ЕР ОЛМАДЕККИНА
Қўчқор НОРҚОБИЛ
ЕР ОЛМАДЕККИН
Ҳикоя
Тойқулов тун бўйи уйқу бермади. Тонг отгунча ўкириб чиқди. Деворнинг нарёғида худди биров бўғизлаётгандай бақиради, ўзиям. Гўр бўладими, ичди-да, ичди. Олди-ортига қарамай боши билан шу зормандага шўнғиб кетди. Шерматнинг ҳам терисини шилиб олди: ҳали уни опке, ҳали буни опке, ҳали уни буюр, ҳали буни буюр. Кошки ўпқони ёпилса, тўйса. Шугина Шерматдан нима умид қиласан, дейдиган одам йўқ. Бўйни шардоздайгина бўлиб бош ирғайди. Бешиктебратардай чайқалади.
Шермат оламнинг авзойи бузилган пайт туғилган. Митти, бир пақир-пастак, бўш-боёв кимса. Кичик, синган косовдай жуссасига кийим-боши осилиб турибди. Полиздаги қўриқчи таёққа кастюм-шим кийдирган дейсиз.
Бечора Шермат, бизни келди деб, худди кўзимиздан учиб тургани каби, ура-туя меҳмонхонага қараб чопган. Ёзнинг ёвғони қайнаганига қарамай иссиқда пак-паканагина бўлиб ғижим-мижим костюм-шим кийиб олибди. Шу иссиқда ўласанми, эгнинга енгил-елпи илсанг, сени биров уришадими?
Айтдим-ку, озғин, бунинг устига бўйдан ҳам худо қисган. Ҳовучга сиғадиган ҳандалакдай юм-юмалоқ боши озғин бўйнида омонатгина ликиллайди, чеҳра деб бўлмайдику-я, куйган кулчадай думалоқ, ним қора юзи жилмайганда янаям хунуклашади. Табассумидан йиғи нуқси уради. Қилпиқ кўзи илтижоли боқади. Хуллас, бир ожиз пакана банда, қўлчалари кўксида, емакхона ҳовлисида тузалган стол атрофида тик турган кўйи илжайиб биздан кўз узмайди: биздан деганим, аниқроғи, Тойқуловдан.
Э-ей, тўхтанг, шу ерда тўхтанг. Тойқулов — мен билан бир идорада ишлайди, ҳамкасб. Давлатдору савлатдор. Олтмишдан ошгани билан анча бақувват, жисму жасаддан худойим сира қисмаган, бўй деган икки метрданам ошади, дароз, вазни ҳам юз ўттиз кило тошни копток қилворадиган, мўғилафт, откалла бир одам.
Тойқулов қаерда-ю, Шермат қаерда... Бироқ бир кам дунё. Тойқуловнинг жасади бор, бироқ шунга яраша фисқу фасоди, надомату ҳасрати ҳам бор. Оқ деворда чивиннинг чиқитини топадиган одам. Оқ йўқ, қора бор бу дунёда. Шерматнинг салобат-сиёқида одамхорчилик нуқс берса-да, ботинида, қалбида одамгарчилик туйғуси тўлқин уради. Худойим унга ёруғ юрак, кўнглига нур ато этган.
Хуллас, Тойқулов тўйдими йўқми, билмайман, тушликда бошланган зиёфат емакхона, тўғрисини айтсам, Бар ёпилгунга қадар давом этди. Шерматни шердил деб дабдабаю-асасали қадаҳ нутқ ирод этиб, кўкларга кўтараверди. Бояқиш Тойқуловнинг қип-қизил ўйинчи эканини қаердан билсин. Лўлига лабинг лаъл деб иш битирадиган майнавознинг мақтовларидан майишиб ишшайгани ишшайган! Шахсан бошлиғимизнинг ўзи Тойқуловга топшириқ берибди: “Шерматдан ҳам хабар олиб келинглар. У вилоятда ишлагани билан идоранинг, шахсан менинг вакилим... Сиз тажрибали устозсиз, йўл-йўриқ кўрсатинг. Бу йил шу унвон-мукофотга ҳам лозим кўрилиш арафасида... Так что! Буёғи Сизнинг поведениянгизга боғлиқ, Шерматжон...”
Шерматда жон қолдими? Шермат осмонда учди. Шермат шамол бўлди. Шермат довул бўлди. Шерматнинг шашти бўрондан ўтди. Ўртада уйига ҳам учиб бориб келди. Эй-ей, Тойқуловдай одамга қанча қилсанг оз, қанча зиёфат берсанг кам-да!
Тойқуловнинг жағи тинмайди — гапни ҳам олаяпти, таомни ҳам қийратаяпти. Мен уялдим. Мен қизардим. Мен бўзардим. Кошки Тойқулов кўзимга қараса, терлаб-пишиб, пишиллаб, ўқчиб овқатни ургани-урган, енгилмас қўшин шиша ўлгурнинг ҳам кети узилмайди, бири йиқилса бошқаси “бостириб” келади. Тойқулов ёлғон-яшиқларини “Шундайми, укажон?” деб менга ҳам тасдиқлатиб олмоқчи бўлади, менинг ўқрайиб, безрайиб ўтиришим парвойига келмайди. Шермат (энди Шерматжон) унга чиппа ёпишди. Қадрдон, ини-иноқ бўлди қолди. Ямоғи билан бурун артадиган Шермат энди бошқа бир Шерматга айланиб бормоқда эди. Тойқулов бир нарсани бошламасидан олдин вақтида этакни ёпиш керак, деган ўй билан таъбим тириқлигини тобим йўқлигига йўйиб ўрнимдан турдим, меҳмонхонага жўнадим. Тойқулов қолди.
...Қисқаси, ҳикоянинг бошида айтганимдай ўкирди-бўкирди, туннинг тинкасини қуритиб менга ҳам уйқу бермади. Ўртадаги деворнинг тил-забони бўлса айтсин, меҳмонхона ҳали бундайин қўноқни кўрмаган чиқар.
Лаҳзага кўзим илинган экан. Нимадир тақиллаяпти. Эшик. (Очиқ эди-ку). Деразага кўз солдим. Тонг уйғонаяпти. Хира-шира. Эшик яна тақиллади, ўрнимдан турмасимданоқ шарақлаб очилиб, Тойқулов кириб келди, лорсиллаб бориб музлаткични очиб, ичидан бир шиша пиво олиб бетоқат ютоқиб тик турган кўйи қулқиллатиб ичиб турибди, ўзимни ухлаганга солиб ётдим. Нафс ўтини босиб тепамга келди. Ғулдиради:
— Туринг-е, тонг отди. Ухлайверманг. У тўшакни устимдан сидириб ташлади. (Қилиғи совуқнинг ишини кўринг) Қовоқ-қиёфаси янада шишиб, беўхшов ва қўпол гавдасида қорни мешдай бўлиб осилиб қолган. Кап-катта одамнинг каллаи саҳар биргина тиззаиштонда тепангда девнинг малайига ўхшаб чайқалиб туриши ғалати туюларкан. Ялингандай бўлдим:
— Яна озгина ухлай...
— Бўпти, пешиндан сўнг йўлга чиқамиз, — деди у ғулдираб.
— Нега, бугун яна иккита туманни кўришимиз керак эди-ку.
— Кўрганда нима ўзгарарди. Гап тамом, кетамиз. Бугун, биласизми, туғилган кун-ку.
— Кимнинг туғилган куни?
— Э-ей, дунё бехабарсиз-да, озроқ ҳушёр бўлинг, хўжайиннинг туғилган куни!
— Ишни тугатмай кетолмаймиз.
— Кетамиз. Бундай пайтда четда туриш яхшимас, назардан қоласиз.
У икки қўлини белидан тушириб лапанглаб бориб дераза ёнидаги курсини олиб келиб ўтирди. Мен ўрнимдан турдим. Ювиниб хонага кирганимда Тойқулов ниманидир ковшаб турарди.
— Демак, биз ҳам хўжайиннинг қошида бўлишимиз керак, бу машқи баланд мишиқи бошқа пайт ёнига йўлатмаяпти-ку. Тўғриси, уни бошқалар ўзига оғдириб олган, кадр билан муовиннинг гапидан чиқмаяпти, мени унга шулар ёмонлайди, лаънатилар. Анави кун менга ёшингиз улуғ, Сиз ҳаммамизга ўрнак бўлишингиз керак-ку, дейди. Вилоятдан келган вакилларимиздан бири зиёфат берувди, озгина отиб ҳам олувдим, бироз кеч қолибман... Сезиб юрибман мени бўшатмоқчи, лаънати. Мен юқоридаги танишимга айтиб қўйдим. Олдини олган яхши-да, укам.
Тойқулов ўттиздан ўтиб-ўтмаган раҳбаримизни гўрдан олиб гўрга солди. Палағда деди, жўжа деди, пишмаган деди, керак бўлса, тепага устидан хат ирғитивораман, деди. Қарасам, жазаваси қўзияпти. Кечаги исқоти ичкилик заҳри эс-хушини олди-қочди қилаётганини англадим. Тунд бошида алам бўрони турганини пайқадим.
Тойқуловга ачиниб кетдим. Дағдағаси қаърида дағ-дағ титроқ борлигини ҳис қилдим. Овози синиб, парчаланиб бораётганга ўхшади. Лўпилдоқ юзининг қони қочиб, ёноғи дир-дир учади. Кечаги зиёфатда гурзиси дунёни тирқиратадиган тарзда гердайиб ўтирган Тойқулов айни чоғ нимтик бир кимсага айланиб бормоқда эди.
Тойқуловнинг дунёси қора тортганича бор. Хуштагим хуш ёқсин деган хушомадгўйларни ёш раҳбар ўзига яқин йўлатмади. Танбеҳ билан танобини тортди: “Яна шундай қилсангиз Сиз билан хайри-хушлашамиз...” Бу танбеҳдан Тойқулов ҳам қуруқ қолмади. Яна бир тоифа — лаганбардорларнинг лаганига қўл узатмади. Уларни ҳам катта кўчага рўбарў қилди. Хуллас, раҳбар қаттиққўл, олди-бердидан узоқ одам чиқди. “Қайси мактабни битирган экан-а?! Устози ким экан, бунинг?!...”
— Нима дедингиз, мени нафақага жўнатармикин-а?
Тойқуловнинг шалвираб синиқ оҳангда айтган илтижоли сўрови ғашимни келтирди.
— Мен қаердан билай, ўзидан сўранг...
У менга хўмрайиб қаради-да, тасур-тусур қилиб хонадан чиқиб кетди.
Меҳмонхона ташқарисидаги уловжойдамиз. Тойқулов негадир машинани ўт олдирай демайди. Қовоқ-тумшуғи осиғлиқ, эрталаб боши ғувиллаб турган пайтда ичидаги бор нафратни тўкиб солганидан хижолат чекаяптимикин?.. Негадир безовталанади, менга аллахиёл бўлиб тикилиб қўяди. Шабаданинг шивири шамолга етиб борибди, дерди катта энам. Шундайин, Тойқулов ҳам мени сотади, гапларимни раҳбарга етказади деб ўйлаяпти. Ўзимча шундай тусмолладим. Машинанинг олд ўриндиғида ҳеч нарсани сезмагандай бепарво ўтиравердим. Тойқулов улов салонига кириб ўтиради, яна қайтиб чиқади. Киради, чиқади... Устига-уст, босиб-босиб чекади. У бошини рулга қўйиб оғир хўрсинди. Шу маҳал осмондан тушдими, ердан чиқдими билмадим, машина ёнида қўлида каттакон қути кўтариб олган Шермат пайдо бўлди. Тойқуловнинг юзи ёришди. Салондан отилиб чиқиб қилтиллабгина турган Шерматнинг қўлидаги нарсани олиб юкхонага солди. Шермат билан хушҳол, бироқ жиддий қиёфада хайрлашади. Мен ҳам машинадан чиқиб Шерматга қўл чўздим. Бечора мутеларча мўлтиллаб турибди.
Тойқулов машинани жилдирди. Шермат ортимиздан шумшайиб қараб қолди. Кўнгилга оғриқ солгувчи бу манзарадан сўнг ўзимдан ҳам нафратланиб кетдим. Юрагим сиқила бошлади. Ёнимдаги бадбин кимсани уриб-тепиб, эзғилаб ташлагим келаяпти. Битта машинада ёнма-ён кетиш азобнинг азоби эди.
