АДОЛАТСИЗ КУЧ - БУ ЗЎРАВОНЛИКДИР. КУЧСИЗ АДОЛАТ ЭСА – ҚУРБОНЛИКДИР
Карим БАҲРИЕВ:
АДОЛАТСИЗ КУЧ - БУ ЗЎРАВОНЛИКДИР. КУЧСИЗ АДОЛАТ ЭСА – ҚУРБОНЛИКДИР
Журналистика
- Устоз, демократик давлатнинг асосий унсурларидан бири эркин журналистикадир. Шунинг учун айтинг-чи, бугун журналистикада демократия ва сўз эркинлиги қай даражада мавжуд?
Ва алайкум ассалом, таъкидлаганингиз каби демократик тузум учун эркин матбуот тамал тошларидан биридир. Демократик давлат инсон эрки ва ҳуқуқлари эътироф ва эъзоз этилиши демакдир. Ҳуқуқлар ва эрк ҳақида айтишники иложи бўлмаса, сўз эркинлиги бўғилса, қолган ҳуқуқларни амалга оширишнинг имкони ҳам бўлмайди.
Сўз эркинлиги даражасига келсак, ҳар бир нарса қиёсда кўринади. Бугунги авлод ёшлари ҳатто эслай олмайди, 2000 йиллар бошида ҳам мамлакатда цензура мавжуд эди ва ҳар бир газета ва журнал, ҳар бир телекўрсатув ва радио эшиттириши аввал нозир кўригидан ўтказилиб, кейин чоп этишга ёки эфирга рухсат этиларди... Худога шукурки, бугун у замон эмас.
Даражага келсак, 1993-20016 йилгача бўлган даврга қараганда бугун сўз эркинлиги борасида анча олдинга қадам ташланди. Аммо бу эркинлик ҳали 1985-1992 йилги “қайта қуриш” ва “озодликка эришиш” даври матбуотига етмади. Дунё матбуоти даражасига кўтарилиш эса – бир орзудир.
Бугунги сўз эркинлиги борасидаги олдинга қўйилган қадамларнинг бир чети Шавкат Мирзиёёв бошлаган ислоҳотлар туфайли бўлса, иккинчи чети янги ахборот технологиялари, глобаллашув инъом этган коммуникациялар туфайлидир. Интернет ва ижтимоий тармоқлар яратган имкон туфайли бугун газета ва журналларни, телеэшиттиришларни ибтидоий ҳолда ушлаб туришдан маъни қолмади. Ҳозирда провайдерлар айрим сайтларни блоклаши даври ҳам ўтади, чунки эртага сунъий йўлдошларга ўрнатиладиган Wi-Fi қурилмалари орқали текин интернет бутун ер юзига тарқала бошлайди ва дунё яхлит чегарасиз интернетлашади. Диктатура режимлари ҳаводан сигналларни тутиб қола ололмайди унда. Бу мамлакатга эсаётган ҳавони, таралаётган қуёш нурини ёки ойнинг шуъласини тўхтатишга уриниш билан баробардир.
- Ҳозирги кун журналистлари ҳақиқатни қай даражада олиб чиқяпти?
Бу саволнинг ҳар бир қисмини алоҳида қараш керак. Агар гап битта журналист ёки бир нашр ҳақида борса, фикр айтишимиз мумкин. “Ҳозирги кун журналистлари” ибораси ўз ичига давлат нашрларининг ҳали ҳам ҳадиксираб турган ходимларини, нодавлат нашрларининг шов-шувли сариқ матбуоти ходимларини, чинакамига ҳақ сўзни ёзаётган ва бу учун жаво чекаётганларни, бошқа ОАВлардан бир қадар олдинга кетган интернет сайтлари журналистларини, ҳақиқатни ёза бошлаган, лекин анча тўпори ва жайдари блогерларни ҳам ўз ичига олади. Саволингизнинг иккинчи қисмидаги “ҳақиқат” истилоҳига келсак, ҳар кимнинг ўз ҳақиқатлари бор. Айрим мавзуларда ҳақиқат айтилмоқда, айрим мавзуларда чала ҳақиқат айтилмоқда, айрим мавзулар эса четлаб ўтилмоқда.
