“ШАРҚ ЮЛДУЗИ” БОРМИ?


Қўчқор НОРҚОБИЛ 

“ШАРҚ ЮЛДУЗИ” БОРМИ?
Ҳикоя

  Қобил бовонинг қадами оғирлик қилди; ер кўтаролмади. Тўқсон ёшнинг товоғини елкалаган полвончол шу кунгача давраю қурни ҳеч кимга бермай келди. Ҳа, бово оёғида тик туриб бу омонат дунёни бизга қолдириб кетди. Кўрпа-тўшак қилиб ётмадиям, денг.
  У тонг маҳали гурсо-гурс қадам ташлаб келди-да, Ғўччи чолнинг қиёматдан қолган ғийқиллоқ ёғоч эшигини тарсиллатиб урди. Ҳовлидан Потма момомиз югуриб чиқди. Ҳол-аҳвол сўрашган бўлди.
   Момо пойи-патаккина бўлиб Қобил бовони ичкарига чорлади.
– Чолинг сўпи сув топмасдан чайласига кетгандир-а, Потмаой? – дейди бово эсонлик-омонликдан сўнг.
– Биласиз-ку, ака... Мол-ҳол деб тиними йўқ.
– Тиним билмагани яхши. Тиним билмасин сира, югуриб юрсин, ило­йим. Бу дунё оёғингдан олади, ўлим дегани аввал оёғингга ёпишиб кўради.
  Остонада аллатовур бўлиб турган бовонинг овози хаста ва синиқ чиқди. Момо сесканиб кетди. Зеҳн солди, кенг пешонасидан тер сизяпти, ранг-рўйи оқаринқираган.
– Мазангиз йўқми, ака?
   Бово Ғўччи чол ўтган-кетганни кузатиб, жиғига тегиш учун гап сермаб ўтирадиган шу майдагина ёғоч ўриндиққа қараб жилмайиб қўйди: “Шугинани ҳам каттароқ қилса, нима бўларкан, муштдеккина жуссасига мослаган-да, қирриқ-қурумсоқ...”. Бово кенг-мўл беқасам чопонини тортиб турган белбоғига қистириқ журнални олиб кампирга узатди.
– Шоир неваранг ухлаяптими, Потмаой? Шуни шу тирмизагингга бериб қўй.
– Ҳозир уйғотиб келаман, бовоси. Ҳозир.
– Тўхта, Потмаой, тўхта. Ма, ол. “Шарқ юлдузи” журнали бу. Неваранг ҳар доим мендан журнал-газет олишини биласан. Олдинги китоб, журналларим ҳам унда қолаверсин. Кеча почтадагиларга айтдим, менинг номимга келадиган ҳамма газет-журналларни энди неварангга олиб келишади. Уқдингми, Потмаой? Яна бир гап, чолингга айт, шу болани ҳадеб қора ишнинг тагида қовуравермасин. Ўқийдиган бола у. Уйимдаги китобларимнинг ҳаммасини олиб келаверсин. Меникилар китобнинг қадрига етмайди, барибир.
   Момо остонада ҳангу-манг турди:
– Ака, сизникига бориб ўқийверади, – деди зўрға қимтиниб. Бироқ юраги шув этиб кетди. Чолга яна разм солди. Елкасидан нафас оляпти гўё.
     Чол баъзўр жилмайди:
– Энди боравер. Бор. Агар яхна чойинг бўлса, бир пиёлагина олиб чиқ.
  Кампир ҳовлига югуриб кирди. Қобил бова Ғўччи чолга мос омонат ўриндиққа яримтан бўлиб ўтирди-да, елкасини деворга тираб бош ирғади; омонатини топширишга ризолик билдирди.
   ...Эшик ортида момомнинг иззиллаб йиғлаётганини эшитиб, гангиб қолдим, ўрнимдан турдим-да, ташқарига отилиб чиқдим. Момом мени қўрқмасин, дедими, ярим очиқ ҳовли эшигидан йўлимни тўсди.
– Нариги девордан ошиб ўт, тез чоп, бовонгни айтиб кел. Тез бор, кимни кўрсанг, айтавер, болам, полвон бовонгдан айрилдик.
  Момом энди бор овозда “акамлаб” йиғлар, мен ҳардамхаёл ҳолда Ғўччи бовомнинг чайласи томон ўқдай учиб борардим...
  Сездингизми; ўша шамолдай учиб бораётган болакай менман. Ота-онам укаларимни олиб чўлга кўчиб кетишгач бовом билан момомнинг қаровида қишлоқда қолгандим. Қулоғи тош қотган бовомнинг пичагина хасислиги ҳам бор эди. Момом доимо: “Бовонгдан хафа бўлма, қийин-қистовли кунларда, ғирт етимликда катта бўлган”, дерди.
  Мен нафасим бўғзимга тиқилиб, жон уҳмида чайлага етиб келганимда, бовом полиз ичида палак бостираётган эди. Совуқ хабарни эшитиб, мазмун-моҳиятини англаб-англамай ғўлдиради:
– Ўлди? Ўлиб қолди? Нима учун ўлади..? – Бовом олдимга тушиб йўрғалади. Нималардир деб ғўнғилларди.
– Бо-во-о, бов-о-о-о, – дейман бақириб, – Қобил бовонинг уйида китаплари кў-ўп. Менга журнал олиб келган экан. Энди китаплари нима бўлади?
     Бовом менга ўқрайиб қарайди:
– Шу маҳалдаям китапди (китобни демоқчи) гапирасан-а? Шунчалар ҳам аҳмоқ бўласанми-а? – ингранади бовом лаблари пирпираб. Кўзларидан ёш сизяпти.
– Ахир, Қобил бово ўлди-ку. Китап­ларини ким олади? – дейман жиғибийроним чиқиб.
     Бовом таққа тўхтайди. Ўпкаси тўлиб, ҳансирайди. Юзимга анграйиб қарайди:
– Момонг, момонг тирикма? Момонг...
– Момом уйда. Қобил бово ўлди, деяпман-кууу, – чинқираман.
     Бовом йўл четида харсанг устига ўтириб қолади.
– Шундай де. Сен бола охири мени ўлдириб қутуласан. (Бироз жимликдан сўнг) Мен ўлсам-чи, мен ўлсам, нима қилардинг-а, тирранча?!.
  Қобил бовонинг ўлимидан сўнг поч­тачи уйимизга журнални ҳар ойда олиб кела бошлади. Кейинги йил бовомнинг ажинаси отланса-да, момом бир қош-қовоқ уюб жеркиб берувди, бовом ризолик берди. Велосипед ҳам олдим, “Шарқ юлдузи”га обуна ҳам бўлдим. (Чол қурмағур шарт қўйган эди: ё велосипедни де, ё “Шарқ юлдузи”ни!)
  ...Мана орадан қирқ йил ўтибди. Қобил бовонинг китоблари ҳамон қиш­лоқдаги уйимда сақланади. Ўшандан бери қирқ йилдирки, “Шарқ юлдузи”га обуна бўламан.
  ...Мен бу воқеаларни нега эсладим? Умуман, бу ҳикоянинг ёзилишига нима сабаб бўлди? Шу ҳақда гаплашайлик энди.
 Хуллас,
 қишлоққа келганимга бир ҳафта бўлди. Очиғи, бугун илк бор ўзимдан, болалагимдан олислашиб кетганимни, ҳатто мана шу қишлоқ ҳам ўз-ўзидан узоқлашиб кетгандай, қишлоқдан қишлоқ кетиб қолгандай туюлди. Катта шоиримиз айтган-ку: “Кетиб қопти Бойсундан Бойсун...” Гап уйимизга туташ далаю узумзорлар ўрнини томорқалар ишғол қилгани-ю, мен қўй боққан жарлик ва адирлик­ларнинг текисланиб, кенг чорбоғдаги бесаноқ улкан тутларнинг кесилиб кетганида эмасдир, эҳтимол. (Болаликда ҳатто тутларнинг ҳам номи бўларди; Лайлак тут, Капа тут, Шаҳид бово тут, Эркак тут, Урғочи тут...) Майли, тараққиёт-да, тараққиёт... Нима ҳам дердик. Янги уйлар, қурилишлар, албатта, томорқалар ерни ишғол қилиши табиий ҳол, бугун. Бироқ ер устини қанчалар ишғол қилмасин, ер ости барибир одамзотни маҳв этишини тушуниб етишимиз эса мутлақо бошқа масала. Агар биз шу нарсани чуқур англасак, ер усти бирмунча сокин тортармиди, ер устидаги урушлар тўхтармиди, инсон боласининг ерга ўчлиги, очкўзлиги босилармиди, нафс ўпқони қоп­қаси ёпилармиди...
  Бу менинг гапиммас; неча-неча жаҳонгиру соҳибқиронлардан қолган ҳақиқат, қолаверса, менга болалигимда Қобил бовом қолдирган, бугун ҳам юрагимга нур бериб, кўнглимни равшан этаётган китоблардан мерос ақида бу...