— Шу нарсанинг нима кераги бор эди? Тишларим ғижирлаб, гапим чархланиб чиқди — уялмайсизми?!
Тойқулов ялт этиб қаради. Сўнг тўғрига, йўлга кўз тикди.
— Мен буни ўзимгамас, ҳалигининг туғилган куни учун олдим, — ғудранди.
— Пулини бермадингиз-ку, — ғазабимни босиб, ўзимни баъзўр тутиб чақиб олдим. — Бечора боланинг туришини қаранг, пайпоғи тоқ, боридан йўғи кўп бир ношудгина бола бўлса, шуниям...
Тойқулов ижирғанди:
— Бу ерларда чорва кўп. Тандир гўшт қаҳатмас. Бир қўй кимни ўлдирибди.
Бепоён адирликнинг қоқ белидан кесиб ўтган сув сатҳидай теп-текис йўлнинг охир-адоғи кўринмайди. Машина учаяпти, қилт этиб чайқалмайди. Манави билан бир уловда кетишнинг ҳам иложи йўқ эди. Феъли-рўйи олдиндан маълум эди-я, бироқ бу даражада нафсингир, иприсқилигини билмас эканман, йўлда йўлдош бўлсанг юлдузни ўрганаркансан-да. Бир амаллаб туман марказига етиб олсам бас, тушиб қоламан. Поездда кетаман. Шу маҳал олдинда, йўл четида “Тўхтат” ишорасини қилиб қўл силтаб турган чолга кўзим тушди. Эгнига беқасам желак илиб олган, оппоқ салласи учи билан юзини гармселдан тўсиб турган чолнинг ёнида ўзи билан бирга олиб чиққан тугун-тақа ва икки кўзи нарса-қора билан яримлатиб тўлғизилган гиламхуржун турарди. Тойқулов парвойи-палак, ўзича нимадир деб ғўнғиллади, қариянинг ёнидан ўтиб кетдик.
— Тўхтатинг! Тўхтатинг!!! — чинқириб юбордим.
Ҳангу манг бўлиб қолган Тойқулов машинани четга олди.
— Тинчликми? Чаён чаққандай чинқирасиз, укам?!
— Чолни олиб кетамиз...
— Нега, — у илжайди, — нега?
— Биз Ҳизрни кўрдик... — Оғзимга бу гап қаердан келганини ўзим ҳам билмай қолдим. Тойқулов бир сапчиб тушди: “Э-ей!!!” Машина орқага юрди. Чолни ўзимиз билан бирга олволдик. Мен ўзимга шерик, йўлдош топилганидан енгил тортдим. Тойқулов ўша-ўша — қовоқ-тумшуқ. Юзи яна тундлашиб, ёноқлари дириллаб-дириллаб учиб-учиб қўяди. Баттар бўл, нокас.
— Оқсоқол йўл бўлсин?, — тўнғилади ниҳоят.
— Тошкентга иним, Тошкентга.
— Бир ўйнаб, ўйнатиб, шамоллаб келай дебсиз-да, а?
— Ҳа энди иним, ҳар кимнинг ўзига яраша ташвиши бор-да, — чол бу худбиннинг тагдору тиғдор писандасини яхши илғамади.
Ана энди чолга ниш уришни бошлади. Кенаб-кеноқлаб гап ирғитаверади. Тойқулов яна нимадир деб ўйиб олишга чоғланган ҳам эдики, бахтга қарши унинг қўл телефони жиринглаб қолди.
— Алло, эшитаман! Эшитаман, Тоҳир Жўраевич! Ассалому алайкум, укажоним! Раҳмат укажоним, бахтимга Сизлар соғ-омон бўлинглар, илоҳим мартабангиз баланд бўлсин. Бизми, (у менга қаради...) — бораяпмиз. Шу десангиз, ҳамма топшириқлар бажарилди. Одил Тўраевич қалайлар, яхшимилар? Яхши бўлсин, илоҳим. Бошлари тошдан бўлсин, илоҳим... Кечқурун уйларига ўтамизми? Бугун туғилган кунлари экан-ку... Эрталаб (у яна менга қаради) укамиз айтиб қолди. Зап яхши, доно инсон раҳбаримиз. Хўп, майли кўришамиз, омон бўлинглар...
Тойқуловнинг бу даражада тез тусланишини манаман деган актёр ҳам эплай олмаса керак. Юзидаги оҳанрабо жилмайишни кўрсангиз... Янада семириб, янада савлатга тўлиб, елкасидан қанот ёзаётгандай, бу дунёга сиғмай бораяпти. Орқа ўриндиққа бурилиб чолга қараб жилмайиб ҳам қўяди. У туман марказига шоду шодмон келди. Машина сой бўйидаги тол соясида тўхтади.
— Ичим куйиб кетаяпти... Кеча, роса..., — гўёки мендан изн сўраётгандай бўлди. — Бирон нарса еб олсак.
Тол соясидаги чорпояга чиқдик. Тойқулов лўлиболишга бош қўйиб чалқайиб чўзилди. Чол таҳорат олгани кетди. Тойқуловнинг қўл телефони тағин овоз бериб қолди.
— Ҳа, сенмисан Собир! Нима гап! Тез-тез гапир ланжиллама. Яхши, биз қайтаяпмиз. Катта хўжайиннинг хабари бор. Кечқурун у кишиникида кўришамиз. Хабаринг бордир, бугун туғилган куни-я... Нима..? Нима? — У гумгурсдай бўлиб ётган жойидан тураман деб тирсаги устидаги хонтахтани қасирлатиб ағдариб юборди. Мен унинг ўз ходими Собир хўроз билан гаплашганини англадим. У ўрнидан туриб кетди.
— Бўшабди. Кетибди, — деди қўлларини мушт қилиб. Сўнг юзида кўпчиган терни шими чўнтагидан киррати дастрўмол олиб шошиб-пишиб артди. Эсанкираган кўйи яна ўтириб олди. Қўл телефонини олиб кимгадир қўнғироқ қилди.
— Алло, яна мен! Тани-жонингиз соғ бўлсин, Тоҳир Жўраевич! Ўзингиз бошимизда ҳамиша соябон бўлинг, укажон... Шу... шу... ҳалиги, — жим қолди. Менинг ҳам қулоғим динг. Тойқулов муовин билан гаплашаяпти. Қўл телефон орқали Тоҳир Жўраевичнинг овози жаранглаб эшитилди!
— Нега жим қолдингиз?
— Одил Тўраевич биздан кетдиларми?
— Шундай бўп қолди, начора. Тепанинг топшириғи.
— Нега ҳали менга айтмадингиз?
Қўл телефондаги овоз: — Ўзингиз эшитмасдан телефонни ўчириб қўйдингиз-ку... Ҳа майли, кечқурун гаплашамиз. — Муовин гапини қисқа қилди.
Тойқуловнинг аҳволини кўринг? Ўтирган жойида уф-уфлайди. Хурсандлигидан ҳад эгаси, бахтлилигидан тахт эгаси дейсиз.
— Ана, кетибди. Кетибди-я, кетибди. Жўжахўроз! Бизларга ўхшаганларга хезланавериб, кекирдакдан айрилди, ана! Бир йилга бориб-бормай паттасини қўлига олди. Хе-ей, буни бир ювиш керак... Омон-эсон Тошкентга етиб олайлик, иним, зиёфатнинг зўрини мен қилиб бераман...
У менинг елкамга гурсиллатиб уриб қўйди. Бир томоним қийшайиб, оғриқ белимни зирқиратиб юборди. Мен нима дейишни билмасдим.
— Қаёққа кетибди, — дедим зўрға. Очиғи, ёш раҳбаримизга жоним ачиб, ўзимни янада ёлғиз ҳис қилдим. Одил Тўраевич ёш бўлса ҳам ишни пухта биладиган, адолатли, демократ раҳбар эди. “Мановинга ўхшаганлар тўдалашиб охири қулатишибди-да”, деган хаёлга бордим.
— Нега аза очаяпсиз, жа-а-а, ишонардингиз-а, ўша болага.
Тойқулов ғижиниб қўл силтади-да, ўрнидан турди:
— Кетдик. Туринг, ялпаймасдан. Биратўла Тошкентда овқатланамиз, — у энди ўзини тетик, музаффар қўмондондай тутарди. — Анави чолни ҳам чақиринг. Намозини йўлда ўқийверади, вақт зиқ...
