватан» газетаси Бош муҳаррири бўлиб ишлаган муаллифнинг жуда катта ҳаётий ва сўз борасида тажрибага эгалиги яққол кўринади.
«Пахта иши», «Ўзбеклар иши» номи остидаги биров пайқаб, биров пайқамаган қатағонлар, яна ўша суд-ҳуқуқ соҳаси оғриқлари-ю сўнгги даврдаги ёруғликлар, аниқ шахслар фаолиятига бағишланган – сермулоҳаза мақолалар китобхонни бефарқ қолдирмайди, деб ишонаман. Муҳими, бу – яқин тарихимиз. Бадиий-публицистик бўёқларда ўқишли қилиб акс эттирилган Ўзбекистон тарихи, Ўзбеклар тарихи!
Лазизжон РАҲМАТОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори