Ватан ягонадир
Дерлар, ширин сўзнинг гадолари кўп, Ёниб турган кўзнинг адолари кўп,
Юртлар бор, ҳаттоки худолари кўп,
Ватан ягонадир, Ватан биттадир.
Кездимки, дунёнинг йўллари узун,
Фаҳми ноқисларнинг қўллари узун,
Аммо барчасининг кўрари,кўзи:
Ватан ягонадир, Ватан биттадир.
Кимдир дўстларини сотиши мумкин,
Кимдир ўзига ўқ отиши мумкин,
Ўқ ўтмас қалъанинг борлиги ҳам чин:
Ватан ягонадир, Ватан биттадир.
Ватан деб Ватандан кетганлар айтсин,
Соғинч ёқасидан тутганлар айтсин,
Пушаймонлик заҳрин ютганлар айтсин:
Ватан ягонадир, Ватан биттадир.
Нега учган қушлар қайтади бот, бот,
Қозиғини излаб келар учқур от,
Дунёда бор бўлсин меҳр, оқибат,
Ватан ягонадир, Ватан биттадир.
Менинг Темур бобом, соҳибқироним,
Асрларни енгиб елган бўроним ,
Қонидан қўшилган бир қатра қоним,
Ватан ягонадир, Ватан биттадир.
Ер юзин қаратган кўркам Самарқанд,
Қирқ йил шоҳи бўлган Улуғбекдек мард,
Кўксимдаги қувонч, кўксимдаги дард,
Ватан ягонадир, Ватан биттадир.
Биров бор, онасин ташлаб кетади,
Биров бор, онасин ташлаб кетади,
Аммо Ватан ташлаб кетмас ҳеч қачон,
Ватан ягонадир, Ватан биттадир.
Нега томиримга сиғмай борар қон,
Эрларнинг жони ўн, меники қирқ жон,
Бер деса, барини қиламан қурбон,
Ватан ягонадир, Ватан биттадир.
***
Суҳбати хуш ёнимда шукур,
Тангрим, сенинг эҳсонларинг нақд.
Нега бунча қисқадир бул кун,
Нега бизга етишмайди вақт?
Ошно бўлдик қалб сиримизга,
Бахт айланди асиримизга,
Тўймай қолдик бир-биримизга
Бизга мудом етишмайди вақт.
Ҳар гал юрак очилмай қолар,
Битта тугун ечилмай қолар,
Битта кўнгил кечилмай қолар
Бизга фақат етишмайди вақт.
Ғамлар учун ҳамиша вақт бор,
Айрилиқда фурсатлар бисёр,
Этмоқ бўлсак кўнгилни изҳор,
Бизга доим етишмайди вақт.
Хосият БОБОМУРОДОВА - "Шуҳрат" медали соҳибаси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Халқ таълими аълочиси.