Тойқулов йўл-йўлакай Одил Тўраевичнинг авра-астарини чиқариб, буралаб сўкиб борди. Унинг талқинича пасткаш ҳам шу, ношуд ҳам шу, савдойи ҳам шу, мансабпараст ҳам, бетгачопар бир тирмизак ҳам шу. Ҳа, Одил Тўраевич шундай кимса!.. Ишдан кетгани жуда яхши бўлибди. Мен бу одамнинг ичида ёш раҳбарга нисбатан бунчалаб нафрат, оғу-зардоб чўкиб ётганини билмаган эканман. Тойқулов бизга етти ёт бегона, куйди-чиқдимизнинг мутлақо қизиғи йўқ чолга ҳам маънилатди:
— Оқсоқол, биз ҳалиги, ўзимизда бирови бор эди, Одил Тўраевич деган жинқарча. Шу ҳақда гаплашаяпмиз. Бугун ковушига патак солиб тўғирлаб қўйишибди. Эй-ей дунёи азим, зап ишларинг борда!
Шаҳарга кириб келишимиз замона Тойқулов муовиннинг ҳайдовчисига қўнғироқ қилди: “Укажон, тез етиб келинг. Паркнинг ёнида кўришамиз. Тоҳир Жўраевичга арзимас мозорбосди олиб келаяпмиз. Уйларига элтиб ташлайсиз. Қаршининг тандир гўшти...”
Кўз олдим қоронғилашиб кетди. Раҳбарнинг туғилгани кунига “аталган мозорбости” энди бошқа одамга, мовунга инъом қилинаётганидан энсам қотиб, энгагим тиришди. Жон уҳмида машина қопқасига қарсиллатиб урдим:
— Тўхтааат! Тўхтааат машинани!!!
Тойқулов чол иккимизни шаҳар четида тушириб кетди. Чол менга қараб жилмайиб қўйди:
— Ўғлим, яхши бола экансиз. Юнусобод томонга такси тўхтатиб беринг.
Мен минг бир ҳижолат билан отахонни таксига ўтказдим. У менга қараб мийиғида кулиб, бош ирғаб қўйди:
— Хайр, кўришгунча ўғлим... Сен билан кўришамиз, ўғлим. Ер олмадеккина.
Кечқурун соат саккизга яқин уйғондим. Донг қотиб ухлаган эканман. Йўл азоби, гўр азоби деган гапни қайси бир замонда Тойқуловга ўхшаган ювиқсизга йўлдош бўлган одам айтган бўлса ажабмас.
Бориш керак, боришим керак. Туғилган кунга боришим шарт. Бундай кунда четда туриш уят. Ишлаб турганда эди, майли, бормасам ҳам бўларди. Менсиз ҳам одам қайнаб, бири кириб бири чиқарди, хушомаднинг ҳуштагидан қуруқ қолмаганлар жуда кўп.
Йўлга тушдим, бир ўй бошимни ўйиб бормоқда: “Ноқулай бўлмасмикин?” Э-ей, ҳеч нарса билмагандай бўлиб туғилган куни билан табриклаб қўяман, вассалом. Мана, шу муюлишдан сўнг тор кўча охирида Одил Тўраевичнинг хонадони. Бурилдим, ёш раҳбарнинг уйи олдида қатор тизилган уловларга кўзим тушди. Яхши, ишхонадагилар келишибди. Шукр, одамгарчилик бор, оқибат ўлмаган, яхши-ёмон кунда кўнгилга далда бергувчилар кўп. Кўриб қўй, Тойқулов, кўриб қўй! Сен келмасанг ҳам яхшини йўқлагувчилар топилади, яхшилик ерда яксон бўлмайди, Тойқулов!
Ҳовлига кирдим. Ишком остида тузилган кенг-мўл стол атрофида ҳамма жамулжам. Супа ёнида самовар қайнатаётган қоровулимиз Ражаб мерган пишибгина қопти, ҳалиги зормандадан қўпроқ отиб олибди; икки қўли белда, чайқалиб турибди. “Вой-ей, бомисиз? Қатта юрибсиз? Ҳамма шўтта-ю”. Хаёлимдан шу ўй кечди: “Ҳаммамас мерган, ҳаммамас! Тойқуловни топиб бер-чи, мерган. У келмаган, келмайди ҳам, мерган..,” Ражабнинг беозор танбеҳидан дадилланиб ердан кўз узмай давра томон йўл олдим. Менга бошқалар ҳам мени интиқ бўлиб кутаётгандай туюлди. “Ана, ниҳоят жаноб Эшматов ҳам келдилар...” Котибамиз Санобар пешвоз чиқиб қўлимдаги совғани олди.
