Азизим бўлгайсан абадий, ишон


***
Бир юлдузман, ой ёнида юрмаган, 
Ошиқдирман, кўнгил иши унмаган, 
Асли гулу бойчечагин кўрмаган,
Баҳордирман, йўлин кузга бермаган.
    Тушларимдай узун экан бу йўллар, 
    Бу йўлларни чигал қилган шу, диллар, 
     Муҳаббат деб шовуллаган, тинмаган, 
     Дарахтдирман, синганига кўнмаган.
Ўйланг, майли мени: “Кибри ҳаволи!”,
Мен ишқ аҳлин сири, асрий саволи. 
Шаҳар бериб Ҳофиз ёрга етмаган,-
Қўшиқдирман, соз синса ҳам сўнмаган.
    Умид қушим отди “дўсти ҳабиблар”,
    Унга малҳам тополмади табиблар,
     Шу малҳамнинг армонида йиғлаган,
     Бир шоирман, шеърларига сиғмаган.
Бугун далли, дарё бўлди ҳикматим, 
Балки бу шеър менинг сўнги суҳбатим,
Дунё ўзи бир  ажиб тор томошагоҳ экан,
Унда кўринар баъзан гуллар мисоли тикан,-
-Муҳаббат деб шовуллаган, тинмаган,
Дарахтдирман синганига кўнмаган!...
          
***
                                               “Дилда дардинг бўлмаса, 
сардафтаримни кавлама....”(Машраб)

Ғамнинг ханжарини кўнгилдан уздик,
Энди йиғлар бўлдик сариқ, зангори.
Ҳасрат кемасида кўп узоқ суздик,
Вале кўринмади ёрнинг ангори.
Бўйнима осганим-андуҳ ўлани,
Лабима босганим-фироқ майсаси.
Ҳис қароқчисига роса таланиб,
Эришганим шулдир-ғурур арсаси.
Қайдан насиб бўлди менга бу эъзоз,
Қайдан келиб қолдинг қалбима меҳмон,
Сен қол, мен кетарман айлаб араз, ноз,
Сийрат кокилига осилгансимон.
Ғамнинг ханжарини кўнгилдан уздик,
Энди  ўлар бўлдик сариқ,, зангори.
Ва кўзнинг ёшидан бир денгиз туздик,
Унда сузиб юрар қайғу динори....
        
ВИДО

Азизим, азизим бўлгандинг кўпдан,
Азизим бўлгайсан абадий, ишон.
Сен мени энди ҳеч кўрмассан қайтиб
Ва бахтли бўлмайман мен ҳам ҳеч қачон.
Азизим, азизим бўлгандинг кўпдан,
Азизинг бўлмоқлик бўлмади насиб.
Васлингга дунёни алмашай девдим,
Ҳижронинг  дунёмни қолди-ку босиб.
Кетгайман қайғули қўшиқлар айтиб,
Ёнингда бўлади севгилинг,
ишон,
Сен мени энди ҳеч кўрмассан қайтиб
Ва бахтли бўлмайман мен ҳам ҳеч қачон...
    
  ЯНА СЕНГА

-Ул зот йўқми?
-Келмайдими?
Соғинч рангин сезмайдими?
Ишқ бир суврат тугалмаган
мусаввирим чизмайдими?
Кўзларингда бир қатра ёш,-
Қўй, у акси бу оламнинг.
Шабнам учар чиқса қуёш,
Сен қуёши бир одамнинг.
-Қуёш йўқми?
-Чиқмайдими?
Тунчироқлар ундан хабар.
То оламда нур бор экан
Заррагина миқдор қадар,-
Ҳасратимда, умидимда,
Ҳужайрамда бир малол бор,-
-Гўзал йўқми?
-Келмайдими?-
Энг шоҳ бўёқ-бир савол бор.
-Ул зот йўқми? Келмайдими?
Ранг топганим сезмайдими?
Ишқ бир суврат тугалмаган,-
Мусаввирим чизмайдими?

Гуландом ТОҒАЕВА










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот