ТОМИРДАГИ ҚОН ҚАЙҒУСИ
Қўчқор НОРҚОБИЛ
ТОМИРДАГИ ҚОН ҚАЙҒУСИ
Ҳикоя
— Қозининг қизига қозонинг қора деёлмайсан, дегич эди отам раҳматли, киноя қилиб. Сиз ҳам энди мум тишлабгина ўтирибсиз. Тишингиз тўкилгани билан сўзингиз бутундир. Елдан этингиз, элдан бетингиз куймагандир ҳеч қиса...
Момо чолни ёзғираяпти. Чолнинг парвойи палак. Илжайганча айвон бурчида чўнқайиб шалоқ тоғорада ем ивитаяпти.
Момо малол олди. Ажинаси отланди:
— Нимага сўлжаясиз? Улингиз ҳам ўзингизга ўхшаган. Пойи-патак. Чизиқдан чиқса чурраси тушади.
Чол яна илжайди: “Мени айтаяпти. Мени қарғаяпти. Боланг ўзингдай бўш деяпти. Бўш бўлса... Кимсан, фалончи бой бўлиб дови-дасткаси дунёга довруқ солармиди... Ҳа-а-айт, калтаги калта кампира-а...”
Чол дилидагини тилига жойлаб, палаҳмон қиламан деб момога ўгирилди. Бирдан дими-дирс бўлди, қолди. Нафасини ичига ютди — тилини тишлади. Момонинг авзойи азроилни қўрқитадиган. Чатоғи, қоши учиб-учиб тушаяпти. Тамом, қоши учса тамом, чолни еб-ютиб қўяди. Жаврашидан жавдар пишади.
— Хўп, айтаман, ташлаб кетишади. Ташлаб кетишмай кўрсин...
Тасалли учун кампирга гапирдими ёки ўзига таскин бердими, чолнинг айтганлари муаллақ қолди.
Момонинг қоши жойига тушди. Ҳовури босилгандай бўлди. Бироқ, бироқ чолига кинояли алфозда синчковлик билан термулди.
— Кесагингиз кесакага етмайди. Жонингиз бордай дадил туринг? Одамларга ўхшаб баъзида уриб-сиқташниям билмайсиз... Гапингиз қирни қирқсин отадай бўлиб...
Чол ичкари уйнинг очиқ эшигига қараб жилмайди. Момонинг ўтини яна олов олди:
— Нимага мунча оғзингизни очасиз... Куласиз-а. Кулинг...
Чол очиқ эшикка бош ирғаб имо қилди. Остонада таглиги чотида шалвирабгина турган уч ёшли набира — Ҳикмат кўриниш берди.
— Ан-н-а. Ан-н-а-а! Пе-пе, — деди набира момо томон орбонглабгина қадам қўяркан.
— Ҳа-айт, ўзимми отаммикан шу! Ўзимми боламмикан шу! Ке. Ке-ке, полвон... Оҳ-оҳ-оҳ.., — чол кепак юқи қотган қўлларини бир-бирига ишқаб-тозалаб ўрнидан турди.
Боласи тушмагур ҳам чолга бир қараб жилмайди-да, момо томон юрди. Момо чолга мағрургина қараб тиззасига келиб ўтирган набирани юз-кўзини пийпалаб, чўлпиллатиб ўпди.
— Ан-н-а, пе-пе-пе!, — набира типирчилади.
— Ҳай... Сенга ўргатгандан ўргилдим. Анна демай момо десанг нима қиларкин? Тирмизаккина бўла туриб, танглайингда шаҳарнинг шираси қотганига нима дейин-а? Момо де! Момо!
Чол офтобада илиқ сув, елим тоғора келтирди. Болани ювинтиришди. Пахмоқ кўйлак-иштон кийинтиришди. Бобо набирани бўйни, ярим очиқ кўксини соқоли билан қитиқлаган бўлди. Бола пиқирлади, илжайди. Бобони момиқ қўлчалари билан маҳкам қучди. Чолнинг ичи нурланди. Кўнгли ийиб кетди, димоғига бегуноҳ, покиза бир хилқатнинг бошни айлантирар даражадаги бўйи урилиб кўзи тинди, боши гириллаб айлангандай бўлди. Момо ҳам ич-ичидан тўлиқиб, тўлқинланиб қараб турди. Шу тобда икки норасида ирғишлашиб, бир-бирига тирғалашиб, ўйнашаётгандай туюлди. Икки томир туташди. Бобо билан набиранинг томири бир-биридан куч олди. Момонинг чеҳрасида офтоб қалқди — чолни ҳам, манави норасидагинани ҳам яхши кўриб кетди. Икковиям гўдакда, гўдак... Чол қурғурнинг ирғишлашини кўр. Бу бечорага нима кун экан денг. Бобо-да бобо! Томири бир.
Момо чолга завқланиб боқди:
— Қўйинг-е, қилиғингиз қурсин. Болани бунча эзғиламанг.
— Фаришта бу. Фаришта! Ўзимми отам — бу! Бобо тўлиқиб тўлқин урди.
— Улар бугун болани олиб кетишади, — деди кампир.
— Биз қараб турамизми? — деди чол.
Бола қўли билан ем тўла шалоқ тоғорага ишора қилди!
— А-т-та, қўя боя. (Ота, қўйга бораман).
— Шуни қўйга беришимни билганини кўр, — чол илжайди. Момо жилмайди.
Бобо ўрнидан дик этиб туриб тоғорани кўтарди, бир қўлини болага чўзди. Бола бобонинг қўлидан маҳкам тутиб ирғишлади: “Қўя боя!.. Қўя боя...”
— Қийшангламай юр. Ҳап, сеними!
Бола бобонинг ёлғондўқига парво қилмади. Ҳовлига чиққач супа ёнида гуллаган печакўт томон тирсалди. Бобо қўлини бўшатди. Бола печакўт томон талтанг-талтанг юриш қилди. Бориб печакўтни юлқилади.
— Ат-т-та-а! Қўя бия... (Ота, қўйга бераман.)
Бобо бош ирғади.
Симтўр билан ўралган қўрада қўй кў-ў-ў-п-п! Қўйлар ўзини емтоғарага урди.
Катта бир қўй остида ўралашиб, унинг оёғига ёпишаётган қўзичоқнинг қилиқлари боланинг завқини тоширди. Қўзичоқ кетини ўйнатиб қўйга тармашиб олар, зум ўтмай оғзида сут юқи тошган кўйи дик-дик сакраб маъраб ҳам қўярди. “Мамма эмди. Ойиси... мамма бийди...” ўйлади бола. “Ойиси экан... Ойиси мамма бийди...” Боланинг ёдига бошчасига сўрғич тиқилган сутшиша келди. Боланинг маммаси шу. Ойиси мамма деб шуни айтган. Туғилибдики, сут солинган шишача — мамма! Қўй боласига бошқача мамма бераркан. Бола тамшанди. Сутшиша — маммани қумсади.
— Ат-та, мам-ма-а!
Чол болани желаги барига ўраб кўтариб олди. Кампирнинг ёнига қайтди. Момо токчадан илиқ сут солинган, “мамма”ни олиб болага узатди. Бола қуроқи кўрпача устида чалқайрамон ётган кўйи шишача бошига тиқилган сўрғични ютоқиб эма бошлади.
— Эт битиб, жир битиб, тўппосдайгина бўп қолди. Икки ҳафтада ўнгарилди болам бечора. Игнанинг тешигидан ўтгудайгина алфозда, авворайи-тамом, ранг-рўйи сомон бўлиб келувди. Билмайман, булар болани нима қилишган? Эрталаб чиқиб кечқурун қайтишади, эр иш деб югуради, хотин иш деб югуради, бола бечора бировнинг қўлида... Энага дермикин. Энага эмиш. Энаганг эмчакдош бўлармиди, бегона барибир бегонада. Бола беқаров қолган. Ўн кун касалхонадаям ётиб чиқибди, биз билмаймиз. Духтир болага тинчлик-хотиржамлик керак, қишлоқ-мишлоққа олиб боринглар, дармони йўқ, қўй-эчки сути ичиринглар демаганда, билмадим нима бўларди. Ўтган гал борганда кўрдингиз-ку, ўзингизам. Ҳеч бирининг бола билан иши йўқ. Қўлидаги телефоннинг куни туққан — бари телефонга ёпишиб ўлиб қолган. Онанинг қўлидаям шу, отанинг қўлидаям шу, опа билан ака бўлмиш ҳам қирилгур шу матоҳга ёпишиб қолган. Тинчлик йўқ у уйда — жиринг-журинг, жиринг-журинг, уҳ, худо урди кишини-ей! Ўғлингиздан тортиб ҳаммасининг асаби ўйноқи бўлиб қолган. Бирови у хонага кириб кетади, телефонни кўтариб, бошқаси бу хонага кириб кетади. Чойнинг бошидаям, ноннинг бошидаям телефон. Кўрасиз, бориб-бориб одамзотни шу телефон ейди...