— Табриклайман... — мен Одил Тўраевичга юзландим... Раҳбаримиз даврада хушҳолу хушчиройгина бўлиб ўтирибди. Шу тоб... шу тобда, шитобда менга орқа ўгириб айиқдай бўлиб ўтирган Тойқуловга нигоҳим тушди. У ҳам илкис бурилиб, менга қаради. Унинг кўзларида ғазаб учқунлари сачради. Нигоҳим тиниб, давра четидаги курсига омонатгина чўкдим.
— Энди табрик учун сўзни, тажрибали ходимимиз, устозимиз Турдибой ака Тойқуловичга берамиз.
— Азизларим! Ҳурматли Одилжон Тўраевич, меҳрибоним, укам! Сизни бугунги қўшалоқ байрам билан чин дилдан қутлайман. Сиз чин маънода инсонсиз, чин маънода раҳбарсиз, чин маънода бугун Сизни тайинлашган юқори лавозимга лойиқсиз, мосу хоссиз! Ўлгунимча дуои жонингизни қиламан.
Қаттиқ бет болтани кемтик қилади. Эҳ, Тойқулов, Тойқулов! Уятдан ер ҳам ёрилмади-я. Бошим гангиб, ўй-фикрларим остин-устин бўлиб кетди. Нима деяпти, бу?! Юқори лавозим дедими? Э-ей, буёғи... Ёнимдаги Таваккаловга қарадим:
— Ҳа, бунча анграясиз? — деди у.
— Шу... Хўжайин юқорига кўтарилдиларми?
— Э, Сизга нима бўлган, кеча буйруқ чиқди-ку...
— А-а!
Мен дик этиб ўрнимдан турдим, қўлимни мушт қилиб даст кўтардим-да, бақирдим:
— Менга сўз берингл-а-а-а-р, Менга сўз беринг-л-а-а-а-а-р!!!
Даврадагилар чапак чалиб юборишди. Қийқирганлар ҳам бўлди.
Мен бор овозда қичқирдим:
— Ҳақиқат бор! Ҳақиқат бор!!! Ҳақиқат бор!!!
Кўксимни куйдираётган оловнинг аччиқ тутини ўралаб димоғим ачишди, ўзимни анча енгил ҳис эта бошладим. Қўлимдаги қадаҳни бир сипқоришда ичдим-да, жойимга ўтирмай ҳовли эшиги томон юрдим. Ҳақиқат бор бўлган тақдирда ҳам Тойқулов ўтирган даврада қололмасдим. Тойқуловга ўхшаганларни ҳақиқат ўз даврасига қўшгани, ёнма-ён ўтиргани алам қилади.
Ҳовли эшигига етиб-етмасимдан кимдир елкамга дағаллик билан турткилади. Қарасам Ражаб мерган. Чалқайиб турибди.
— В-у-уй, қаёққа кетвотсиз? Сизни чақираяптила...
— Ким?
— Ана-а-а-а! Тўра ота чақираяптила-а... Хўжайинимизнинг додалари.
Мен Ражаб мерган ишора қилган томонга қарадим. Самовар ёнидаги супада ўтириб чой хўплаётган отахон менга жилмайиб қараб турарди. Азойи баданим жимирлаб, оёқ-қўлим бўшашиб кетди. Чолнинг эгнидаги беқасам желак чироқ ёғдусида камалакдай товланиб турарди.
— Кел ўғлим, келавер! Мана Сен билан яна кўришдик. Айтгандим-ку, ер олмадеккина, деб.
Чолнинг чеҳрасида тиниқ табассум нури жилваланарди. Базм томон кўз югуртдим. Тойқулов бизга кўзи тушиши ҳамоно ўрнидан дик этиб туриб кетди. Жойида тош қотиб тураверди. Тамом бўлди, Тойқулов! Энди тамом бўлди... Янаям ким билсин...