Ҳеч ким билмас сир
Мендан ажраш жуда ҳам осон,
Ҳеч ким билмас сири бор бунинг.
Мендан айро кетган бӯласан
Тош йӯлимдан нолиган кунинг.
Ахир сенга бошда айтганман,
Келганим йӯқ теп-текис йӯлдан.
Ҳамон қӯрқиб эслайман, ӯтган,
Кӯприкларим ҳаммаси қилдан.
Рӯмолимга теккан қон доғи -
Туҳмат тошин қилган "ҳунари",
Кӯриб секин кетишин мумкин,
Бу ғамдийда аёлдан нари.
Айтаверсам, ёқа тутасан,
Бу кӯз билан нелар кӯрганман.
Тақдир синов қилган йӯллардан,
Аёл бошим билан юрганман.
Қӯрқув чалса оёқларимдан,
Йиқилардим, йиқа олмасдим.
Агар бошим билан юрмасам,
У йӯллардан чиқа олмасдим.
***
Ота, умрим ўтгани сайин
Яқин келди Ватан деган сўз.
Шундан ўтган куним азиздир,
Шундан келар кунларим азиз.
Ватан деган сўз билан боғлиқ
Қайғум гўзал, қувончим гўзал.
Кўзларимнинг иссиғи шу сўз,
Ҳаётимнинг мазмуни ўшал.
Булоқлари дардимга дармон,
Шамоллари – олтин тароғим.
Тупроғини кўзимга суртсам,
Равшан тортар чашми қароғим.
Ватан десам, онам келади
Оқ рўмоллар ўраб бошига.
Мен онамдан қарздор каби
Қарздорман шу сўз қошида.
Китоб билан нонни тенг кўрган
Улуғлар дарсхонаси – Ватан.
Меҳнат билан сочи оқарган
Онагинам онаси – Ватан.
Ҳумо қуши безаб турибди
Қомусининг ҳошиясини.
Тонгда туриб куйлар қушлар ҳам
Ўзбекистон мадҳиясини.
* * *
Қайдасан деб сўрамагин,
Мен кўнгил тарафдаман,
Сен менинг жонимсан деган
Ширин тил тарафдаман.
Қирмизи қабодаман,
Қизил гул тарафдаман,
Баргида дурри шабаррўз
Атиргул тарафдаман.
Чучмомалар чироқ ёққан
Нурли йўл тарафдаман.
Ўзбекистон деб куйлаган,
Шод булбул тарафдаман.
Ойдин оқшом ғазал айтган
Ойдин дил тарафдаман.
Фузулийда, Яссавийда,
Мен Бедил тарафдаман.
Навоийда ҳам Бобурда,
Аҳли дил тарафдаман,
Аҳли хушфеъл, аҳли хуршид,
Хушнуд эл тарафдаман.
Байрамдаман, хуррамдаман,
Тўй, сайил тарафдаман.
Юртни ғафлатдан уйғотган
Ул фозил тарафдаман.
* * *
Кўнглим кўнгли гулга пайванд бўлибдир,
Таъбим фасли гулга пайванд бўлибдир.
Мен қайдан билибман, сени кўргандан
Кўзим ашки селга пайванд бўлибдир.
Мен қайдан билибман, севги бешафқат,
Сабзаворим чўлга пайванд бўлибдир.
Дедилар, ишқ йўли борса хатарли,
Борса келмас йўлга пайванд бўлибдир.
Мен дедим, кўзимдан оққан дарёлар
Ошиқ деган элга пайванд бўлибдир.
Дедилар, ишқ боғин олмаларин еб
Маликалар қулга пайванд бўлибдир.
Мен дедим, саройлар, тахти равонлар
Ишқ йўлида кулга пайванд бўлибдир.
Фақат ишқ, фақат ишқ чамани мангу,
Қолганлари елга пайванд бўлибдир.
Дедилар, саҳрода ошиқлар боғи,
Тошлар гапириб тилга пайванд бўлибдир.
Бу боғда Лайлининг кўз ёшин ялаб,
Кийикчалар қўлга пайванд бўлибдир.
Дашти Kарбалога оқмиш дарёлар,
Магарким дил дилга пайванд бўлибдир.
Дунёнинг энг нурли йўли, ишқ йўли
Ажал келмас йўлга пайванд бўлибди.
БАҲОР ХАБАРИМ БОР
Менинг не ишим бор бехабар билан?
Баҳор хабарим бор, гул хабарим бор.
Бир қўшним Лайлидир, бир қўшним Ширин,
Юракка борувчи йўл хабарим бор.
Бағритош, тошларинг бошимга тегмас,
Тошларни қайтарар Муқбил хабарим бор.
Гулистон авлодман, нурдан бунёдман,
Гулзодлар наслига сингил хабарим бор.
Менинг не ишим бор бехабар билан?
Парилар юртидан дил хабарим бор.
Бир қўшним Зуҳродир, бир қўшним Узро,
Муҳаббат боғига кел, хабарим бор.
Оловда ёнмасман, сувда чўкмасман,
Қақнус хабарим бор, булбул хабарим бор.
Қачон тарк этасан зимистонингни,
Ғаним, зулматингдан кечгил, хабарим бор.
Менинг не ишим бор шумхабар билан?
Шодлик хабарим бор, шоддил хабарим бор.
Бир қўшним Зуҳалдир, бири Зулайҳо,
Юсуф хабарим бор, Бедил хабарим бор.
Оламнинг гуллари қалбимга кўчмиш,
Фасли ишқ сайлида сумбул хабарим бор.
Бахтим, шу гулларни дилларга элтиш.
Оқилу оруфу одил хабарим бор.
Менинг не ишим бор бехабар билан?
* * *
Шу Ватанни севаман жондан,
Севдим, яна гўзал бўлди у.
Оққуш бўлди ҳар тушган қори,
Ҳар ёмғири асал бўлди у.
Қўлимга сув қўйди булоғи,
Шамоллари тутдилар сочиқ,
У қўлини очгани сайин
Йўли бўлди шунчалар очиқ.
Шу Ватанни севаман жондан,
Севдим яна дилбар бўлди у.
Оқ каптарлар – опам, синглиму
Жайронлари жигар бўлди у.
Гулзор ичра хонқизчалари
Лабин қўйди бармоқларимга.
Мусичаси тунлари юввош
Юриб чиқди қабоқларимда.
Шу Ватанни севаман жондан,
Севдим, бахти бекам бўлди у.
Бўричалар эмишганларим,
Қоплонлари акам бўлди у.
Шеърларимга сарлавҳа ёздим
Кийик ўтган сўқмоқларидан.
Ҳайратимнинг нафасин сездим
Қизғалдоқнинг титроқларидан.
Шу Ватанни севаман жондан,
Севдим, қатра қоним бўлди у.
Кўзим, сўзим, умри баёним,
Жоним бўлди, жоним бўлди у.
* * *
Ўзинг айт, қурбонинг бўлай,
Ўзинг айт, садағанг кетай.
Кўзим фақат гулни кўриб,
Тиконни кўрмаса, нетай?
Мен қандайин ўқ емайин,
Мен қандайин йиқилмайин?
Кўзим оққушларни кўриб,
Камонни кўрмаса, нетай?
Бу кўнгил, мафтуна кўнгил,
Қандайин бартараф этай?
Кўзим бахтлар саройида,
Вайронни кўрмасам нетай?
Олма отиб ўйлаюрман,
Гулга ботиб ўйлаюрман.
Майда-чуйда фойдасию
Зиённи кўрмасам нетай?
Тунлар ойнинг ёғдусида,
Ойна кўлнинг кўзгусида.
Фаришталарни кўрсам-у,
Шайтонни кўрмасам нетай?
Қошимга қўнса қалдирғоч,
Бармоғим ўпса бўзтўрғай.
Чумолига қўл узатиб,
Чаённи кўрмасам нетай?
Салом бермай ўтди дермиш,
Ўзинг айт, қандайин қилай?
Бўйи чумолидан ҳам паст
Ултонни кўрмасам нетай?
Нафасидан боғлар сўлиб,
Кир ичлари кирга тўлиб,
Баъзан бари бирга бўлиб
Ўлдирса, ўлмасам, нетай?
* * *
Сен деганда кўзимда нам,
Сен деганда бошгинам хам,
Эй меҳрибон, эй муҳтарам,
Унутмоқ касби одатму?
Сен келмассан, мен бормасман,
Рутубатда учган хасман,
Ўлсам ҳамки кел демасман,
Бу хорлик тож ила тахтму?
Ишқ оловми – ўчолмасим,
Оловда кўз очолмасим,
Эй олтиним, эй олмосим,
Бу оғриқ жонга роҳатму?
Ишқи йўқлар бордир, ишон,
Толиби май, масту мастон,
Эй паришон, лутфи эҳсон,
Севолмаслик ҳам санъатму?
Бўғзимда тош қотган сўзим,
Сен жим, мен жим, бу олам жим,
Эй анисим, эй азизим,
Бу жимлик буюк неъматму?
Кимга ёз, бизга аёзму?
Бу турбадлар ҳали озму?
Эътирозим, эй эъзозим,
Бу фурқатлар фароғатму?
Нур сочиб турар ҳасратим,
Гул ёғиб юрар ҳайратим,
Эй иззатлим, эй ҳазратим,
Бу бахтсизлик бизга бахтму?
* * *
Парилар мулкида – Боғи Шамолда,
Қирмизи олмалар пишди, тўкилди.
Мен унга олмалар бермоқчи эдим,
Мен унинг кўзларин кўрмоқчи эдим.
Ошиқлар мулкида, шамлар илкида,
Ипак кўйлагида куйди парвона,
Шамида парвона бўлмоқчи эдим,
Мен унинг кўзларин кўрмоқчи эдим.
Фозиллар юртида, азми Тошкентда,
Марварид оқ тутлар пишди, тўкилди.
Мен унга оқ тутлар бермоқчи эдим,
Мен унинг кўзларин кўрмоқчи эдим.
Жонимга сайёдим, файзи фаёдим,
У унсиз фарёдим, у гўзал ёдим.
Ёди-ла бир умр юрмоқчи эдим,
Мен унинг кўзларин кўрмоқчи эдим.
Боғдагилар учрашар, боғлар учрашмас,
Одам тоғ эмас-ку, тоғлар учрашмас.
Боғ бўлиб, тоғ бўлиб турмоқчи эдим,
Мен унинг кўзларин кўрмоқчи эдим.
Ошиқлар мулкида – Боғи Баландда,
Боғи Ферузада, ул Самарқандда,
Абадий баҳор бор, абад сўлмайди.
Ошиқлар ўлса ҳам, ишқи ўлмайди,
Ул боғда бир умр қолмоқчи эдим,
Мен унинг кўзларин кўрмоқчи эдим.
ОНАМ ОЙНИНГ ҚИЗИ
Онам ойнинг қизи ойшаҳар эди,
Отам тоғлар ўғли тошчайнар эди.
Онам оҳуларнинг кўзидан ўпиб,
Отам айиқ билан тош ўйнар эди.
Онам айтса, селлар ўпкасин босиб,
Айланиб ўтишни йўлин қиларди.
Отам саратонга чой дамлаб бериб,
Ўтгану кетгандан гурунг қиларди.
Бир муанбар ўйлар, муаттар бўйлар,
Онамнинг бошида дурраси эди.
Рашк деган жойида, феъли айниса,
Отам изғириннинг жўраси эди.