Кампир гўё олисдаги ота-она бўлмишни ҳам, олисдаги ҳаётни ҳам узиб-узиб оларди, агар набирасини ўғли билан келинига берса, яна овворайи жаҳон қилишларини ўйлаб, оёғи ерга тегиб, тупроқдан тафт олиб, тойчоқдайгина бўлиб тосирдаб юрган набирани ўз бағридан бўшатгиси келмасди.
Аслида-ку кампирнинг болага зор бўлиб ўлаётган жойи йўқ, ана, бир “ҳуувв”, деса икки қир наридан ватан қилган тўнғичи Ҳотам фермернинг бола-бақраси, бир этак невараси ёпирилиб келади. Хоҳлаганини олиб қолиб, эркалатаверади. Ундан нарида икки қизнинг ҳам қорасини олиши мумкин. Ўзингдан кўпайгурлар улар ҳам ували-жували. Ойда икки бўлмаса-да, ойда бир келиб туришади. Қизлар ҳам бир йўлда, бири қўлда қилиб бола эргаштириб келишади, йўқ, қизлардан олдин болалари келади... Уйинга буғдой тўлгурлар лаҳзада тўрт томонни тўп чақиб, остин-устун қилишади. Ўғилнинг боласини қарғаб-сиқтаб тинчлантирсанг бўлади, қизники қийин, кўнглига қарайсан, кимнинг кўнглига бўларди, қизингнингда... Қизнинг кўнгли ярим бўлади. Энамнинг уйига сиғмай қолдим, деб ўйлайди дарров. Кампир шуни билади, билгани учун ҳам қизнинг болаларига оғиз очиб, тиш ёрмайди — гулдиргуп бўлиб ўтиради, билганини қилишсин, ҳовури тушгунча ҳовлини ҳайрон қолдираверсинлар... Шундай гаплар. Энди, манави набиранинг дадаси кенжавойга келсак, боласи тушмагур бошқачароқ чиқди — далли-ғулли, тошни-тошга урсаям танга топадиган чиқди, пул шунинг кетидан югуради. Тоғораси торга тор дунё, ноғораси борга бор дунё деганларидай, эри-хотин ҳали у мамлакатда, ҳали бу мамлакатда. Сайру саёҳатни шуларга чиқарган. Бу ҳам етмагандай катта қизини бу йил тубканинг тубидаги қайси бир давлатда ўқитмоқчи. Ўзимизда ўқиш қуриб қолибдими, дейдиган одам йўқ... Бор. Одам бор... Мана кампирнинг ўзи айтади-қўяди, тазирини бериб таъзимини олади бундай боланинг. “Қизингни қирдан кўрсатиб нима қиласан? Ўгайнинг ўтини ёнмайди. Бегона юртда... борми? Мени десанг жўнатмайсан!..”, — дейди. Тамом-вассалом!
Момо кўрпачада узала тушиб, ўзича нималарнидир ғинг-ғинг қилиб “гапираётган” набирага боқди. Бола бўшаган сутшишани четга улоқтирган бўлди. Қорни тўйди, шугинадан ҳам қайғу кетди. Бола момога кўз қирини ташлаб илжайди.
— Дадангга, ойингга кетасанми? — кесатди кампир.
— Им.м.м..., — бола бош ирғади.
Момонинг кўнгли ёришади. Бобо алмисоқдан қолган катта сандиқ устига емқопларни тик қўйиб тахламоқда эди. Набиранинг тайсаллаши чолгада хуш ёқди:
— Отаммикан шу? Боламмикан шу! Бормайди. Бормайман деганини кўр, бунингни.
Набира талтайиб тағин илжаяди, бобонинг хирри товуши набиранинг қулоғига хуш ёқади. Илжайиши шундан.
Момонинг эгнидаги сатин чопон чўнтагида қўлтелефон бўғиқ жирингиллаб қолди. Бола бир сапчиб, сесканди. Аланг-жаланг бўлиб ўрнидан туриб ўтирди. Момо виқор билан чўнтагига қўл солиб, шапалоқдек қора матоҳни олиб қулоғига тутди. Боланинг авзойи-бадани жимирлаб, ич-ичидан ҳадик тошди, митти қалби қандайдир қўрқувдан увишгандай бўлди. У момосига анграйиб қараб турди. Момонинг қош-қовоғи уюлиб жаҳли чиққанини пайқади. Унинг ёнига келиб кигиз устидаги телефонга қўл чўзди, шаҳд олиб дераза томон ирғитди.
Бола хомуш тортди. Ўз уйини эслади. Кўз олдида қўлидаги телефон ойнасига термулиб турган ойиси, қулоғига ниманидир тиқиб олган кўйи кимлар биландир гаплашаётган акаси, ўз хонасида бекиниб телефонда сўзлашаётган опаси, остонада тик туриб қулоғига телефонни қўйиб бақир-чақир қилаётган дадаси гавдаланди. Дадаси нималардир деб қичқириб ойисининг қўлидаги телефонни олиб ҳовлига ирғитворди. Ойи ҳам чинқириб ўрнидан туриб кетди. Сўнг опасининг хонасига кириб унинг юзига шапати тортиб юборди, акаси уйдан отилиб чиқиб кетди, дадаси ойисининг бўйнидан бўғиб олди, урди... Ойиси йиғлади. Бола сесканиб, ич-ичидан нимадир узилгандай, оёқ-қўли бўшашиб, қўрққанидан иштонини ҳўл қилиб қўйди. Чинқириб йиғлади.
Деярли ҳар куни шу аҳвол... Ҳаммаси телефонда гаплашишади. Сўнг уришишади.
***
...Бола кун бўйи момо билан ҳовлида андармон бўлди.
— Ан-на, бу нима?
— Бу гул.
— Ан-на, бу-чи?
— Бу помидор.
— Бу-чи?
— Бу нозбўй! Қара, оҳ-оҳ, ҳидла, ма, ҳидла болам.
— Анна, бу нима?
— Бу ҳандалак... Э-ей, узма... Узма, ҳали пишмаган.
— Пиш... пиш.
— Ҳа, пишмаган.
— Ан-на, бу нима?
— Бу қалампир. Аччиқ... Заҳардай аччиқ.
— Ан-на, бу олма...
— Ҳа, олма. Тўхта, ўзим узиб олиб бераман. Ма, ол.
— Ан-на, ат-ата кетди...
— Ҳа, бобонг далага кетди... Молларга ўт олиб келади.
— Молга ўт бия!
— Майли берасан... Бобонг ўт оп кесин, берасан. Бобонг ҳам мол-ҳол деб ҳоллослагани-ҳоллослаган. Кети ер искамайди.
Пахса деворга омонат ўрнатилган ёғоч эшик ғийқиллаб очилди. Елкасига бир боғ ўт ортмалаган чол кўринди. Бола бобога томон алпанг-талпанг чопқиллади. Бобо атайлаб чўккалади. Бола чолнинг елкасидаги ўтга осилди, бир амаллаб боғ устига чиқиб олди. Бобо от бўлди, бола қувончдан чинқириб юборди:
— Ан-на, Ан-на! От! От! Атта от!
Кампир ҳай-ҳайлади:
— Ушла. Маҳкам ушла. Йиқиласан...
— Қўявер, — деди чол — ўйнасин!
Кампир: — Қилиғингиз қурсин-а! Эҳтиёт бўлинг... Кўтарам ҳолингизга болани устингизга чақириб нима қиласиз-а?! Болани ерга туширинг...
Чол авайлабгина елкасидаги боғ устида турган набирани ерга туширади. Ўзи ҳам ўтириб олади. Бола бобоси билан курашга тушган бўлади. Бобо йиқилиб беради. Бола қичқиради. Болага хавотиру ҳадик билан қараб турган момонинг ҳам юзига кулги ёйилади.
Шу маҳал ғийқиллоқ эшик ёнида алламбало, бу яқин атрофдагиларнинг кўзи ўрганмаган, сўнгги русумдаги бўлса керак, қоп-қора, баланд машина келиб тўхтади. Чол эловсираб эшикка қаради. Ўрнидан турди. Бола момо томон чопқиллади. Машина эшиги очилиб-ёпилди. Паст, майиб ёғоч дарвозадан ўғил билан келин энкайиб киришди. Кампир уларга ҳангу-манг бўлиб қараб турди, ичидан нимадир чирт узилгандай бўлди, хаёлини бир ўй чақмоқдай тилкалаб ўтди: “Болани оп кетишади!..” Бола момонинг бўйнидан маҳкам қучиб ойи билан дадага ҳадиксираб қаради. Чол дик этиб ўрнидан туриб ўғил ва келин билан кўришмоққа юзланди.
“Болам яхши келдингларми? Соғ-омонмисан. Суяк енгилма? Келинойи, сиз ҳам димликкинамисиз. Димоқ чоқма?” “Рахмат, отажон! Ўзларинг чарчамаяпмизми?.. Қийналиб қолмадингларми?..” Хуллас, узундан-узун илиқ мулозамату эҳсонлашув томорқа ичида ўтирган кампирнинг қаҳрини кўзғади: “Йўртанглашини қара... Болани бу эмас, бола буни яратиб қўйгандай, ўғлининг олдида тимирскиланиб, тилиқийшиқлик қилади... Келинни ҳам келинойи дейди қирилгур...”