- Нима учун давлат ОАВлари қалтис мавзуларни четлаб ўтмоқда?
Давлат матбуоти демократик тузум учун кулгили ва ёт тузилмадир. Тараққий қилган давлатларда, дейлик, АҚШ Сенатининг ёки Олмония прокуратурасининг ёхуд Англия ҳукуматининг “Халқ сўзи” ёки “Инсон ва қонун” каби газета ёки журнали йўқ. Олмония Бош прокуроридан сўраганман: “Бизнинг милиция ва прокуратурада қатор газета ва журналлар бор, ҳатто медиамарказлар барпо этишмоқда. Сизда нега йўқ?” У шундай жавоб берганди: “Агар ўзимизни мақташлари учун газета чиқарсак, бу газетамас, реклама баннери бўларди ва уни ким ҳам сотиб олади?! Агар танқид қилиши учун газета очсак, нега биз ўзимизни танқид қилишлари учун пул тўлашимиз керак?! Мамлакатдаги ҳамма газета-журнал пул тўламасак ҳам, фақат танқид қилади”. Ростдан ҳам, матбуотнинг вазифаси камчиликнларни топиш, танқид қилиш, мунозара очиш ва ечимларини излашдир. Ҳукуматга ҳам, жамиятга ҳам, халққа ҳам журналистиканинг ёрдами ва вазифаси танқиддир.
Афсуски, мажбурий обуна ёки давлат бюджети ҳисобидан яшаб келган ва келаётган давлат нашрлари иккиланишда – мажбурий обунанинг чекланиши уларни молиявий аҳволини оғирлаштирди, энди улар ҳақиқатни ёзиб муштарий дилини топсалар, обуналари кўпаяди ва молиявий аҳволлари яхшиланади. Аммо ҳақни айтишга чўчимоқдалар, яна давлатнинг молиялашидан умидворлар ва бозор иқтисоди шароитига мослаша олмаяптилар, кўкракка талпинган гўдак каби ҳомийларга кўз тикиб жовдирамоқдалар..
- Нима қилсак, Россия ва жаҳон оммавий ахборот воситаларини кўраётган ёки ўқиётган халқимиз ўз ОАВларини ҳам кўриш ва ўқишни бошлайди?
Фақат ҳақиқатни ёзиш ва айтиш билан ўқувчи ва тингловчини қайтариш мумкин. Бунинг учун рост сўзлашга жасорат, ўқувчи учун қизиқарди ва саводли етказиш учун маҳорат ҳамда золимга нафрат ва мазлумга мурувват берадиган умуминсоний бир маснаддан ёзишга, одамзодга шафқату заифларга меҳр позициясида бўлишга етарли маърифат лозим.
- Журналистика – тўртинчи ҳокимият, деган тушунчанинг айни дамдаги ҳолати ҳақида тўхталсангиз.
Аввало учта ҳокимиятнинг моҳиятини қарасак ва кейин “тўртинчи ҳокимият”нинг ҳукмронлик механизмини тасаввур қилсак. Қонунчилик ҳокимияти – парламент халқ ҳалол сайловларда вакил қилган депутатлари орқали халқ иродасини ифода этадиган қонунларни чиқаради ва шуниси билан қимматга эгадир. Ижро ҳокимияти – ҳукумат шу қонунлар воситасида мамлакатни бошқаради ва жамиятнинг қонунларга риоя этишини назорат қилади. Суд ҳокимияти – фуқаролар ва ҳукумат қонунга риоя қилмаган-қилгани борасидаги низоларни кўриб чиқади ҳамда айбдорларга қонуний чоралар белгилайди. Оммавий ахборот воситалари-чи? Унинг ўрни қайда ва ҳукмронлиги нимада? Оммавий ахборот воситаларининг ҳукмронлиги – уларнинг жамоатчилик фикрини қанчалар ифодалашига ва унга ўтказа оладиган таъсирига, жамаотчилик назоратини амалга ошира олганига боғлиқдир. Зеро, депутатлар ана шу фикрга кўра сайланади, ижро ҳокимияти жамоатчилик фикри орқали назорат қилинади, суд ҳокимияти холислиги, эркинлиги судловнинг ошкоралиги орқали намоён бўлади. Матбуот – ҳокимиятларга кўз-қулоқдир, халқнинг назаридир ва давлат ҳамда халқ орасида бир кўприкдир.
