Муаллим деганимда Ватан келар ёдимга
Ўзбекистон Халқ ўқитувчиси, ”Эл-юрт ҳурмати” ва “Буюк хизматлари учун”орденлари соҳиби, “Қоракўлча ўқитиш методикаси” асосчиси Тўхтамурод Жумаевга бағишланади.
Бардошмисиз, сабрми?
Ташна дилга абрми?
Кечиримли кабрми?
Муаллим деганимда
Уммон келар ёдимга.
Баҳори кузидан кўп,
Ғунчаси ўзидан кўп,
Савоби изидан кўп,
Муаллим деганимда
Бўстон келар ёдимга.
Меҳрлар иниб турган,
Ирмоқ интилиб турган,
Қалдирғоч қўниб турган,
Муаллим деганимда
Ошён келар ёдимга.
Олам унга термулар,
Одам унга термулар,
У-чи ерга термулар,
Муаллим деганимда
Осмон келар ёдимга.
Сен улуғ миллат деган,
Сен қутлуғ элат деган,
Тошларни гуллат деган,
Авлонийю Беҳбудий,
Чўлпон келар ёдимга.
Олтинга ор солмаган,
Қўлёзмаси ёнмаган,
Ёзганидан тонмаган,
Мунаввар Қори,Фитрат,
Ирфон келар ёдимга.
Шогирдсевар Миртемир,
Ойбек, Шайхзодадек - дур,
Юракдаги Кўҳинур,
Муаллим деганимда
Достон келар ёдимга.
Эй, халқимнинг ҳикмати,
Эй, элимнинг қудрати,
Навоийдек ҳазрати,
Муаллим деганимда
Султон келар ёдимга.
Кундизи ерда юрган,
Тунлар осмонда юрган,
Юлдузлар салом берган,
Темурийзот Улуғбек
Ҳоқон келар ёдимга.
Тириклик нон ташиган,
Ҳар кун, ҳар он ташиган,
Чумоли дон ташиган,
Муаллим деганимда
Хирмон келар ёдимга.
Номусу шондек азиз,
Тоза имондек азиз,
Инсонга жондек азиз,
Муаллим деганимда
Қуръон келар ёдимга.
Жонда-ипак ичинда,
Дуо тилак ичинда,
Ўрни юрак ичинда,
Муаллим деганимда,
Ватан келар ёдимга.
Зулфия МЎМИНОВА - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира.