ЕТИМ БОБО
Қўчқор НОРҚОБИЛ
ЕТИМ БОБО
Ҳикоя
— Момо, мен келдим.— Бунча кеч қолдинг? Мактабинг ҳам бор бўлсин.
— Момо, биз Етим бовоникига бордик. Касал экан. Уй ишларига қарашдик.
— Айланайин Сендан, савоб иш қилибсизлар.
— Момо...
— Нима?
— Етим бово энди ўладими?
— Бу нима деганинг, эси йўқ?
— Бово муаллимимизга “Мен ўлсам манави жужуқларинг билан “Етим бовомлаб” йиғланглар”, — деди-ку.
— Э-ҳ-ей, Худойим-а, бечоранинг тағинам жони тош экан.
— Момо, нега у кишини ҳамма Етим бова дейди?
— Уни уруш етим қилган.
— Катталар ҳам етим бўладими?
— Ҳа.
— Момо, Етим бова зўрға, инқиллаб-синқиллаб гапирди: “Мен урушни енгдим. Уни ўзим билан ернинг остига олиб кетаман”, деди.
— Тўғри айтибди бовонг. Гўдаклигида отаси урушда ўлиб кетган. Етим ўсган. Пешонасига офтоб тегиб тинч замонда элнинг қадди, юртнинг қадри бўлган маҳалда ёлғизгина ўғли Нурбой ҳам афғон урушига кетди. Ўлиги қайтди. Бундай одамнинг сояси ҳам ерга оғирлик қилади, болам. Лекин бовонг чидади, айтдим-ку, жони метин экан. Чин, бовонг урушни енгди, шунча дарду-ҳасрат билан тўқсонга кираяпти. Умри узоқ бўлсин, илоҳим... Бовонгнинг юки оғир, болам.
— Момо, урушнинг дарди шунчалик оғирми?
— Оғир болам, оғир.
— Бизлар бовомга ёрдамлашсак, ўша оғир юкни биз ҳам...
— Жим!!! Жим, болам, ундай дема! Бу юкни бовонг бошқаларга бермайди, бошқалар кўтармасин, дейди-да. Урушнинг уйи куйсин.
— Момо, Сиз урушни ёмон кўрасизми, қарғайсизми?
— Ҳамма ёмон кўради.
— Мен ҳам ёмон кўраман. Мен боламан-ку, болалар ҳам урушни қарғаса бўлаверади-а?
— Бўлади. Ҳеч кимни, ҳеч нимани қарғамасанг ҳам урушни қарғайвер, болам.
...Болакай бир нуқтага тикилиб қолди. Қилтаноқдайгина қариянинг шундай оғир юкни қандай кўтара олиши ҳақида ўйларди. У айни дам болалик билан ҳам хайрлашаётганди.
P/S. Орадан йиллар ўтди. Дунёнинг нуфузли адабий давралари “Урушнинг оғир юки” деган китоб ҳақида бонг ура бошлади. Китоб муқовасига ўзбек адибининг дасхати урилганди: “Мен бу китобимни Етим бобомга бағишладим...”.