Исажон Султон таваллуд топган кун
Ўзбекистон халқ ёзувчиси - Исажон Султонни таваллуд топган куни билан табриклаймиз!
Маълумот: Исажон Султон 1967 йилда Фарғон вилояти Риштон туманида туғилган. Унинг “Муножот” (1990), “Ойдинбулоқ” (1995), “Боқий дарбадар” (2011), “Озод” (2012), “Боғи эрам” (2015), “Алишер Навоий” (2021) сингари роман, қисса ва ҳикоялар тўпламлари чоп этилган.
Адибнинг “Озод” романи Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг 2012 йилдаги “Ватан учун яшайлик” танловида наср йўналиш бўйича ғолибликка лойиқ кўрилган. Шунингдек, “Қисмат” ҳикояси АҚШнинг Чикаго шаҳрида чоп этиладиган “Лексикон” журналининг халқаро танловида ғолиб бўлган. 2021 йили ёзувчи “Алишер Навоий” романи учун “Йилнинг энг яхши асари” республика танловининг “Энг яхши насрий асар” мукофотини қўлга киритди.
Бир қанча асарлари рус, инглиз, немис ва турк тилларида чоп этилган. Чунончи, “Қисмат” (Россиянинг “Дружба народов” журналида), “Сувдаги коса” (Молдова, “Русское поле” журналида), “Манзил” (Санкт-Петербург, “Интеллигент” газетасида) асарлари шулар жумласидан. Ёзувчининг асарлари, хусусан, “Боқий дарбадар” ва “Озод”, “Генетик”, “Билга Хоқон” романлари адабий танқидчилик ва жамоатчилик томонидан муносиб баҳоланган.
Исажон Султон жаҳон мумтоз адабиёти намуналарини ўзбек тилига таржима қилиш билан адабиётимиз хазинасини бойитишда ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. У ҳинд мутафаккири Ж.Нерунинг “Ҳиндистон” асарининг Бобурга бағишланган қисмини, Д.Буццати, Р.Акутагава ва У.Сайфиддин каби жаҳон адибларининг асарларини ўзбек тилига ўгирган.
Исажон Султон 2014 йили “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими”, 2021 йили “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” фахрий унвонлари билан мукофотланган.