     Нима дейсиз, энди... Баҳонада шу гапларни ҳам айтиб олдим-да. Хуллас, эрталаб қўл телефон жиринг­лади. Тошкентдан машҳур адиб дўс­тим қўнғироқ қилди. “Шарқ юлдузи” журналида чоп этилган иккала ҳикоям ҳам унга ёқибди. Таъсирлангани чин; ҳаяжону ҳавас ила тўлиб-тошиб гапирди.
   Хурсанд бўлдим. Ҳимосидан Ҳимолай титраб, иддаосидан ит ўладиган, довруқли улкан адибнинг каминага қўнғироқ қилиши, албатта, кутилмаган ҳодиса. Тубканинг туби, тоғнинг тагидаги кичик бир қишлоқни (катта адиб тимсолида) Тошканду азим олқишлаб турса (чунки иккала ҳикоям ҳам болалигим, шу қишлоқ одамлари ҳақида эди). Очиғи, мен нимага эришган, нима ёзган бўлсам, болалигимдан олдим, беғуборликнинг оташ туйғуларидан куч ва тафт туйиб ёздим. Ўзим билган содда, самимий қишлоқ одамларининг дунёнинг мана мен деган китобларига юк бўладиган, жаҳон адабиётининг тит-питини чиқариб юборадиган буюк инсоний ақидалар сингдирилган жайдари фалсафасидан қур олиб ёздим. Мени болалик ёзувчи қилди, шу қиш­лоқ одамлари ёзувчи қилди, гўринг нурга тўлгур Қобил бовомнинг бебаҳо китоблари ёзувчи қилди. Мен бундан миннатдорман, болалигим, мен сендан миннатдорман!
   Кайфиятим баланд эди. Қўлимни чўзсам, Вахшивор тоғларининг қорли чўққиларини силагудай эди. Укамнинг ўғли (бизда невара дейишади)ни мактаб кутубхонасига юбордим.
– Бор, неварам, “Шарқ юлдузи”нинг еттинчи сонини опке.
     Невара бурнини тортиб, қўлтелефондан бош кўтармай сўрайди:
– Нима у? Шарқ... Шарқ, дегани?
– Журнал, “Шарқ юлдузи”. Еттинчи сон де. Кутубхоначига мени айт, қайтаради, де. Бор энди, зинғилла.
  Неварам ўрнидан оғриниб қўзғалади. Менга ғалати қараш қилиб жўнаб қолади. Келинимиз энамни чақириб қулоғига нимадир деб шипшийди. Мен даҳлиздан чиқиб боғ томонга ўтаётиб, энамнинг қарғаганини эшитаман.
– Қирилиб кетгурнинг қилиғини кўр энди, элни кулдириб, эшакни ҳангратиб ука ўз акасига қўшиб отасини ҳам судга бергани нимаси? Оқибатнинг ори тўкилган, яхшилик етти букилган, айтгилиги йўқ замонлар бошланиб кетди. Сен хабарчи буни қаердан билдинг? Қулоғинг тарелка, кўзинг дурбин сенинг ҳам.
– Эна-ей, мана қаранг. Манавини кўринг. Ҳамид калнинг боласи телепонда тарқатиб юборибди. Мана, Рўзи бовонинг суд залида ўтирганини ҳам кўрсатишибди.
– Бечора бовога қийин бўпти. Бутун қишлоққа эрмак, эл-эломонга элак бўпти-да...
– Қишлоқ дейсиз-а? Ҳамид калнинг ўша боласи буни энди бутун дунёга тарқатиб юборади. Блогер у. Блогер бўп қолган.
– Билонғир дейсанми? Бундай билонғирнинг боридан йўғи яхши. Элни эл билмаса, юртни юрт билмаса, жаройнага жар солиб ўзининг кетини ўзи очса...
  Мен энамнинг дарди-фиғони қаъридаги ҳақиқат, жайдари фалсафа замиридаги элчилик эъзозини англагандай бўламан. Кўнглимда бир совуқ эпкин қўзғалади: “Биз қаёққа қараб кетяпмиз?! Олдинлари бу қишлоқда суд, мелиса деган нарсалар, умуман, қўйди-чиқди, уруш-жанжални эшитмаганмиз. Суд деса, орган деса, бутун бошли қишлоқ бир қалқиб тушарди. Бир-бирини судга судраш ўлимдан қаттиқ туюларди, уят саналарди, номуссизлик деб қараларди”.
– Кеча кўрдингиз-ку, анови Нусрат бовонинг келини Ойтувдининг кўрсатган от ўйинини. Бово бечора билан қайнонаси Моҳи момони уриб кўчага ҳайдабди. Буям тилпонга чиқиб кетди. Сиз ҳам Сулув момога ўхшаб тилпон олволинг, ҳамма нарсадан хабардор бўласиз.
   Энамнинг қарғиши қайроқтошни қайрайди. Ва охирида шундай дей­ди: “Одамзотда бет қолмади, без тошди...”
  Супа четига бориб чўкаман. Шу тобда укамнинг ўғли, неварам Ғайратжон кўриниш беради. Менга уялинқираб қарайди, бироз норизо оҳангда тўнғиллайди:
– Бундайчикин журналлар ҳали ҳам борми? Бизга келмай қўйганига анча бўлди, деди китопчи опа. Кейин сизга салом айтди.
  Неварам супада чалқанча ётиб қўлтелефонини ўйнай бошлади: “Уҳ... уҳ... эҳ-ҳ-ей, ҳаҳ... мана бўлмасам... мана... От... От... ўлдир...”.
– Нима қиляпсан? – дейман ажабсиниб.
– Ўйнаяпман. Очко йиғяпман.
– Китоб-питоб ўқисанг бўлмайдими?
– Ҳозир каникул-ку, мактаб очилсин, кўрамиз.
 Мен жим қотаман. Ҳовлидан ташқари чиқаман. Ҳасан муаллим, Ҳасан синфдошимникига йўл оламан. У адабиётдан дарс беради.
– Келинг ака, – дейди остонада қимтиниб Руқия келин. – Уйга киринг, чой ичинг. Ошнангиз маҳалла раиси билан Ғани тоғаникига кетди.
– Тез қайтадими? – нимадандир умидвор бўламан. – Ғани тоғаникида бирор маърака борми?
– Ҳозир кетди. Ўғли Ғани тоғани уйи­дан қувиб ҳайдабди. Шуни инсоф­га чақирайлик, деб... Келсалар, бирор нарса деб қўяйми?
– Ўзим шунчаки... Сизларда “Шарқ юлдузи” журнали йўқми, мабодо? – дейман. Дилимдагининг тилимга кўчганидан ўзимни бироз ноқулай сезаман.
     Руқия келин қизаринқирайди. Ўзини гуноҳкордай ҳис қилади.
– Йўғ-а, йўқ. Анча бўлди, газет, журнал келмай қўйган.
  Мен ўзимни осмондан тушгандай ҳис қила бошладим. “Ё товба, чиндан ҳам бу жойдан шунчалик узилиб кетганмидим?”
  Ўша куни бутун бошли қишлоқни кездим, ҳа, энига ҳам, бўйига ҳам ўсиб, кенгайиб кетган, одамлари кўпайган, данғиллама уйлар ҳам қад ростлаган қишлоқдаги ўқимишлиман, ана боринг, адабиётдан хабаримиз бор, деган хонадонларга худди биров бўйнимга ип боғлаб судрагандай, ички қайсарлигим ўт олиб бир-бир бориб чиқдим. Ҳа, менинг қайсарлигим ихтиёримдан ҳоли, қасдма-қасдига менга бегоналашган эшиклар томон бошлаган экан.
– Тожиқул-ов, Тожиқу-уул, – овоз бераман синфдошим эшиги ортида. Ҳовлидан овоз келади:
– Тожиқулма, Тожиқул ўлган – ҳовли адоғида йўнғичқа ўраётган отамнинг ошнаси Махсум бовомга кўзим тушади. – Тожиқул уйдан чиқмайди, ана клипатурани жеб жотибди. – Бовонининг жиғибийрони чиқади. Мени кўрмайди.
  Шу маҳал кўчага бетма-бет қурилган уй деразаси очилиб Тожиқулнинг боши пайдо бўлади:
– Э-ееей, жоним ошнам, буюгим, қандай шамол учирди? Кел, кел... ҳовлига кир.
– Бошқа сафар, ошна, мен шунчаки уйинг олдидан ўтаётгандим. Уйдамикансан, дедим...
  Отамизнинг жўраси Махсум бовом юзини қуёшдан тўсиш учун қўлини пешонасига кафтсоя қилиб биз томонга қарайди-да, яна ишга киришади. Мени танимади, таниганда эди, ҳол-аҳвол сўрагани келарди, деб ўйлайман, ўзимча.
    Тожиқул дарвозадан чиқиб келиб менга сирли қараш қилади:
– Ошна, кир, қаққайиб турма, тинчликми?
– Сен ҳам мактабда дарс берасан, бирорта журнал-пурналга обуна бўлганмисан?
  Ошнам томдан тараша тушгандай қилиб берган саволимдан анграйиб қолади. Юзимга сирли тикилади:
– Нимайди?
– Сўраяпман-да...
– Йўқ. Журнал-пурналларнинг қиш­лоқ тугул, туманга келмай қолганига анча бўлди. Сен билан бизнинг давримиз ўтди. Ошна, кир, уйга кир. Телевизорда Клеопатра ҳақида яхши кино бўляпти. Келининг ош дамлайди, юз-юз қиламиз. Сендай ёзувчи бизнинг пахримиз.
  Мен хижолат тортаман, ошнам худди мени мазах қилаётгандай бўлади. Отамиз тенги қария, янаям айтсам, биримизнинг отамиз қаршимизда инқиллаб ўроқ сермаса-ю, биз элликка кирган гўрсўхталар ичкарида Клео­патрани кўриб, дунёнинг энг гўзал жувонини бово айтмоқчи “еб-ютсак”, бу қандай бедодлик? Хайр-маъзур ҳам ҳаминқадар бўлди – мен ортга қайтдим.
  Жавзо офтоби бошимдан ланғиллаган чўғ ағдаряпти. Кўзим тиниб, ҳолсизланаман, қаёққа кетаётганимни ўзим билмайман. Аъзойи-баданим жиққа тер бўлади. Оғир-оғир нафас оламан, энди мен ҳеч нарсани кўрмайман, йўл четидаги сояга ўтиб, ёнбошбел аҳволда зардоли танасига суянаман. Юрагим санчади. Уйқу элитади.
    Ғўччи бовомнинг пахса девор билан ўралган эски ҳовлисида юрибман. Потма момом шалоғи чиққан тоғорада кир ювяпти. Омонатгина ўрнатилган эски, ғийқилдоқ дарвозани кимдир тақиллатади. Югуриб бориб очаман. Остонада Қобил бовом жилмайиб турибди. Беқасам тўнига боғланган белбоғига тиркалган журнални менга узатади.
– Опкелдингизми, боважон? – дейман энтикиб.
– Опкелдим. Сен ўқи, болам, ўқигин. Опкелдим.
   Бово ортига қайтади. Мен унга эргашаман, бово йўлнинг қоқ ўртасида тўхтаб менга орқангга қайт ишорасини қилиб қўл силкийди. Атрофни туман қоплайди. Йиғидан юрагим зўриқади.
   Атроф туман. Оғриқдан юрагим зўриқади. Кимдир мени силкилагандай бўлади.
– Бово, бовожон, туринг. Сизга нима бўлди, бово?
   Базўр кўз очаман. Лабларим қуруқшаб қолибди. Қаршимда укамнинг ўғли – неварам титраб-қақшаб турибди, ранг-рўйи оппоқ, қўрқиб кетган чоғи, дағ-дағ қалтирайди.
– Келдингми?... Ҳозир, бироз менга тегма, ҳозир ўтиб кетади...
– Бово, мана, отам топиб келди. Туман марказида биттагина бор экан, қишлоқни қидириб юрмасин, деди отам. – Укамнинг ўғли, менинг неварагинам “Шарқ юлдузи”ни узатади. У шу топда қаҳрамонлик кўрсатган баҳодир янглиғ менга мағрур қараб туради. Жилмаяман.
– Ана энди ўтиб кетди. Қани туришимга ёрдамлаш. Қўлингни чўз.
  Биз йўлга тушамиз. Қишлоқ четидаги овлоқ кўча, болалигимда ажинакўча деб атаганимиз бу жойга қандай келиб қолганимга ҳайрон бўламан. Ёнимдаги тирмизаккина эса зўр ишни қойиллатган каби ирғиш­лаб қўяди-да, йиртиқ тиззаиштони чўнтагидан алламбало қўлтелефон олиб экранга термулади. Нималарнидир томоша қилиб, “уҳ-уҳ-уҳ-ҳей”, деб қўяди...










Изоҳлар 1
  1. Анвар
    Ёшлигимда мен ҳам бу журнални севиб ўқиганман, отам йиққан бўсалар керакда уйимизда эски сонлари ҳам турарди. Ҳикоянгиз мени ҳам болалигимга об кетти, рпҳмат…
Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот