БОБОЛАРИМНИНГ ГЎЗАЛ ЁЛҒОНЛАРИ
Қўчқор НОРҚОБИЛ
БОБОЛАРИМНИНГ ГЎЗАЛ ЁЛҒОНЛАРИ
Ҳикоя
МАКТАБ
Ғалаба байрами куни тадбир тугаши ҳамоно жангчи боболарни ўзимизча “бўлишиб” олардик.
— Йўлдош бово бизники.
— Бир қўл бова, анови, Саттор бова бизга.
— Чўтбой бовони биз оламиз.
— Тали бово 9-А га...
Синфма-синф бўлиниб мактаб боғида фахрли “фронтовик”ларнинг жанг саргузаштларини тинглардик.
Орадан қирқ йил ўтди. Содда ва беғубор болалик ҳам ўша боболарим ортидан биз билан хайру хуш этиб кетди. Қишлоқда бугун уруш иштирокчилари қолмади. Улар юрагида чўкиб ётган уруш оғриқлари ҳам ўзлари билан бирга олиб кетишди. Бугун бир ёзувчи, уруш кўрган адиб сифатида менга азоб бераётган саволларнинг жавоблари ҳам уларнинг қалб қўрида қолиб кетганини ҳис қилаяпман.
Эҳ, менинг беғуборгина болалагимнинг боладил боболари. Инсон умрини азиятга айлантирган минг бир оғриғу азобни ортмалаб кетдингиз, индамайгина, бировга оғирингиз тушмай, заминга оғирлик қиладиган юрагингиз оғриғини ҳам ҳатто биз болалар, жасоратпарвар ўқувчиларга билдирмай кетибсиз. Биз, шумтака болаларга ҳар бирингизнинг уруш ҳақидаги ҳикояларингиз ёд бўлиб кетган эди. Ўзимизча устингиздан кулиб қўярдик: “У уккағардинг боваси, созлаб алдади-я...” Лекин, шундай бўлса-да, сизлар тўқиган маталларни жон қулоғимиз билан тинглардик. Мароқли эди-да, мароқли. Бугун... бугун эса... ёшим элликдан ўтиб англаб қолдим, сизлар биз болаларнинг қалбимизни, шууримизни аяб-авайлаган экансиз. Шунинг учун бизни алдаган экансиз...
САТТОР БОБО
Эндигина гулдан ариган мактаб олмазорида гуруҳ-гуруҳ бўлиб давра қурган ўқувчилар уруш боболарининг ҳикоясини тинглашади.
— Бово, Исталинград ҳақида кино берди. Битта солдат айнан Сизга ўхшади. Шу Сиз эмасмикинсиз-а, бово? — дейди қитмиргина Нурқўзи.
— Исталинград бўлса, менда ўша, — дейди Саттор бово жилмайиб.
— Човиб (югуриб демоқчи) кетаётган экансиз?
— Қаёққа қараб човоётган эканман?, — ҳушёр тортади Саттор бово.
— Олға-да, олға қараб, — дейди Нурқўзиси тушмагир муғомбирлик билан.
— Олға қараб бўлса, менда ўша, — дейди Саттор бово астойдил завқланиб.
– Бово, қўлингиз Исталинградда узилиб тушган-а? — сўради Ўктам синфдош.
Бизга бовонинг нима деб жавоб бериши аввалдан маълум бўлса-да, яна унга жон қулоғимизни тутамиз. Бово шу саволга жавоб бераётиб ҳамиша бир нуқтага тикилади, сўнг бир қўли билан ён чўнтагини кавлаб носқовоғини олади-да, тиши билан тиқинини очиб, носқовоқни тўқиллатиб тили тагига нос ташлайди, бизга шу жойи ҳам қизиқ. Кейин яна жилмаяди. Бизни боплаб калака қилаётганидан юзига табассум ёйилади:
— Хуллас, шу десанглар, жанг бошланиб кетди. Сўқа-сўқда билмай қопман. Ўзиям пашистни чиққан жайига тиқиб қайтдик, камондир сўраб қолди:
— Расулов, қўл қани, қўлинг қани?, деб. Қарасам, қўлни иснаряд узиб кетган экан.
(Болалар бир-бирига маъноли қараб кулишади. Ўктам ўзича кўз қисиб қўяди).
— Бова, оласиз-а, қўл узилиб тушади-ю, оғримайдими?, — ўсмоқчилайди Шукур ошнамиз.
— Ҳа-я, менга қара, сен Эшқул калнинг невараси, айтаяпманку, жанг кучайганда, сезмай қолибман деб. Ўша пайтда қўл эсга келадими, эси йўқ... Бўлди энди, қани тарқалинглар! Ҳаммаларинг яхши ўқинглар.
ЙЎЛДОШ БОБО
Нариги даврада Йўлдош бово бир оёғини Берлинга ташлаб келгани, лаънати душманга: “Ма, шу оёқни сен олсанг олгин, фақат энди урушни тўхтат, таслим бўл”, — деб ҳушидан кетгани, кейин уруш тугагани-ю, ғалаба бўлганини госпиталда эшитганини сўзлаётган бўлади. Аниқ шундай, ана ғалаба шовқинидан бовога қўшилиб болалар “урра-а-а-а-а!!!” деб қичқиришаяпти.
ЧЎТБОЙ БОБО
Яхшиси, ана, Чўтбой бовонинг даврасига борганим маъқул. Бовонинг ҳикояси ҳам авж нуқтасига етиб қайтаётган пайти эди:
— Кейин-чи, кейин нима бўлди?
— Кейин шундай кўзимни очиб қарасам тепамда лаънати Гитлер турибди. Айтдим-ку, хандақда тупроқ остида қолган эканман деб.
— Кейин-чи, кейин?
— Автомат ҳам тупроқ тагида қолиб кетган. Шу пайти итдан тарқаган Гитлер кўзимга қўлини тиқиб олса денглар.
— Чўтбой бова атайлаб қора резина билан тўсилган кўр кўзини очиб кўрсатмоқчи бўлади.
— Э-е-ей, шартмас, очманг бовожон, оманг. Кўзингизни олдин кўрганмиз, — дейди тайсалланиб Тоштемир, — бу ёғини давом этаверинг бово, бу ёғини.
— Бор гап шу, — дейди бово ҳам қовоғини уюб, кўр кўзини болалар кўришни истамаганидан гўёки ранжигандай.
— Сиз Гитлерга индамадингизми?, — ижикилайди Шафоат.
— Нега индамайман?! Ҳаромининг чўзилган қўлини шартта кесиб ташладим.
— Уууу, уккағарди ули-ей, — дейди Нурмат.
— Гитлер ўлдими?
— Ўлади-да, тирик қоладими йўқасам...
— Уууу, уккғарди ули-ей!!!
— Бово, оласиз-а... Гитлерни ўлдирган бўлсангиз, сизга герой-перойлик беришмадими?
— Беришмоқчи бўлди. Гитлерни ўлдирасану, беришмайдими?
— Ахир берса тақардингизда, йўқ-ку, — дейди Шафоат энди очиқчасига бовонинг жиғига тегиб.
— Ўртоқ Исталин хапа бўпти-да-а?
— Ууу, уккағарди ули-ей!
— Ҳой, тирмизак. Бунча уккағарлайсан... Кимни сўкаяпсан? Сўкма. Исталинни сўкма...
— Хўп, бовожон, хўп, ўлолмаяпманми Исталинни сўкиб, — дейди Нурмат. — Исталин нега хапа бўпти? Ўлдиргангиз яхши бўпти-ку Гитлерни..., — яна қитмирлиги тутади Нурматнинг.
— Ҳ-е-ей, Чори бовоингнинг ўзгинасисан-а, эзмасан. Ахир Исталин менга у лаънати Гитлернинг тириги керак эди. У иблисга икки оғизгина гапим бор эди дебди. Эҳҳ, Шерматов уни бекор ўлдирибди-да. Тирик қолдириши керак эди, дебди. Шунинг учун геройликни эмас, манави “Қизил юлдуз”ни бериб юборибди. — Бово чап кўксидаги чўғдай порлаб турган орденни кўрсатади.
БИЗ
Бугун тонг саҳарда ўша болалик чоғларимни хотирладим. Кўз ўнгимда жангчи боболарим гавдаланди; Ғалаба байрамида улар мактабимиз ҳовлисида тўпланишарди. Улар жуда кўп эди. Кўксида осилган орден-медаллар урушнинг энг оғир жароҳатлари, аччиқ аламли кунларидан сўзларди. Улар кўксида титраган юракларида уруш оғриқлари зарби сезилиб турса-да, ўзларини дадил ва тетик тутишга уринишаётганини биз болакайлар эҳтимол англамагандирмиз. Бироқ, бироқ, улар лаънати урушнинг даҳшатли фожиалари ҳақидаги ҳақиқатларни атайлаб бизга сўзлаб бермаётгани, гўзал ёлғонлар билан бизнинг беғубор қалбимизни аяётганини ҳис қилардик...
Биз ҳам уларнинг уруш ҳақидаги ҳазил-ҳузул маталларига гўёки ишонаётган каби жон қулоғимиз билан тинглардик. Ҳа, биз болалар ҳам уларни аярдик. Айтинг, бошқача бўлиши мумкинмиди?