Ашъорлари ўтда куйган баҳорлар


Фарида АФРЎЗга

Афрўз хоним, ишқ юртида қўшиқлар кўп,
Ҳар қўшиққа зор йиғлаган ошиқлар кўп.
Бошни эгманг, бошни эгиб қаттиқ тегманг,
Бир сўз билан юзни енгманг, мингни енгманг.

Кўзда ёшу, кўнглимизда боғлар бўлди.
Юрак ичра лолазорли тоғлар бўлди.
Афрўз хоним, ишқ шунча муҳтарам бўлди.
Гуллар эксак янчиб кетар қадам бўлди.

Барчасига этак силтаб кетай десак,
Тола сочинг олтин -  деган, одам бўлди.
Биз ким бўлдик ишқ йўлида жон ҳалакми?
Чақир тикан ўраб олган ҳандалакми?

Макр-ҳийла тузоғида жон талашган,
Ўргимчакнинг тўридаги капалакми?
Афрўз хоним, ишқ юртида ашъорлар кўп,
Ашъорлари ўтда куйган баҳорлар кўп.

Бу оловлар нега йиғлаб ёнди десам,
Олов ичра бир кафт бўлган чинорлар кўп.
Биз аҳли ишқ кўз ёшларда илдиз отдик,
Ерга урса осмон бўлдик, юлдуз отдик.

Оёғимиз тортаверди боғлар томон,
Тош отганга олма отдик, шеър, сўз отдик.
Афрўз хоним айтинг, бизга нима керак?
Меҳр отли давлат ортган кема керак.
Бибихоним салтанатин безаб турган,
      Ҳаё, ибо бисотидан тугма керак.             
Афрўз хоним, кутганимиз меҳр эди,
Бу кўнгиллар ўзга ҳеч не тиламади.
Биз бош эгиб ишқ саройин супурсак ҳам,
Бошимиздан ишқнинг тожи қуламади.
Умримизда лола вақти, гул мавсуми -
  Дил мавсуми шеърга келди, сўзга келди.
    Биз боғларга борамиз деб, айтиб юрдик,
Кута-кута боғлар ўзи бизга келди.
Афрўз хоним, айтинг яна нима керак?! 

  Зулфия МЎМИНОВА - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот