Парижон, таваллуд топган кунинг муборак бўлгай!
Азизам, Парижон! Таваллуд кунинг муборак бўлгай! Пешонангга ёзилгани баракали бўлсин, дўстим!
Шукр, сенингдек булбули забон, беназири тафаккур, нозик дид ва маданият соҳибаси билан ёшлик йилларидан кўнгил ришталаримиз боғланганидан дилда фахр туяман!
Элнинг дардига, айниқса, хотин-қизларнинг оғриқларига малҳам бўлишдек ниятни юрагига жойлаган Депутат хоним! Ўзбек адабиёти, хусусан, ўзбек шеъриятида, шунингдек, дунё адабиётида ҳам ўз ўрнига эга шоираи замоним!
Сенинг «Қирқкокиллигим», «Изтироб кўйлаги», «Тунлар исёни», «Кўзим маним…», «Қурбонжон додхоҳ» тарихий драма, «Ўзимдан ўзимгача», «Пока есть на земле разлука…», «От Фариды Афруз» (Москва), «Гун айдин» (Истамбул), «Ушшоқ», «Тасбиҳ», “Ўша кун – бугундир” сингари шеърий тўпламларинг, рус, турк, инглиз, немис, француз, форс, уйғур, озор, гагоуз, хитой, корейс тилларига таржима қилинган ижод маҳсулларинг, шунингдек, сен ўзбек тилида элимизга тақдим этган япон ҳайкулари, турк шеъриятидан Мустафо Отатурк, Зиё Кўкалп, Ҳусайн Отсиз, Доғларжа, Исмат Ўзал шеърлари, форс шеъриятидан Меҳри Ҳиротий ҳамда замонавий форс шеъриятидан Заҳро Абул Ҳусайний, Судоба, Соя Кабирий ғазаллари, замонавий қозоқ ва қорақалпоқ шеъриятидан ва америкалик руҳшунос Дейл Карнеги асарлари аллақачон кўнгиллар мулкига айланиб бўлган!
Ҳа, гавҳардай жилоли ашъорлари билан, халқнинг "тил учидаги ва дил ичидаги" СЎЗини ўз илҳомлари билан зийнатлаган, мукаммаллаган истедодли ШОИРА хоним! Сенинг шеърларинг билан таниқли ҳофизларимиз ижросида куйланадиган қўшиқлар катта-ю, кичикнинг тилига тушиб кетгани бежиз эмас, албатта! Ўнлаб шеърий тўпламлар "Фарида Афрўзнинг меҳридан яралган дарёлар" десам хато бўлмас!
Илло, тантиликда ҳам ҳар қандай жўмардни ортда қолдирадиган, ўзига раво кўрганини жону жигарларига, дўсту қадрдонларига, эҳтиёжмандларга илинадиган саҳоватпеша инсоним! Кези келганда, қийналиб қолган ижодкорларнинг (у эркак ёки аёл бўлишидан қатъий назар, қаерлардандир эшитиб...) заруратлари учун жон куйдириб юрадиган асилзодам! Мусибатда қолганнинг қўлидан тутиб, мададкор бўла оладиган раҳмдилим--ДЎСТ!
(Лирик чекиниш)
...30 йилдан ошиқ гувоҳи бўлганларим - ФАРИДА АФРЎЗ изларидаги муҳрлар: ЯХШИЛИК ва ЯХШИЛИК! Зеро, бу фазилатлар шоиранинг кўп йиллар масъул вазифаларда хизмат қилган, эл, юрт фидойижонларидан бўлган (охиратлари обод бўлсин) падари бузруквори ва волидаи муҳтарамаларидан қолган МЕРОС! Бу хислат дўстимнинг ака, опалари, сингил, укалари, фарзандларида ҳам зоҳирлиги ҳавас қилгуликдир! Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати, истеъдодли шоира, тажрибали тадбиркор - "Афрўз рекордс" овоз ёзиш студияси, "Жаноб", "Аёлдан аёлгача..." газета ва журналларининг раҳбари Фарида Афрўзнинг меҳнатлари давлатимиз томонидан "Шуҳрат" медали ва "Дўстлик" ордени билан муносиб тақдирлангани ҳақида суюниб айтоламан.
Дўстим Парижон (минг йиллар бўлдими, дейман шундай атай бошлаганимга... жонга яқинсан-да)! Сенга, авваламбор, мустаҳкам соғлик, оилавий бағрибутунлик, дилбандлар камолини кўришлик ҳамда ўзинг айтганингдек, ҳаммага керакли бўлиб юришдек ШАРАФ ва қаламингнинг шиддати доим энг юқори "тембр"ларда бўлишини тилаб қоламан! Худо ҳофиз бўлсин сенга, АЗИЗАМ!!!
(Қолган тилаклар учрашганда айтилур, ин ша Аллоҳ!)
Сени севгувчи дўстинг:
САНОБАР ФАХРИДДИНОВА,
Ўзбекистон Ёзувчилари ва Журналистлари уюшмалари аъзоси.