— Ассалому алайкум! Эй-ей. Энажон! Эй-полвон! Ҳашар зўр-ку! — Ўғил томорқа томон юз бурди. Улар икки қадам ташламаган ҳам эдики, кампир ўрнидан тура солиб, қўли билан айвон томон ишора қилиб амр этди:
— Уйга! Уйга кираверинглар, мен ҳозир бораман. Бовоси, уйга оп киринг буларни.
Кампир томондан бир совуқ шамол эсганини пайқаган “меҳмонлар” ноилож ичкарига қараб йўл олишди.
— Ан-на, дада келди. Ойи келди, — деди бола нечундир хавотирли оҳангда.
Момо набирага эзғинди ҳолатда кўз қирини ташлади:
— Ҳа, келишди. Сайибларинг (эгаларинг демоқчи) келишди.
Момо ўзига ўзи ҳайрон бўлди. Авваллари ойда йилда бир ўғли билан келини набираларини етаклаб қорасини кўрсатса кўнгли куйиб, меҳри ийиб ҳузурига шамолдай югурарди. Бугун музу музтар бўлиб, жойида қуруқ таёқдай қаққайиб қолди. Ичкаридан чол чиқди.
— Кирмайсанми?
— Ҳа, мунча, учиб-қўнасиз. Бораяпман.
Момо набирани кўтариб зили-залвор бўлиб уй томон юрди. Остонада тебраниб турган чолга ўдағайлади:
— Буйтиб турмай, майдароқ бир қўзи-мўзини сўйинг. Еганини еб, қолганини оп кетишади. Бошлари кириб, кетлари қайтишса керакда ҳойнаҳой, шошиб-туришгандир...
— Билмадим, — деди чол мужмал қилиб.
Кампирнинг феъли айниб турганини сезган келин остонага чиқиб момо билан набирага ўзи юзланди.
— Ассалому алайкум ойижон! Яхшимисиз. Вое-й, Ҳикматжон ке, ке, болажоним. Соғиндингми, болам. Ойижон, беринг, қўлингиз толиб кетмасин, ойижон. Кап-катта болани ерга қўйинг, ойижон.
Келин гоҳ кампир, гоҳ набирани юзидан ўпиб, ҳамду хушомадни ўрнига қўйди. Бола рўйи хоҳишсиз аҳволда момонинг бағридан юлқинди.
Ичкаридан ўғил чиқиб келди. Момо беихтиёр бағир очиб, кўкайи куйиб кўзига ёш олди. Набира яна момога талпинди. Ўғил илжайди:
— Энажон, икки ҳафтада буни полвон бола қип қўйибсиз-ку...
Боланинг момога осилиб олганини кўриб ўғил ва келин хушҳол кулишди.
Келин болани ичкарига олиб кириб кетди. Кампир ўғлига тик боқди:
— Болани нима қилмоқчисан? А-а?!
Ўғил ҳижолатли, имдодли бир аҳволда жилмайди:
— Энажон эртага кетамиз. Шу... шу... бир гап бор...
— Айт!
— Келингиз билан бирга таътилга чиқдик. Очиғи қишлоқда қолмоқчийдик. Бугун маълум бўлди, ҳалиги, хуш, санаторияга путёвкамиз ҳал бўлиб қолди. Йўлдалигимизда танишим қўнғироқ қилди. Ҳозир олмасак, кейин топиш қийин бўлади, шунга путёвка... бор экан ҳаммага ҳам топилавермайди... Ҳалиги Карлови Вари деган жойга.
Кампир дастлаб ҳеч нарса англамади, кейин бирдан бир қалқиб кетди.
— Бола-чи?
— Шуни, яна бир ойга сизга ташлаб кетсак девдик.
Кампир яна бир қалқди. Юраги гурсиллаб уриб кетди. Ич-чидан тўлқин урган қувонч ҳисси икки кўзидан сел бўлиб тошди.
— Шундай де! Майли болам! Майли! Бир ой дейсан, ўн ой демайсанми, ўлгунимча қарайман болам, қарамай ўлдимми, болам.
Ўғил бу ҳолу ҳолатдан шошиб қолди. Кампир қўра эшигини очаётган чолга қараб қичқирди:
— Боваси! Бобоси-юв, бовоси! Катта, семиз қўчқорни, энг каттасини опчиқинг. Қизларингиз билан тўнғичингизни ҳам чақиринг келишсин.
Чол кампирга анграйиб қараб турди. Кампир шамолдай, оёқ-қўли еп-енгил бўлиб, келин билан қайтадан ҳол сўрашгани ичкарига чопиб кириб кетди.