Ўзбекистон халқ шоири - Нормурод Нарзуллаевнинг "Азиз Онажон" номли шеъри.
Муҳтарама Волидам - Малоҳат Мирзомуҳаммад қизининг порлоқ хотирасига бағишланади...
Кўнгил гул боғида асрайман сизни,
Кўзим қароғида асрайман сизни,
Қалбим ардоғида асрайман сизни,
Боғбоним, посбоним, азиз онажон!
Қалбим наволари қўшиқ, соз бўлгай,
Баҳор чечаклари поёндоз бўлгай,
Умид, орзуларим сарафроз бўлгай,
Юлдузим, осмоним, азиз онажон!
Сиз билан кўркамдир йиллар, фасллар,
Қалбу кўксингиздан қарздор насллар,
Шу боис бош эгиб, ардоқлаб сийлар,
Имоним, виждоним, азиз онажон!
Сиз бедор, дунё тинч, эл обод бўлгай,
Дарду андуҳлардан дил озод бўлгай,
Хонадон серфайзу, кўнгил шод бўлгай,
Қуёшли жаҳоним, азиз онажон!
Юксак парвозларда синалар лочин,
Сиз борсиз, жаҳонни қучар қулочим,
Қанийди оқлолсам фарзандлик бурчим,
Қўшиғим, достоним, азиз онажон!
Нормурод Нарзуллаев.
19.11.1989 йил.