БИР КУНИ...
Тошкентга янги кўчиб келиб, ишга жойлашиш илинжида юрган пайтлар эди. Арзимаган маош билан рўзғор юкини аранг тортаётган умр йўлдошимга раҳмим келар, нима қилсам ёрдам бўларкин, деган ўй билан яшардим. Айниқса, ижара деган бало ой бошида эшик қоқиб безрайиб туриши жонимга теккан эди. Бир куни рўзғор камини қилгани бозорга чиқдик. Бир қизимни етаклаб, бирисини кўтариб олганман. Пиёз харид қилаётган жойда пештахта устидаги олмаларни кўрган қизим: “Олма ейман”, деб хархаша қила бошлади. Қўлимдаги пул нон ва пиёз учун... Олма сотаётган аёл эса: “Кел қизим, жуда ширин олма, қирмизи олма, ўзингга ўхшаб ширингинааа олмалардан олиб кетинглар”, деб уни чорлашни қўймасди. Бир ўша ерга ўтириб олиб йиғлаётган қизимга, бир растадаги олмаларга қараб нима қилишни билмасдим. Нон ўрнига олма олишга мажбур бўлдим. Уйга қайтаяпман-у, куни билан болалар нима ейди, кошки уйда ун бўлса, дарров хамир қориб газ печида ёпсайдим, деган хаёл юрагимни пармаларди. Аксига олиб дадаси зарур иш билан Андижонга кетган. Бир амаллаб тонг оттирдик. Орадан бир-икки кун ўтгач, яна бир камни тўлдиргани дўконга чиқдик. Қизим менга мўлтираб қараб турарди. Уни бағримга босиб аста тушунтира бошладим:
– Қизим, агар мени тушунсанг бир гап айтаман. Сизларни ёлғиз уйда қолдириб кўчага чиқишга кўнглим бўлмайди. Етаклаб чиқсам, ўтган кунгидек мени қийнаб қўясанми, деб ўйланиб қолдим. Ўша куни нон олиш ўрнига олма олдик, кейин сизларга нон топиб беришим қийин бўлди. Ҳозир эса картошка олишга чиқяпмиз, яна олма, деб йиғласанг пулни қаердан оламан, – дедим. Кўзларимга қараб жавдираб турган беш ёшли қизалоғим: “Аяжон, мен катта бўлсам сизларга кўпкина пул бераман, тўлла олма, шоколадлар обкеламан. Ҳозир йиғламийман, сўз бераман”, деди. Расталар олдидан ўтаётган қизим қўлчалари билан кўзларини беркитиб олганди. Ўша куни ваъда берганидек у йиғламади. Кўрмади, яхши кўрган меваларига қарамади ҳам. Аммо мен... мен негадир туни билан йиғлаб чиқдим...
Мунаввара УСМОНОВА - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, "Саодат" журналин Бош муҳаррири, шоира.