ЎЗИНГ-КУ, МАЙЛИ, ҲЕЧ БЎЛМАСА БОЛАНГНИ ҚУТҚАР!
“ Кўнгилдаги оғриқлар” туркумидан
Қўчқор НОРҚОБИЛ
ЎЗИНГ-КУ, МАЙЛИ, ҲЕЧ БЎЛМАСА
БОЛАНГНИ ҚУТҚАР!
Юзнинг қаттиқлиги юракни ўлдиради.
Ҳозирги одамларнинг бети қотиб бормоқда.
Ҳозирги авлоднинг бети қатрон.
Интернет бетни қотириб ташлади; сўкиш, ҳақоратларга ўрганиб қолдик.
Юракдаги эзгу ҳиссиётларга қирғин келди.
Болаларнинг босма нашрларидан тортиб то катта газетларимизгача интернет оёғи остида топталди, аниқроғи, унинг оёғи остига нур ва маърифат улашгувчи, ҳаё-ибо, меҳр-муҳаббат, миллат ва ватанпарварлик улашгувчи нашрларни айрим каттаконларнинг ўзлари ташлашди; “мажбурий обуна” йўқ, деб ичидаги манфур мойилликни амалга оширмоқчи бўлишди. Маълум маънода бунга эришдилар ҳам...
Ҳамма замонларда мажбурий обуна бўлган, бўлиши ҳам керак, ахир ўқиш мажбурийлик касб этмаса, ҳеч ким ўқимайди!
Газетни ўлдириш китобни ўлдириш дегани.
Газет билан китобни ўлдирганлар ўз боласининг келажагини ўлдираётганини билишадими?!
Қаёқда? Уларнинг ўйида ҳам, уйида ҳам газет ва китобга қарши аллергия бор-ку, ёшлигидан улар китобни севмаган. Китобдан қўрқишади.
Бу кетишда, бориб-бориб, ўз исмини ҳам тўғри ёзолмайдиган кўрқалб оломонга айланиб қолишимиз мумкин.
Аслида газет билан китобни тиклаш, нашриётларни тирилтириш учун кўп нарса кетмайди. Кўп маблағ сарф қилинмайди. Биз сарфлаётган, “туя қилаётган” маблағлар олдида, газет ва китобнинг “қадрини кўтариш” учун кетадиган пул ҳеч нарса эмас...
Интернетда оддийгина “хўп бўлади”ни “хоп болади”, “бўлмайди”ни “бумиди” деб ёзишаяпти, айниқса ҳозирги авлод...
Қўлтелефон ё интернет шармандасавия авлоднинг базми-жамшид ва телбалик қиладиган жиннихонасига айланган бизнинг замонда болангизни китоб билан газет қутқариб қолишини тушуниб етмадингизми?!
Э-е-е, шунчалар ҳам тубан кетиб қолдикми?
Қўлтелефонда пайдо бўлган айрим гуруҳ деймизми, жамоажам деймизми, шунга ўхшаган тўдаларнинг ёзишмаларини кўриб, даҳшатга тушасиз.
Улар она-тил, она-сўзимизни оёқ ости қилишмоқда. Телефонхатлар, ёзишмаларда адабий тил меъёрларига мутлоқ зид ҳолда, қоришма, ғиж-ғиж хато сўзлардан иборат гаплар пайдо бўлаяпти. Шевани-ку, қўяверайлик.
Ахир, ўзбек тилида бунақа сўз йўқ-ку, деб дод солсанг-да, бефойда, бошингни қайси деворга урсанг уравер, ўзинг биласан.
Нуфузли ишхоналарнинг димоғи баланд ходимлар ҳам шармандали равишда хато ёзишади. (Уларнинг бир-бирига ёзган хатларини ўқиб кўринг...) Агар шуларга иншо у ёқда турсин, диктант ёздирсангиз ҳам, тенг ярмидан кўпи ҳатто икки баҳо ҳам ололмасди.
Билмайман, булар қаёқдан пайдо бўлди? Газет билан китобдан олислашган гумроҳларнинг аҳволи шу.
Она тилида хато ёзган одамнинг маънавий дунёси бўш, илдизи чириган бўлади.
Нима дедингиз, одамнинг илдизи бўлмайди, дейсизми?
Бекорни айтибсиз. Бўлади. Илдизи бўлади...
Аслида-ку, телефонни ҳам, интернетни ҳам айблаб бўлмайди. Улар бизга қаратилган кўзгу, холос. Биз ўз ички ва ташқи қиёфамизни кўриб қолдик... Кўрдикми, чиндан ҳам кўрдикмикин?