ОАВ ўз вазифаларини “уч баҳо”га бажаряпти. Бу кечагидан кўра юқори кўрсаткич, аммо ҳали олдинда қиладиган ишлар жуда кўпдир.
Журналист
- Журналист ҳақиқатни айтиши керак, деган фикр мавжуд. Аммо Навоийнинг бир байтини келтириб ўтмоқчиман:
“Хирадманд чин сўздин ўзгани демас,
Вале, ҳар чин сўз ҳам дегулик эмас”. Шу бир байтнинг журналист фаолиятидаги ўрни қандай?
Ҳазрат Навоий байтининг биринчи мисраси матбуотнинг шиори бўлса арзийди (Журналист чин сўздин ўзгани демас) – ОАВ чин сўзни айтиши керак, ёлғон ёзмаслиги керак. Иккинчи мисра – маҳорат масаласидир. Ундан бир ҳақиқатларни айтиб, бошқаларини айтмаслик керак экан, деган хулосани зўрлаб чиқариш керак эмас. Масалан, сиз беморни кўргани бордингиз: унинг аҳволи оғир, етилиб қолган бўлса-да, сиз унга далда бўласиз, “кунинг битибди, ўласан энди” демайсиз, “бу дунё – фоний дунё, яшил барглар бир кун сарғаяди, энг қаттиқ тош ҳам охир емрилади, Аллоҳдан умидвор бўламиз, ўзи шифосини беради, иншаллоҳ” дейсиз. Бу сўзларингизда ҳам ёлғон йўқдир, лекин гўзал бир тарзда айтилган ҳақиқат бордир. Зеро, Ҳазрат Навоийнинг “Чин сўз деёлмасанг, ёлғон дема дағи” – деган ўгитлари ҳам бордир.
Масъуллигингизда чоп этилган “Hurriyat” газетасининг 5-сонида “Қора икра емаган журналист ёки ҳовуздаги тилла балиқча” деган мақола нашр этилганди. Ҳозир ҳам мажозий маънода журналистларимиз қора икра ейиши керакми ёхуд уларнинг фаолиятига нима етишмаяпти?..
Мақолада “икра мияни ишлатар эмиш”, балким қашшоқлик журналистнинг мияси ишламаётганига сабабдир, деган киноя ҳам бор эди. Фёдор Достоевский: “Пул – чоп этилган озодликдир” – деган. Пушкин: “Шоир халққа ҳам, ҳукуматга ёқишга ҳаракат қилмаслиги керак. Иккисининг зулми ҳам бир хил”, - дегандир. Шоир ва журналист ҳақиқатга хизмат қилиши керак. Журналист очиқ ҳақиқатни ёзса, шоир уни бадиий, образли қилиб айтади. Ўша сиз тилга олган мақола шу ҳақда эди. Журналист камбағал, қашшоқ бўлганидан кейин у ҳақиқатни қандай ёзсин: ё маош тиланиб давлатга термулади, ёки ариза ва шикоят қилиб келган халқнинг қўлига мутеларча боқади. Бу касб ахлоқи масаласи ҳамдир. Шу йўлда ҳали кўп ишлар қилиниши керак. Шифокорлар ва ўқитувчилар маоши ошгани каби журналистларнинг маоши ҳам юқори бўлиши керак. Муҳтожликда ҳақиқатни айтолмайди кўпчилик. Фақат фидойилар, дарвешлар айта олади ва улар кўп эмас.
