ШАФАҚДАГИ ШУЪЛАЛАР


Қўчқор  НОРҚОБИЛ 
ШАФАҚДАГИ ШУЪЛАЛАР
              ***
   Дунё ---менинг уйим. Китоблар унинг чироқларидир.  
                *** 
   Мутолаа чоғида китоблар ҳам мени ўқиётганлигини сезиб қоламан. 
                 *** 
   Қуёш нури етмаган жойни китоблар чароғон этади. 
                 *** 
   Китоблар ерда яралади. Лекин одамларни нурга олиб чиқади. 
                  *** 
   Адиблар дунёни асрамоқ ҳақида қайғуришади. Китоблар эса уни кимдан асрамоқ кераклигини ўргатади. 
                   ***
   Китоблар ҳаётда шунчаки яшашни эмас,  балки инсонга ўз ҳаётини инсондай яшаб ўтишни ўргатади. 
                   *** 
   Инсон ернинг юмолоқлигини унутмаслиги, қибласини йўқотиб қўймаслиги учун ҳам китоб ўқиб туриши керак. 
                     *** 
   Барча алифболар,  ёзувлар инсоният хотирасидан батамом ўчиб кетган тақдирда ҳам китоблар яшаб қолишига ишонган миллатни енгиб бўлмайди.  
                    *** 
   Чинакам ёзувчини ёзмасдан, ўқимасдан яшаш мумкинлигига ишонтира олмайсиз. Адабиёт саҳнасига чиқолмаган ёки ундаги тирик мурдаларни бу сафга қўшмайсиз, деб умид қиламан.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот