ИЗҲОР
Мунаввара УСМОНОВА
ИЗҲОР
Бирида болангман, бирда боламсан,
Гоҳида аллаю гоҳи аламсан.
Отамдай соғиниб, боламдай суйиб,
Кунимга куйганим, мунис онамсан,
Ҳар лаҳза керагим – коримсан, Ватан!
Қуламас деворсан – отам тиклаган,
Тугамас дуосан онам тилаган.
Тебратган бешигим, ётган бешигим,
Сен нурсан, жонимни ўтга ўраган.
Соғинган меҳробим – тўримсан, Ватан!
Аждодлардан мерос мукаррам тупроқ,
Яхшилар йўлида сўнмаган чироқ,
Кўркли, кўкингдаги лочин болангман,
Йўлаган қузғунга соламан титроқ,
Юксак чўққидаги қоримсан, Ватан!
Сени бешик дедим, мен бедор дедим,
Суяган тоғ дедим, мардга ор дедим.
Кафтимда чўғ тутиб ҳайқиргум бугун,
Бўлса сендай макон битта бор дедим.
Жаннатим, иймоним – боримсан, Ватан!