ШАФАҚДАГИ ШУЪЛАЛАР
Қўчқор НОРҚОБИЛ
ШАФАҚДАГИ ШУЪЛАЛАР
ВИЖДОН ВА ОДАМИЙЛИК
Виждон йўқолса — одамийлик йўқолади. Одамнинг ташқарисигина қолади, ичкариси тугайди, тамом бўлади. Ичкариси йўқ одамнинг ҳайвондан фарқи шундаки, у ҳатто ҳайвондан ҳам ёмонроқ бўлиши мумкин. Виждонсиз дегани, одам эмассан, дегани. Биргина виждонсиз деган сўз дунёдаги жами қарғишу маломатларни босиб кетади.
Ёмони, бизнинг давримизда ҳам бу сўзнинг моҳияти ўзгармаган, лекин уни бир кунда ўн марталаб эшитсак-да, парвойимизга келмаяпти.
Айтинг, чиндан ҳам виждонсиз бўлсак, одамийликка даъво қилишга ҳаққимиз борми?.
БОЛАНИ ҚУТҚАРМОҚ ЙЎЛИ
Ҳаёт уммонида ўзи сузаётган кемани тешаётган каламушларни боқаяпман демасак, ҳозирги авлодга китоб ўқишни ўргатишимиз керак. Ҳа, китоб ўқитиш мажбурийдир. Ўқилиши лозим ҳар бир ёруғ ва маъноли манбаларни ўқитишга мажбурлаш бизнинг бурчимизга айланиши лозим.
Китобга берилиб кетиш учун энг аввало, болангиз ўз нашрларини ўқиши, уларнинг қўлида болалар нашрлари бўлиши керак. Шундагина Сиз болангизнинг қўлидаги қўлтелефонларни тортиб олишингиз мумкин. Тўғри, энди Сизнинг имконингиз йўқ. Фурсат бой берилди. Лекин мен ишонаман, болангизнинг қўлидаги қўлвабони фақат болалар нашрлари ва бадиий китоблар гумдон қилиши мумкин...
Бунинг ўрнига айримларимиз эса, ҳа, шу соҳага масъул, бола келажагига жавобгар, тарбияси зиммасида бўлган “тўрамансаблар” обуна мажбуриймас, ҳеч кимни ўқишга мажбурламаймиз, деган даъвони дастак қилишмоқда.
Ҳой, Сиз нима деяпсиз? Нима қилаяпсиз? Бу алмойи гапларингиз билан болани ўқишдан маҳрум қилаяпсиз-ку. Бола нашри, боланинг қўлидаги газета уни китоб мутолааси чўққисига олиб борадиган нурли сўқмоқ-ку. Сиз бу довдирашингиз билан болани китобга, инсонийлик чўққисига олиб бораётган сўқмоққа ўт қўйаяпсиз. Давлат раҳбари хавотир билан таъкидладилар: “Китобсиз келажак йўқ!”. Сизга ўхшаганлар эса...
Мақсадингиз нима ўзи?
Сузаётган кемани тешманг...
ҲА, ШУНДАЙ...
Келажак қўлида қўлтелефони бор ёшлар қўлида.
Наҳотки... Наҳотки, келажак ҳам, ёшлар ҳам қўлтелефоннинг қўлида бўлса?
КИТОЬСИЗЛИК КАСАЛИ
Биз яшаётган муҳит “китобсизлик касали”га чалиниб бўлди.
Бунинг хавфи вабодан кам эмас. Вабони қайтариш учун мажбурий эмланади, беморни мажбурлаб бўлса-да даволайдилар. Чунки, ўлат бошқаларга юқмаслиги керак.
“Китобсизлик касали” оммалашиб бораётганини кўриб, билиб турсак ҳам мум тишлаяпмиз, нега ҳайқирмаймиз? Танадаги хасталикни дори-дармон билан бир амаллаб енгиш мумкин. Оллоҳнинг мадати билан тиббиёт беморнинг жонига ора киради. Бироқ, ўқимаслик касалига учраб, руҳий мажруҳликка йўлиққан авлодни қандай тузатмоқ мумкин? Ваҳима қилмаяпман, кўриб турганимни айтаяпман. Ишонасизми, Олий ўқув масканига ҳужжат топширган ўсмир ўн бир йил давомида битта ҳам бадиий китоб ўқимаганини тан олди. Ишонмайсиз-а, ишонадиган гапмас бу, бироқ ўша ўсмир мен ва бир неча ҳамкасбим қаршисида ижодий имтиҳон пайтида тан олди. “Битта ҳам китоб ўқимаганман, энди ўқийман, ўқишга кирсам...” деди. Оёғим остидаги ер қаттиқ, бошимдаги осмон узоқ эди. Нима дейишимни билмай қолдим, бошим ғувиллаб, қон босимим ошди. Яна бир укамиз ўзбекнинг улуғ китобларидан бири “Ўткан кунлар”ни Тоҳир Малик ёзган деди. Ишонмайсиз, мен бу гапни ўз қулоқларим билан эшитдим. Қулоқларим тош битмади, ҳайрият. Бири улуғ шоиримизни таниқли актёр билан адаштирди, адаштирди эмас, “Ўзбегим” деган шоҳ қасидани актёримиз Эркин Комилов ёзган деди.
— Эркин Воҳидовни эшитганмисиз?
— Йўқ, эшитмаган эканман...
Ишонмайсиз-а? Лекин биз бу шармандаликнинг гувоҳи, айни ўзимиз ҳам шарманда эдик.
Имтиҳонда иштирок этаётган адиблардан бири қайсидир бир укамизга қараб тоқати тоқ бўлди ва:
— Укажон, майли бизга бештагина ўзбек ёзувчисини санаб бер, — деди иҳраб.
Ишонмайсиз. Лекин... Ҳалиги ёш авлодимиз вакили ҳеч бўлмаса беш нафар ўзбек адибининг номини айтолмади.
Шунда менинг ҳаёлимга “китобсизлик касали” деган тушунча чўкди.
Бу касаллик бугунги авлод орасида тарқала бошлаганини Сиз ҳам сезаяпсизми?
КЕЧИКДИКМИ?
Биз бир нарсани кеч англадик. Қўлтелефонлар болаларимизни қўлини эмас, онгини ҳам эгаллб олди.
АВВАЛ ЎЗИНГ ЎҚИ
Мансабдор бўлиш яхши. Ўзинг ўқиган мактабга китоб олиб бориш ҳам яхши. Ўзинг ўқиган мактабларга ўзинг мутолаа қилган китобларни совға қилиш эса янаям яхши.
ЯШАШНИ ЎРГАНАСИЗ
Китоб ўқинг. Кўп ўқинг. Сиз шунда уларнинг, яъни, китобларнинг дунёсида эмас, ўз дунёнгизда яшашни ўрганасиз.