Баҳодир Йўлдошевнинг ўгитлари
Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбекистон санъат арбоби, таниқли режиссёр ва актёр, “Фидокорона хизматлари учун”, “Эл-юрт ҳурмати”, “Меҳнат шуҳрати”, “Буюк хизматлари учун” орденлари соҳиби – Баҳодир Йўлдошевнинг ўгитларидан.
***
Биз буюклар билан гаплашишни билмаймиз…
"Ҳар биримизнинг ота-онамиз, яқинларимиз бўлади. Биз уларнинг ҳузурига борамиз, йўқлаймиз, дардлашамиз, кулишамиз, йиғлаймиз. Хуллас, ҳаётимизда уларнинг ўз ўрни, қадри бор. Аммо қадрдонларимизни майдонда турган бир ҳайкал сифатида қабул қилмаймиз-ку! Уларни жонсиз ҳайкал сифатида кўра бошладикми, ҳар қанча ардоқламайлик, узоқлашиб кетаверамиз.
Худди шундай Навоийга ҳам, Шекспирга ҳам Одам сифатида, яқинимиз деб қарашимиз керак. Улар билан тиллашиш лозим. Маслаҳат сўраш, суяниш керак уларга, ҳатто ўрни келганда уришиб-талашиб, эътирозларимизни ҳам билдирсак бўлади. Ўшандагина улар сизга кўнглини очади. Бўлмаса ғўдайиб тураверади, тош ҳайкалга ўхшаб, сиз эса маҳлиё бўлаверасиз, асарларини минг ўқинг, ҳеч нима ололмайсиз. Биз буюклар билан гаплашишни билмаймиз…"
***
"Буғдой унини кафтида сиқиб, сифатини аниқлай олмаган одамдан новвой чиқмаганидек, театр, артистлар ҳаётини билмаган қаламкаш ҳақиқий драматург бўлолмайди. Драма – диалог ёзиш дегани эмас..".
***
"Санъаткорнинг ўзидан ғурурланиши унинг истеъдодини ўлдиради".
"Маҳорат дарси"дан.
***
"Ҳаёт тарзи ўзгариши мумкин. Аммо одам ўзгармайди. Томошабин ўзгармайди. Унинг диди пасайиши ёки таъби нозиклашиши мумкин. Бир замон келиб, диди баланд томошабинлар кўпаяди ё аксинча… Лекин моҳиятан одам ўзгармайди!"
***
«Сен фарзандингни тарбия қилма. У барибир сенга ўхшаган бўлади. Сен ўзингни тарбия қил!»
***
"Қилган ишларинг уларни енгади..."
Иғволарга қарши курашиш санъаткорнинг вазифаси эмас. Агар фитнага қарши курашса, улар Оллоҳнинг одами бўлолмайдилар. Бунинг учун бутун умрингиз, кучингиз кетади. Қанчадан-қанча асарлар ўлади, қилиниши керак бўлган ишлар қолиб кетади. Қисмат ҳам юз ўгиради. Агар ёвузликни енгаман, деб фитнакорларга қарши курашиб, уларни енголсангиз, демак, сиз фитнакорлардан-да баттар фитнакорсиз, улардан-да тубан ва бадбахтсиз.
Мен ўзимнинг бутун онгли умримдан келиб чиқиб айтаманки, ҳеч қачон уларни енгиб бўлмайди. Минг бир ниқобларини очиб ташлайман деб, ўзинг қиёфангни йўқотиб қўйишинг ҳеч гап эмас. Тақдир уларга шу йўлни, шу ниқобни раво кўрган. Майда қаричлари билан катта-катта қадамларни ўлчаб, имкон борида пайтни бой бермасдан, оёқдан чалишга ҳаракат қилишади. Бу уларнинг ёзуғи. Тарихга назар ташласангиз, катта талантлар улар олдида ҳамиша бой бериб келишган. Чунки ё фитна билан шуғулланиш керак, ёки ижод билан. Яхши асарлар Оллоҳдан. Бараварига шуғулланиб бўлмайди…
Бизнинг соҳада актёрлар келиб битта ролини ўйнайди. Режиссёр-чи? Ҳамма ролларни ўйнашимиз, қолаверса, рассомлар учун ҳам, либослар учун ҳам жавоб беришимиз керак. Оллоҳнинг ўзи аяйди ва тўғри йўлни кўрсатиб боради. Шунақа зўр-зўр бақувват фитначилар борки, уларга қарши курашишни хаёлга келтиришнинг ўзи даҳшат. Курашишнинг кераги ҳам йўқ. Ноҳақ йўллар билан муваффақият қозонар, орзусигаям эришади, лекин маънан ҳалок бўлади. Бу — абадий муаммо… Гарчи курашмасанг-да, барибир қилган ишларинг уларни енгади!.."
***
"Бир одамнинг китобини кўриб қолдим. Китоб ичида онаси, болалари, аёли, дўстларининг расми бор. Суратларга қараб туриб, бу бечораларнинг айби нима экан, деб ўйлаб қолдим... Бир уюм қоғоз ичига кириб олиб, “мўлтираб туриш”га нима мажбур қилди?
Оллоҳнинг ўзи кечирсин-у, нондан кўра китобни улуғ деб биламан. Китобга ниҳоятда эҳтиёткорлик билан қарайман. Ҳатто тез-тез бир фикр бошимда айланади, шунақанги яхши китобки, уни ёмон одам қўлига олса, ҳарфлари йўқ бўлиб қолади. Ботилга ўзини ўқитмайди. Асарнинг ўзи у кимсанинг кўксидан итаради...
Ҳайрон қоламан, қандай қилиб одам ўзи ҳақида ёзади? “Мен фалон ишни қилганимда... Фалончиев баракалла деб елкамга қоқиб қўйган эдилар. Оббо, мен-ей, қойил ўзимга...” Ўзига эриш туюлмасмикан? Таржимаи ҳолни умримда бир марта ёзганман, тўрт қатордан ошмаган. Яна сиз, “Китоб ёзмайсизми” деб сўраяпсиз? “Ҳей, ўпкангни босиб ол, сен кимсан ўзинг? Одамлар сенинг “шонли йўлинг”ни ўқишга шу қадар муҳтожми?” деган ички овоз бу “орзу”ни ҳеч яқинига йўлатмайди".