ШАФАҚДАГИ ШУЪЛАЛАР
Қўчқор НОРҚОБИЛ
ШАФАҚДАГИ ШУЪЛАЛАР
ҚАЛҚОН
Сўздан ўқ ясади. Отди. Отаверди. Рақиби йиқилмади. Чунки, табассумдан қалқон ясаганди.
ЮҚМАСА ЁМОН
— У кўп ёзади. Кўп ўқийди. Адабиётни тушунади. Лекин ёзувчи бўлолмади.
— Нега?
— Ёзувчилик юқмади. Мунаққид бўлди.
— У кўп ёзади. Кўп ўқийди. Адабиётни тушунади. Лекин мунаққид бўлолмади.
— Нега?
— Мунаққидлик юқмади. Ёзувчи бўлди.
ОДАМ ДУНЁНИ ЮТАДИМИ?
Китобим чиқди. Россиядаги нуфузли нашриётда авжумавж зиёфат. Қўлида қадаҳ тутган хоним мен томон яқинлашди. Китобларининг чанги эмас, донғи чиқиб, қўлма-қўл ўқилаётгани, асарлари асосида тўхтовсиз фильмлар ишланаётгани шавқи-завқидан масрур адиба мағрурона сўз қотди:
— Минбарда “Одамийлик концепцияси” ҳақида гап қистириб ўтдингиз. Умуман, ўзингиз буни қандай тушунасиз?
— Эскича тушунаман,— дедим бироз жиддийлашиб.
Хоним ҳайратланди.
— Хўш?...
— Содда қилиб айтайин; дейлик, қўлимда ароқ тўлғазилган қадаҳ. Уни ичсам, кайфиятим кўтарилиши мумкин, эҳтимол. Иккинчисини сипқорсам, бошим айланади, сархуш бўламан. Учинчисини қуритсам, алжирай бошлайман. Тўртинчисини тугатсам, нима қилаётганимни билмаслигим, ҳамма жойим, айниқса, нафсим очилиб кетиши мумкин... Кейин ҳеч нарсанинг фарқи қолмайди. Дунёни ютиб юборишга чоғланаман.
Аёл қизарди.
— М-м-мм... Ҳа, жайдари фалсафа.
— Жайдарилиги шуки, одам боласи ўзи учун бир бурда нон, бир коса овқат етарли эканлигини сезмагани боис инсоният шу аҳволга келиб қолди...
Адиба анграяди:
— Қайси аҳволга?...
— Бутун дунёни, Ер юзини ютиб юбориш ҳолатига...
Машҳур адиба энди қўрқув билан қаради. Гапимни ҳазилга бурдим:
— Хоним, хавотир олманг, мен умуман ароқ ичмайман. Биринчи, иккинчи, учинчи ва тўртинчи қадаҳлар, ана, тўлалигича патнисда турибди.
Хоним анчагача жим турди. Лаблари пичирлади:
— Бир бурда нон, бир коса овқат ва инсоният... Яхши концепция.
Сўнг жилмайди. Қўлидаги қадаҳни патнисга қўйиб, дераза ёнига борди, ташқарига тикилиб қолди.