- Ҳозирги кунда журналист ва блогерлар фаолиятида эркин ижод майдони тенглик борми? Сизнингча, уларнинг иш фаолияти қандай бўлиши керак?
Юқорида айтдик, битта йўналиш – дейлик, босма матбуот ёки телевидение – ичида ҳам эркин ижод майдони турличадир. Давлат ойнаи жаҳони ёки ҳукуматнинг “отахон газета”ларида бир ҳолат, хусусий газеталарда – бошқача аҳвол ва ижтимоий нашрларда – ижод эркинлиги борасида учинчи вазият ҳукмрондир.
Журналист ва блогер – ҳозир блогерларнинг мақомини журналистларга тенглаштириш борасида ҳаракатлар бормоқда. Ҳозир журналистлар деганда рўйхатга олинган, гувоҳнома асосида фаолият олиб борадиган оммавий ахборот воситасида хизмат қиладиган, ахборот излайдиган, оладиган, таҳрир қиладиган ва тарқатадиган ходим тушунилади. Блогер худди шу ишни қилади ва ижтимоий тармоқларда – ўз саҳифасида чоп этади. Энг машҳур ва ўқишли блогерларимиз асли журналист эканликларига эътибор беринг. Улар газета-журналларда, сайтларда ёки бошқа электрон оммавий ахборот воситаларида ишлайдилар ёки ишлаганлар. Масалан, Каримберди Тўрамурод “Бекажон” газетасининг узоқ йиллик журналистидир. Барно Султонова - “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида фаолият юритган, ҳозир “Хабар. Уз” ахборот порталида ижод қилади. Нозим Сафари – “Репост.Уз” журналистидир. Шаҳноза Соатова – “Ёш куч” журналини оёққа қўйганлардан бири, “Академнашр” нашриётида муҳаррирлик қилган малакали журналистдир... Масалан, мен “Даракчи” газетаси ёки “Дугоналар” журналида журналистман, лекин “Фейсбук”да ёки “Однокласники”даги саҳифамда блогерман. Шунинг учун журналист ва блогерни ажратиш этни тирноқдан ажратиш каби бир нарсадир. Блогосферанинг тили бироз шарттаки, жайдари, жаргонлари борлиги билан сал тилга тушади.
Дейлик бир инсон милицияда ишласа, ишда у – милиционер, уйда – ота, дўстлар даврасида биродар, улфат, дўстдир. Лекин ҳар уч ҳолатда ҳам у инсондир, одамийлик, одоб эгаси бўлиши керак. Журналист ва блогерларга ҳам тилагим шудир – одамийликни эътиқод қилсинлар, инсон кўнглини эъзозласинлар.
- Бутун бошли газетанинг ададидан битта блогернинг аудиторияси каттадир. Бу ахборот олишнинг қулайлигиданми ёки бошқа сабаблар борми?
Яхши пайқабсиз, лекин, масалан, сиёсий-ижтимоий газетанинг ададидан маиший, олди-қочди газетанинг адади кўпроқдир. Худди шундай, жиддий мавзуларда ёзадиган блогернинг ёки журналистнинг аудиторияси Интернетда ҳам беш-ўн-йигирма мингга кўтарилиши мумкин, лекин, масалан, қўшиқчи Рианна ёки қоматини намойиш қиладиган Ким Кардашяннинг блоги ўқувчилари миллиардга чиқади ёхуд ўзимизнинг Райҳон ёки Шаҳзода каби хонандаларнинг саҳифаси миллион мухлисига эга ва бу мухлислар унинг санъатидан кўра кўпроқ янги кўйлагига ёки кўйлагининг шаффофлигига шинавандадирлар.
Умид қиламизки, халқни қай тузумда яшаётганлари, келаётган сайловлар, иқтисодиётнинг аҳволи, адабиёт ва тилнинг тақдири, глобал дунёда миллат бўлиб сақланиб қолиш каби масалалар ҳам қизиқтира бошлаши керак. Бир жувон янги кўйлак кийганидан уларнинг қорни тўйиб, қалби бойиб қолмайди, халқнинг тақдири, болаларимизнинг келажаги – биз санаган жиддий мавзуларга боғлиқдир.
