ҚИЗИҚАРЛИ ПСИХОЛОГИЯ


 Суҳбатдошимиз – Ўзбекистон Халқаро Ислом академиясининг чет тиллари кафедраси мудираси, инглиз тили катта ўқитувчиси - Барно ШАМСЕМАТОВА. 
   Педагогнинг инглиз тилида психологияга оид "Interesting psychology" номли китоби нашрдан чиқди. Суҳбатимиз мавзуси Ўзбекистон Халқаро Ислом академиясидаги таълим ва мазкур китобнинг чиқарилиши сабаблари ҳамда психология ҳақида бўлиб ўтди.

- Яқинда китобингиз чиққани билан табриклаймиз. Бу чиққан китобингиз шу бугунгача чиқарган китобларингиз орасида нечанчиси?
- Бу иккинчи китобим. Биринчиси ҳаммуаллифликда чиққан. Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети ҳамда  Олий ва Ўрта маҳсус таълим вазирлиги лойиҳаси доирасида чиқарилган. Республикадаги малакали ўқитувчилар чақирилиб, танлов асосида танлаб олинган. Шулар орасида турли университет ўқитувчилари ҳам бор эди. 
- Мазкур китоб дарслик сифатида ҳам қўлланилаяптими?
- Ҳозирги кунда барча нофилологик олий ўқув юртларда бакалавр босқичидагиларга намунали дастурга киритилган. Бу B-1 даражадаги билимни B-2 га чиқаришга мўлжалланган.
- B-1, B-2 атамаларига изоҳ бериб ўтсангиз?
- Бу умумевропа тил коэффициентлари бўйича тил ўрганувчининг тил билиш даражасини белгилаб беради. Ўзбекистонда ҳам ҳозирги кунда чет тилларини ўргатиш давлат сиёсатига кўтарилган. Президент томонидан чет тилларини ўқитиш ва ўрганиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган бир қанча қонунлар ҳам қабул қилинган. Шунга кўра биз европа стандартига мослаб туриб, миллий тил билиш даражасини аниқлаш тизимини яратганмиз. Олий ўқув юртларининг бакалавр босқичи талабаларининг ўқув курсини охирида қўйиладиган талаб, бу - В-2. Бизни нашрдан чиққан китобимиз ҳам шу талабга жавоб беради.
- Нашрдан чиққан психологияга оид китобингиз асосан кимлар учун мўлжалланган? 
- Бу ўқув қўлланма сифатида  психология йўналишида таҳсил олувчи талабалар учун мўлжалланган. 
- Дарслик сифатида ҳам олий таълим муассалалари учун киритилдими? Психологияни ўрганмоқчи бўлганлар ҳам ўқув қўлланма тарзида бемалол фойдаланса бўладими?
- Ҳозирча, йўқ. Бу бошланғич таълимга мўлжалланмаган. Олий таълим муассасалари учун мўлжалланган. Ҳозирги кунда буни қайта такомиллаштириш ниятидамиз. Психологияга қизиққанлар бемалол фойдаланса бўлади, чунки унда психологияга тааллуқли энг қизиқ ва сара мақолалар жамланган.
- Қўлланмангиз психологиянинг қайси йўналиш ва қирраларини очиб берган? 
- Китобнинг номи "Қизиқарли психология" деб номлангани боис, номидан ҳам кўриниб турибдики, психологияга оид барча мавзуларни ўз ичига қамраб олган. Мен бу китобда таниқли психологларнинг энг зўр тажрибаларини териб, танлаб олганман. Бундан ташқари, машҳур инсонларнинг фобиялари ҳақида, инсонда учрайдиган психологик синдромларни ҳақида ҳам ёзганман. Мақсадим - талабалар ўзининг мутахассислигига оид сўзларни инглиз тилида ўрганиши. Талабалар юқори курс бўлганларида диплом иши ёзишади. Шу пайт улар турли манбалардан, интернет материалларидан ҳамда инглиз тилидаги китоблардан фойдаланишади. Мен бу ўқув қўлланма орқали талабалар ўз соҳаларига оид атамаларни ўрганишини истайман.
- Мутахассислигингиз бўйича филологсиз. Психология соҳасида китоб ёзишингиз қизиқишларингиз натижасими?
- Мен психология бўйича ўқийдиган талабаларга ҳам дарс бераман. Шу сабабли психологияга қизиққанман.
- Китобингиз инглиз тилида чиқди. Ўзбек китобхонларига ҳам она тилимизда тақдим қилиш ниятингиз борми? 
- Ўзбек тилида жуда кўп китоблар чиқаришади. Мен етук ва мутахассис психологлар даражасида ёздим, деб даъво қилиш фикридан йироқман. Негаки, мен психология соҳасида мутахассис эмасман. Менинг мутахассислигим - инглиз тили. Шунинг учун менга инглиз тилида чиқариш қулайроқ. 
- Бу китобни ёзилишига нима туртки бўлди ва қайси манбалардан фойдаландингиз?
- Бизга қўйилган талаблардан бири - талабаларга инглиз тили дарсларини психологияга боғлаб дарс ўтишимиз керак. Шунда материаллар қидира бошладим. Чет эл нашриётларида бундай ўқув адабиётлари жуда ҳам кўп. Бу адабиётларни сотиб олиш қимматлилик қилади. Шу учун уларни ўрганиб чиқдим. Интернет орқали топиб, ўзим китоб чиқардим. Китобнинг орқасида қайси манбалардан фойдаланганим ёзилган. Матнларни интернетдан олганман, лекин машқлари ўзимнинг муаллифлик ишларим.
- Китобни чиқаришда қандай қийинчиликларга дуч келдингиз ва қалам ҳақидан кўнглингиз тўлдими?
- Биз қалам ҳақи олмаймиз. Буни ҳали сотувга чиқармадик. Чунки, ҳали гриф олмадик. Ўзимнинг академиямнинг кутубхонасига топширганман. Кам нусхада бўлса ҳам, талабалар фойдаланишаяпти.
- Ўзингиз раҳбарлик қилаётган чет эл тили кафедраси ҳақида гаплашсак. Кўпчилик Ислом университетида фақат исломий таълимотлар берилади, деган тушунчага эга. Лекин бу ерда кенг қамроқли мутахассисликлар мавжуд ва таълим масканини битирган мутахассислар нафақат исломий, балки, таржимон, гид ҳам бўлиши мумкин. Яна қандай касб эгаларини тайёрлайсизлар?
- Авваламбор, бу академия дунёвий ҳисобланади. Дастурловчилар тайёрлайдиган информатика ва ахборот технологиялари, халқаро муносабатлар, тарих йўналишларимиз ҳам бор. Яқинда янги йўналиш очилди. Араб тили бўйича. Улар таржимон бўлишлари ҳам мумкин.
- Талабаларнинг ўзлаштиришлари қийин бўлмаяптими?
- Талабаларда тилга нисбатан қизиқиш жуда ҳам катта. Яна бизни қувонтирадиган нарса шуки, талабалар сони тобора ўсиб бормоқда. Талабаларни аввал билимини аниқлаб оламиз. Бошланғич даража, ўрта, ва ундан юқори, шунга қараб гуруҳларга бўлиб оламиз. Уларнинг билим даражаси ҳам йилдан йилга ўсиб боради. 
- Янги чиққан китобларингиз сони янада кўпайсин. Китоблар, илмий рисолалар чиқаришингиз бардавом бўлишини тилаб қоламиз.

Музаффар МУҲАММАДНАЗАР суҳбатлашди.
2020 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот