ВАТАН БУ
Момолари, боболари, ўғил-қизлари,
Қош-кўзимга ўхшаб кетар қошу кўзлари.
Бешигимнинг чизилдилар шунда излари,
Юрагимнинг тубларида қолган Ватан бу.
Улкан халқ бу, бир тупроқда уруғ-аймоқдай,
Минг йилларким, яшаб келар, жони ўймоқдай.
Тақдири гоҳ тўзғиб кетган момоқаймоқдай,
Гиёҳларнинг чўпларида қолган Ватан бу.
Ул ҳам бизни "фарзандим" дер, дардлари ўлиб,
Бир кўз билан боқар бизга, меҳрга тўлиб.
Атрофида тизилишдик мижгондай бўлиб,
Киприкларнинг тўпларида қолган Ватан бу.
Бир элки бу, ғайратидан Қуёш ҳам шошган,
Қумни титса - тилла топган, шуҳрати ошган.
Таёқ суқса - ҳосил олган, ризқ-рўзи тошган,
Деҳқонларнинг "хўп"ларида қолган Ватан бу.
Ай оғалар, балки ҳали ёшман, ғўраман,
Лекин фақат "юрт" деганга элман, жўраман.
Ким бўлсам ҳам ўз еримда бекман, тўраман,
Шажарамнинг тупларида қолган Ватан бу!
Бобур БОБОМУРОД.