- Устоз, журналистларимиз блогерларни ҳам ўқитишни маслаҳат берди. Бу қанчалик тўғри?..
Бу – жуда тўғри. Умуман олганда, Қуръони Каримда бор гап: “Ўқи, ўқи ва яна ўқи”, - дейилган. Ўқишнинг нимаси ёмон, мия темирдан ясалмаган, у ўсиши керак, энг кўп ўқиган инсонлар ҳали кам нарса билишларидан нолийдилар, камгина нарсани биладиганлар билимдонман, мени ўқитманг, деб дод-вой қиладилар. Блогерларни ўқитиш керак деганда уларни эскирган журналистик усулларга эмас, замонавий юксак журналистикага, илм-маърифатга ўргатиш назарда тутилгандир.
Сиёсат ва виждон бир нуқтада тўқнашганда журналист қай йўлни танлаши керак?
Бу икки тушунчани қарама-қарши қўймаслик керак. Виждонни сиёсатга мослаш эмас, сиёсатни виждонли қилиш керак. Буюкларимиз айтгани каби, ё адолатни кучли қилиш, ё кучни адолатли қилиш керак. Адолатни кучли қилолмаган одамлар, кучни адолатли деб қабул қилишга ўрганадилар. Адолатсиз куч - бу зўравонликдир. Кучсиз адолат эса – қурбонликдир.
- Ўзбекистонда демократия бундан-да равнақ топиши учун журналистлар ва блогерлар бир тўн ичига киришлари керакми ёки алоҳида фаолият юритишлари керакми? Шунга муносабатингиз қандай?
Гап тўнда эмас, албатта. Румий: “Шундай инсонлар кўрдим, усти йиртиқ-ямоқ, тўни йўқ. Шундай тўнлар кўрдим – ҳашаматли, аммо ичида одами йўқ”, - деганлар. Авваллари “бир ёқадан бош чиқарайлик”, деган жумлалар ҳам бўларди. Ижтимоий фикрда фикр эркинлиги учун майдон керак. Инсон хато қилиб қўйишдан, жазоланишдан қўрқмай, фикрлай олиши шарт. Гап ижтимоий бурчларни ва инсонийликни унутмасдан, ҳурфикрликда ҳақиқатни айтишдадир.
- Шахсий савол: ўзингиз Тelegram тармоғида блог очиш ҳақида ўйлаб кўрмаганмисиз? Шунда журналистлар ва блогерлар ўртасида рақобат юзага келармиди...
Мен Телеграммда блог очмадим. Бунинг маънисини кўрмадим, чунки кўплаб каналларда муҳокама ва фикр билдириш йўқ, аъзолар “буюк муаллиф”нинг асарларидан баҳраманд бўлиб туришади, холос. Мухлислар “лайк” босади, “буюгимиз” вақт-вақти билан “эътиборингиз учун раҳмат” деб қўядилар. Менга “Фейсбук” қулай. Инсон, оз сонли бўлса-да, ўз ўқувчиларига эга бўлади.
Матбуот
Чингиз Айтматовнинг ажойиб фикрини эслатмоқчиман: “Газета деганимиз, фикримча, ўз мақсади, ўз йўли, ўз айтадиган сўзига эга бўлиши керак”. Бу айни ҳақиқат. Ҳозирги газеталарда бу борада аҳвол қандай?
Газеталаримизнинг катта қисми янги вазиятга кўника олмай, таҳликада қолди ва аста-секин бозор шароитига ўтмоқда. Англашимиз керакки, аввалги вазиятда давлат ва ҳукумат муайян даражаада газета ва журналларни қўллаб-қувватларди, зарур ҳолатда ҳукумат нашрларига мажбурий обуна қилиб берарди. “Еган оғиз уялади”, дегандай, нашрлар ҳам ҳукуматга мақбул гапни чоп этарди, гоҳида танқидни изн берилган соҳага ёки шахсга қарши қаратарди, холос. Газетанинг аадади кўплиги унинг ҳақиқатни ёзишига боғлиқ эмасди.
Бугун мажбурий обуна деярли йўқ бўлди, юз минг ададли газеталар йигирма-ўттиз мингга, ўн минг ададдаги газета ва журналлар - саккиз юзта, нари борса, мингтага тушиб қолди. Маошлар ва қалам ҳақлари, фаровонлик ҳам шунга яраша. Бир қатор нашрлар ёпилди, бошқалари оғир аҳволда қолди ва, ниҳоят, муаммоларни кўтара бошлади.
Назаримда, ҳукумат нашрлари ҳали “отахон нашрмиз, дордан қочган қаланғи-қасангиларга ўрин бермаймиз”, “майда муаммоларни обрўли нашрга чиқаролмаймиз” деб кибрларидан кеча олмаяптилар. Хусусий нашрларимиз танқидий чиқишларга бир ўрин бера бошлашди. Агар халқ матбуотда ўз дарду ташвишлари ифодасини кўрса, обуна бўлади.
- Бугунги газеталар танқид қила оляптими?
Энг жасоратли газеталар сифатида “Жамият”, “Оила даврасида”, “Даракчи”, “Маърифат саодати” газеталарини кўрсатган бўлардим. Афсуски, аксарият маҳаллий нашрлар ҳали ҳокимларнинг оғзига термулиб, амр кутиб ўтирибди. “Жомбой тонги” газетасини ўқийман, яхши нашр.
- Газеталаримиздаги қолипли гаплар, стереотип жумлалар ва иборалар, баландпарвоз шиорлар унинг ўқилишига салбий таъсир кўрсатмайдими? Газетанинг тили қандай бўлгани мақбул?
Газетанинг тили – унга мақола ёзаётганларнинг тилидир. Журналистларимиз китоб ўқишлари керак. Адабиётни билишлари керак, чунки адабий тил бутун жозибаси билан адабиётда намоён бўлади. Сўз бойлигини кўпайтириш керак. Афсуски, барча журналистика ўқув муассасаларида тил ва адабиёт ўқитилиши йўқ ҳисобидадир. Ўқувчига ёқиш учун журналист халққа яқин тилда ёзиши лозим. Шу билан бирга гўзал ёза оладиган журналист халқнинг истеъмолига гўзал сўз ва ибораларни кирита олади ҳам.
Ўтган йили Жаҳон тиллари университетида курс ишлари, диплом ишлари ҳимоясида иштирок этдим. Улар публицист сифатида таҳлил этган кучли мақолаларнинг муаллифлари Хуршид Даврон, Иброҳим Ҳаққул, Усмон Азим каби ижодкорларнинг барчаси шоир, ёзувчи, олимлардир, яъни журналистлар эмас. Аввалги замонда ҳам энг зўр фельетонларни ёзганлар Саид Аҳмад, Неъмат Аминов, Иброҳим Раҳим, Худойберди Тўхтабоев каби ёзувчилар, шоирлар бўлганди. Яъни мақола ёзган бу инсонлар романлар ёзган ва ёза олган инсонлар эдилар ва сўзни ўйнатиб юборардилар. Мен ҳақиқий журналист – достон ва роман ҳам ёза оладиган даражада сўз санъаткори бўлишини орзу қиламан.
- Ўзбек матбуоти ўзбек халқига қай даражада хизмат қилмоқда?
Матбуотнинг халққа энг зарур ва улуғ хизмати ростини ёзишидир. Матбуотнинг энг зарарли ва халққа офат келтирадиган иши – маддоҳликдир. Чунки мақтов самарасиз нарсадир, лаганбардорлик шахсга сиғинишга, аста-секин жамиятни эзаётган муаммоларнинг хаспўшланишига, “ютуқларни кўролмаётганлар”ни излашга ва қатағонларга олиб борадиган йўлдир. Ҳаққоний танқид эса жамият ва иқтисоддаги камчиликларни кўрсатадиган, муҳокама қиладиган, ечимларини топадиган ва фаровонликка олиб борадиган йўлдир. Демократик давлатларнинг фаровонлиги асосида сўз эркинлиги ётади. Шу маънода ўзбек матбуоти катта бир йўлнинг бошида турибди.
