ЯРАЛМИШ
Адиба УМИРОВА
ЯРАЛМИШ
Худойим,
ишқ билан кўнглимга боқиб,
Етти кун ичида дунёни ўйчан.
Етти руҳ, етти шам, етти фалакнинг
нуридан яратиб қўйганда бўйчан.
Келажак тимсоли эди Одам ҳам,
Эзгулик муждаси – Ҳавво бор эди.
Жаннат дарахтининг томирларига
Улаб кетганида ҳаётим энди.
Мен унда тириклик куйчиси эдим,
Буғдойнинг ширали ифоридан маст.
Ҳавога сочилган гуллар ҳидидан
Эсанкираб бошим айланарди рост.
Боғлар хаёл сурар бирам чиройли,
Уфқ қандай гўзал кўринар кўзга.
Капалак тилида, қушлар тилида,
Юлдузлар тилида сўзлардим сизга.
Ташвиш йўқ, қайғу йўқ, армон йўқ эди,
Мен учун афсунгар оламнинг ярми.
Ҳар тонг уйғотарди эркалаб Ҳақнинг
"Яша",
"Сев",
ва
"Ўқи", деган бир амри.
Балки, билармидим, амрин бажарсам,
Кўнгилдан улуғроқ,
сўздан улуғроқ,
дунёдан улуғроқ
бир Ҳақ борлигин,
Бир Ишқ борлигини
ғамлардан йироқ.
Кўк ҳаққи,
ер ҳаққи,
туз ва сув ҳаққи,
Нон ҳаққи – азоблар ботса ҳам дилга.
Ўзим севган адам боғларини ҳеч
Исён, ғазаб билан олмасдим тилга.
Балким,
билмасмидим
ўлим борлигин,
Ўлимдан сўнг нелар кечишини жим.
Қон билан, сув билан дунёга келиб,
Қон билан, сув билан йиғлаб кетишим.
Тегирмон чархининг тошидек оғир
Бир кунлар айланар бошимда энди.
Ҳеч ким билмас,
ҳеч ким,
ичимда, ахир,
Биллурдек бир денгиз ойнаси синди.
Қашшоқ,
кўр,
яланғоч осмон остида
Етти кундан бери кўтарганча шам.
Бетоқат кутарман келармикан, деб,
Дардимни олгани бирорта одам.
Гарчи, хоҳишим йўқ,
кўнгил,
танада,
Қонда совиб кетган ҳайратлар бари.
Вайрона ҳисларнинг бандаргоҳидан
Руҳимни ҳайдайман зулматдан нари.
Жонимга жон қўшиб этарман пайванд,
Пайвандим не бўлар, эрта, билмайман.
Бир алвон ип билан қолган умримни
Ҳаётга улайман,
гулга улайман.