Қаҳратон қақшарди қизғонишидан,
Биз музлаб қолардик, қотиб қолардик.
Эркак зоти келса дарвозамизга,
Ҳовлининг тўрига қочиб қолардик.
Қаттиқ қизғонарди отам онамни,
«Тишингни оқини кўрсатма!» – дерди.
Онам яйрамади унинг зуғмидан
Эр деган шундайин бўлади» – дерди.
Отам ҳовлимизда кўтарса бўрон,
Учта қиз эшикни очганча қия,
Сим – сим йиғлар эдик, жим йиғлар эдик,
Ўксирдик онамни севмайди дея.
Онам вафот этди қирқ бир ёшида,
Кўп эрта чорлади у дунёи чин.
Отам кўникмади онамсиз бахтга,
Отам уйланмади онамдан кейин.
Биз эса...
Ўксибмиз онамни севмайди дея.
Онам ойнинг қизи ойшаҳар эди,
Отам тоғлар ўғли тошчайнар эди.
* * *
Кимнингдир йўлида учрагандирсан,
Мен сенга қон йиғлаб етдим ҳақиқат.
Сувингдан бир ҳовуч ичмоқлик учун,
Бир дарё оғулар ютдим ҳақиқат.
Гулгун ёшлигимни эгди хиёнат,
Аччиқ кўз ёшларда оқдим ҳақиқат.
Юракни нишонга олганда туҳмат
Сен томон умид-ла боқдим ҳақиқат.
Кимларнидир кутиб толиққандирсан,
Мен сен деб оташдан ўтдим ҳақиқат.
Кимнидир йўлида йўлиққандирсан,
Мен сени бир умр кутдим ҳақиқат.
Тоғда гулхан ёқиб аждарлар билан
Сен ҳақда суҳбатлар қурдим ҳақиқат.
Қотил бўлмасин деб илон парига
Кафтимда шакарлар бердим ҳақиқат.
Мунгли достонимни эшитиб туриб,
Девлар қишлоғимга олов ёқмади.
Қирқ кун Вахшувордан кўчган илонлар,
Муздай тегиб ўтди, аммо чақмади.
Қашқирлар ўраган ёлғиз от эдим,
Қорларга тўкилган қоним – ҳақиқат.
Тирик қолиш учун ҳар куни ёндим,
Сен бунча кечикдинг, жоним ҳақиқат.
Энди йиқилмайман, энди ўлмайман
Ҳайбати ҳақиқат, қудрати ҳақиқат.
Сен келдинг, изингни кўзга сургайман,
Ҳазрати ҳақиқат, ҳазрати ҳақиқат.
СОҒИНЧ ХАНЖАРЛАРИ
Соғинч ханжарлари жонимни пойлар,
Сизни деб, бу юрак зардоблар бойлар,
Сизни деб кўзлардан кўримас сойлар.
Бизни ҳам гоҳи-гоҳ эслаб қўйгайлар.
Мен - нима, дарёда оқаётган гул,
Мен – кема, ўпқондан омон чиққан ул,
Мен - тугма жонидан игна ўтган қул.
Бизни ҳам гоҳи-гоҳ эслаб қўйгайлар.
Армоннинг белида кетган қийиғим;
Аслёр, асилзод, асл суйигим,
Юракни япроқдек еган кийигим,
Бизни ҳам гоҳи-гоҳ эслаб қўйгайлар.
Кўнгил тахтларига пешладик сизни,
Кўклам қушларга дўстладик сизни,
Гул чоғи, гул бўлиб эсладик сизни.
Бизни ҳам гоҳи-гоҳ эслаб қўйгайлар.
Ҳийлага учганнинг жони жазода,
Жодугар иши бу, ё макри бода,
Қурбақага ишқи тушган шаҳзода.
Бизни ҳам гоҳ-гоҳ эслаб қўйгайлар.
Зулфия МЎМИНОВА