- Нима учун газеталарни титратадиган мақолаларни кам ўқияпмиз?
Жуда кам бўлса-да, учрата бошладик. Айниқса, интернет майдонида жасоратли чиқишлар бўлмоқда. Нима учундир, газетада ёзилса, қолади, жавоб бериш керак бўлади, интернетда ҳар гапни ёзиш мумкин, деб қараймиз. Қонун ҳамма ерда бир аслида, туҳмат ва ҳақорат учун газетада ҳам, Интернетда ҳам жавобгарлик биттадир.
Титратадиган мақолаларни камлиги жасоратли инсонларнинг камлиги билан изоҳланса керак. Маҳоратга ва маърифатга ўргатар журналистика ўқув муассасалари, аммо жасоратга ҳам ўргатиши ва ундаши жуда зарурдир.
- Нима учундир ҳоким ва бошқа шу каби амалдорнинг гоҳо ноўрин гаплари-ю қилган зўравонликларига газеталар эътиборни кам қаратади?
Бу жуда катта муаммодир. Бизда “ҳоким”лар сўзининг ўзи ноўрин қўлланган деб ўйлайман. Чунки унинг негизи “ҳукм” сўзидан келади ва “ҳукмдор” деганидир, ҳукм эгаси эса подшоҳдир. Биздаги ҳокимларни вилоят ёки туман “маъмурияти бошлиғи” дейилса, етарлидир. Қонунни парламент чиқаради, унга риоя қилинмаса суд ҳокимияти ҳукм чиқаради. Бизнинг ҳокимлар бор-йўғи ижро этувчи ҳокимиятнинг ўрта ва қуйи бўғини, холос. Аммо улар ўзларини ҳукмдор каби тутмоқдалар. Ўзларига мақбул келмаган одамни “олиб бор, қамоққа тиқиб қўй” деб юбормоқдалар ва гоҳида ҳуқуқ-тартибот идоралари қонунга эмас, уларнинг буйруғига бўйсуняпти ҳам. Энди прокурор ёки суд қўрққан ҳокимдан журналист ҳам қўрқади-да... Бунга чек қўйиш керак. Адолат қарор топсагина жамият ҳам, иқтисодиёт ҳам, юрт ҳам ривожланади, шу қаторда журналистика ҳам ўз вазифасини бажара олади. Матбуотнинг ишлаши мамлакатда демократиянинг қарор топиши жуда боғлиқ, ахир.
- Матбуотнинг оёққа туриши ва яшаб қолиши учун қандай таклиф ва тавсиялар бериш мумкин?
Биринчидан, ОАВ соҳасидаги қонунчилик жиддий такомиллашиши зарур.
Иккинчидан, тузум демократиклашуви, яъни қонун чиқарувчи ҳокимиятга халқнинг ҳақиқий вакиллари ҳалол сайловда сайланиши, халқ иродасини ифода этадиган қонунлар чиқариши ва ижросини синчков назорат қилиши дозим. Суд ҳокимияти мустақил ва ҳалол бўлиши керк. Ижро ҳокимияти қонун асосида бошқариши шарт. Фуқаролик жамияти, яъни нодавлат ва ноҳукумат ташкилотлар реал жамоат назоратига эга бўлиши керак. Одил судлов, фуқаролик жамияти ва қонун устуворлигисиз журналистлар ҳеч нарса қилолмайди.
Учинчидан, сўз эркинлигига юқори сиёсий ирода керак. Агар рост сўзни айтганлар таъқиб қилинса, қамалса ва қўрқитилса матбуот оёққа турмайди ва мутелигича қолаверади...
Жаҳонгир Мардонов суҳбатлашди.