Салом менинг севимли Алгебрам. Йўғе Алфиям. Сени жуда соғиндим. Кўришмаганимизга чамаси 4 ойу, 2 ҳафтаю, 5 куну, 12 соату, 36 дақиқаю 13 сония бўлди. Шу вақт ичида сени жуда соғиндим. Эсингдами биринчи бор кўришганимиз. Ўшанда сен менинг кўзимга пифагор жадвалидек содда, геометрик ўқлар сингари гўзал кўринган эдинг. Кўзларинг мисоли бир айлана, қадди қоматинг эса тўғри тўртбурчак шаклларини эслатарди. Ўшанда биз анча вақтгача карра жадвалини ёдладик. Эндигина бир биримизга кўникиб, кўпайтириш амали устида бош қотириб турганимизда, қаердандир номаълум Х,У, экс игрик, одамлар пайдо бўлиб бизни қавс ( ) ичига олмоқчи бўлишди. Уч томондан ўраб олиб учбурчак шаклда қўлга туширмоқчи бўлишди. Лекин биз ҳам бўш келмадик, уларни илдиз остида қолдириб ўзимиз параллел чизиқлари бўйлаб қочиб қолган эдик. Эртасига яна учрашдик. Негадир сен хомуш эдинг. Сабабини сўрасам сенус ишорасида онанг билан келганингни тушунтирдинг. Онанг сенга косенус ишорасини қўллаётган эди. Билдимки онанга ёқмадим. Шундан сўнг орамизга минус - тушди. Шу минусни плусга + айлантиришга ҳарчанд ҳаракат қилмай бўлмаяпти. Нима қилишни билмай бошим қотди. Эплолмаяпман. Умримда бунақа қийин мисолга дуч келмагандим. Сен қайғурма жоним. Мен барибир буни яхши томонга ҳал қиламан. Нима қилиб бўлсаям барибир сенинг масалангни ечаман. Биз албатта бахтли бўламиз. Сендан гўзал бир қиз, мендан эса алп қомат ўғил қолдиқ қолади. Чунки сени жудаям яхши кўраман гўзалим Алгебрам, йўғе Алфиям.
Зоҳид ШОМУРОДОВ - Ўзбекистон Давлат Сатира театри актёри ва қизиқчи.