Қирқ биринчи йил олмалари
Зулфия МЎМИНОВА
ТУФЛИЧАЛАР
Освенцимда урушнинг даҳшатли
гувоҳи ёндирилган болаларнинг
туфличалари сақланади.
Туфличалар...
Ўша қора кунда, нотинч ҳовлида
Болалар оёғин ўпиб йиғлади.
Боғчалар йўлида, мактаб йўлида
Ўқлар тинишини кутиб йиғлади.
Туфличалар...Бирига қирмизи қон доғи теккан,
Бирининг пойи йўқ, бирин ипи йўқ.
Йиртилган одамхўр тишлари теккан
Бирининг ёнини шилиб ўтган ўқ.
Туфличалар...Уюлиб ётибди мингтадан ортиқ
Эгалари мангу ухлашгани рост.
Узилган иплари менинг шу оғриқ
Юрагимга келиб туташгани рост.
Туфличалар туш кўрар... тушларки ёмон -
Ҳаммасини ечиб отади қотил.
Фасллар туш кўрар... тушларки ёмон,
Печларга қўлини узатади куз.
Туфли уюмига бош уриб ҳамон
Бева аёл каби кузатади куз.
Замин, илма–тешик кўйлагинг нечта?
Сен уларни ямаб битирганинг йўқ.
Освенцимда юрмай турган туфлича -
Менинг оромимда санчаётган ўқ.
Ювиб қуритишга изингни уруш
Бегуноҳ қонларнинг сели етарли.
Мангу кўр қилишга кўзингни, уруш,
Ёнган болаларнинг кули етарли.
***
Бу кампирнинг алаҳловчи туш уйқулари
Беш қора хат панжасида сиқилиб ётар.
Сўлғин лабда синиб кетган нимкулгулари
Беш қора хат оёғига тош бўлиб ботар.
У ҳар туни ранги ўчган гилам устида
Беш суратни қатор қўйиб, суҳбат қуради.
Бўз тусида, сўнг бор боққан бемор тусида
Остонага қор аримас бошин уради.
Йўлчи дўстим осмонларга қарайвермасдан,
Қара, яшар бир ўтовда бир кампир ёлғиз.
Ундан ойни, ундан аршни сўрайвермасдан,
Сўра, уфқ қайдан бунча ярадор қирмиз?
Ундан сўра вақтнинг тиши нега қизил қон?
Вақт кампирнинг кўз ўнгида неларни еди?
Ундан сўра ўлим билан олишган хазон
Кузнинг совуқ кўзларига нималар деди.
Мен йиғлайман, ҳозиргина ўтовдан қайтдим,
Кўзимдаги оғриқларни кўзга олмангиз.
Мен шеър айтдим, мен дард айтдим нимаки айтдим.
Сиз ҳам мендек хазонрезда ўйга толмангиз.
Бу ўтовда яшаб келар бир кампир ёлғиз -
Кулимсираб ўлимлигин санаётган жон.
Бу ўтовнинг ёнидаги ғоят ғамгин қиз -
Қизғалдоқнинг биттагина кўйлаги ҳам қон.
***
Ҳандақда кўз юмди ярадор,
Лабларида қип-қизил савол.
Қонни кўриб чўчиб тушди қор,
Ёқа ушлаб югурди шамол.
Она ёлғиз қолган ошёнга,
Ғарб томондан бўзлаб борди у.
Кутишлардан чўккан айвонга,
Кўргуликни сўзлаб борди у.
Олисда рўй берган хатардан,
Огоҳ бўлган онажон - қишлоқ.
У қайтмайди. Мусибатзорда
Бир кечада занглади ўроқ.
Шу кеч она туш кўрди ёмон,
Ташқарига чиқди азонда:
“Болаларинг омонми осмон,
Ким қон тўкди уфқ томонда?”
***
Тошкент вилояти Янгийўл туманида яшаган Зулфия Зокирова Улуғ Ватан урушига бирин–кетин бешта ўғлини кузатди. Бешта ўғил ҳам урушдан қайтиб келмади. Улардан келган қора хатларда “Ўғлингиз душман билан кечган оғир жангда қаҳрамонларча ҳалок бўлди”- деб ёзилган эди.
Ғалаба!
Бешта боласидан айрилган аёл,
Ишонмай титради: “Тушимми – ўнгим?”
У оғир йўлларда оғир бир савол,
У менинг ўланим, у менинг мунглим.
Сен уни чақиргин даштдан - ёбондан,
Жим йиғлар кетмонга суянган аёл.
Хушхабарчи бўлиб имла шийпондан,
Ортидан боладек эргашсин шамол.
Ғалаба.
Бу сўзни далада эшитди аёл,
Узоқ титраб қолди, туриб қолди тик,
Озғин елкасида сирғалди рўмол,
Чўпдек оёғида хўрсинди этик.
Сен чақир бўз кўйлак кийган сабрни,
Ғалаба қўлин тут, айлан тиргакка.
Ахир жуда оғир бешта қабрни
Кўтариб чопмоқлик битта юракда.
***
1941 йил.
Эртага урушга жўнаб кетар у...
Гўшанга, келинчак, оқ либос ва шам
Титради: Ватан бу- энг буюк шодлик,
Титради: Ватан бу - энг муқаддас ғам.
Икки ёш юракка дахлдор сўзлар,
Хотир сандиғига тахлаб ташланди.
Соғинчда йиғлаган баҳорлар, кузлар
Хотир сандиғига михлаб ташланди.
Кутилган вақт ўтиб ўғил кўрди у,
Келинчак, беланчак, мактублар ва шам
Титради: Ватан бу- энг буюк шодлик,
Титради: Ватан бу – энг муқаддас ғам.
Алласида оғу- зорни ухлатиб,
Қайтиб тўлишмади, тўлиб кулмади.
Сочида ҳеч кетмас қорни ухлатиб,
Кутгани жанггоҳдан қайтиб келмади.
Сонсиз фарёдларнинг биттасидир у,
Сонсиз фарёдларга қўшилиб у ҳам
Титради: Ватан -бу энг буюк шодлик,
Титради: Ватан -бу энг муқаддас ғам.
Қирқ биринчи йил олмалари
Ўзбекистондан Ленинград қамалида қолганларга йигирма вагон олма ва бошқа қуритилган мевалар жўнатилди.
Бу тарихий қирқ биринчи йил олмалари эди.
Қамалда олмалар...
Бомбапанадаги гўдак қўлида
Ҳар олма қамалнинг устидан кулди.
Бегуноҳ қон томган фронт йўлида
Санбат олмалар ҳидига тўлди...
Эркалик қилишни унутиб қўйган
Болаларни бир-бир ўпди олмалар,
Беморларга томон, меҳрга тўлган
Ҳамшира қизлардек чопда олмалар.
Қамалда олмалар...
Олмаларни тишлаб, қалтираб, титраб,
Кимдир чайнамоқдан ҳаловат туйди.
Бошин айлантириб азиз бир хаёл
Кимдир ҳидларининг ўзига тўйди.
Қамалда олмалар...
Бу хабарни душман эшитиб юриб
Куйди, топа олмай ҳеч бир аъмолни.
Бегуноҳ одамлар қўлида туриб
Олмаларнинг ҳиди ёрди қамални.
Она – Ўзбекистон,
Уйинг тўла бола, елкангда кетмон,
Сендан олма олиб ортиб кетган эшелон,
Меҳр олиб келди йигирма вагон.