ПАЛЬТО
Қўчқор НОРҚОБИЛ
ПАЛЬТО
Ҳикоя
Хотинининг дийдиёсидан довча тўкилишига кўникиб қолган Холдоровнинг шу тобда кенг кўнгли торайгандай бўлди — бу ёғига гўр бўлармидингиз, деди уккағарди қизи. Шу жойи алам қилди.
— Кўрасан, ҳали! Мени кўтаришмоқчи. Калтафаҳмсан!!! Ўчир овозингни!!!
Илк бор Холдоровнинг гапи гумбирлаб чиқди. Хотин ҳам бир қалқиб тушди. Ёзувчи акамиз айтганидай, оғир тош кўчди. Тепса тебранмаснинг кети тепкини сезди. Хотин анграйиб қолди (шу ҳолинг бор экан-ку, дейдиган одам йўқ).
— Нима-а-а-а? — Овози синиқ ва сўниқ чиқди.
— Эшитганинг!
Нима бўлса бўлди. Хаёлига бу гап қаердан ҳам келди, ўзи ҳам ҳайрон. Энди орқага қайтиш йўқ — айтилган гап, отилган ўқ.
Ҳовли эшиги тарақлаб очилди. Холмат найнов кўриниш берди. Эгнидаги отам замонидан қолган эски пўстин ёқасини кўтариб кувачадай бошига киррати, усти чарм телпагининг қулоқчинларини тушириб кийиб олган найнов изғирин қаҳрига дош беролмай турган жойида айлана бошлади.
— Ана келди. Шугина сизни каттанинг уйига олиб борарканми? — деди хотини ўсмоқчилаб ва хаёлидан: “Енгининг ямоғига бурун артадиган ношуд меҳрибонингдан ўргилдим...” деган гап ўтди.
— Бунга нима қипти?, — иҳранди Холдоров.
— Ҳеч нима қимапти... Чақирмайсизми уйга. Шўрликни совуқ уриб кетди-ку, қилтанглашини қаранг.
— Уйда нима қилади? Шошиб турибмиз...
Холдоров ҳовлига чиқиш учун хона эшигига қўл узатган ҳам эди-ки, хотинининг қатъиятли буйруғи жаранглади:
— Чақиринг! Уйга кирсин, олдин чой-пой ичиб олсин. Кейин кетасизлар. Остона хатлаган одамни тузу намаксиз чиқарманг.
Холдоров хотинига ҳайрон боқди.
“Баъзида меҳрибон бўлиб кетади...”. Ноилож, истар-истамай Холматни уйга бошлаб кирди. Даҳлизсифат залдаги илгакка кийимларини осишди. Голланди печ гуриллаб турган меҳмонхонага бошлади, ўлмайиннинг кунидан курсига чорлаб, дастурхонстолга манзират қилди. Эрнинг янада ҳайратини ошириб хотин столга мева-чева, қанд-қурс келтириб қўйиб чиқиб кетди. Холдоров ёнида юзига қон югуриб, кўзгинаси ёниб турган кичик жусса, қотма найновнинг шалпанг қулоғига нимадир деб шипшиди, меҳмон бўлмиш кичкина бошгинасини тасдиғу тасаддуқ маъносида ликиллатиб қўйди, илжайди.
Холмат найнов деганимиз биров билиб биров билмайдиган кичик идоранинг бошлиғи Холдоровнинг қўл остида ишлайди — муовин. Ўзи қўшни туманда яшайди. Икки йил бўлаяпти, шу ерга юборишган. Ҳар қандай майда идоранинг гапи катта бўлади — миш-миш тарқалди, Холмат вилоятдаги раҳбарнинг жонжўраси, иккови бирга ўқишганми, армияда бирга хизмат қилишганми, бир бало... Холдоров дастлаб ундан ҳайиқиброқ юрди: “Қайси гўрдан кеп қолди бу. Чинданам хўжайиннинг оғайнисимикин?”. Элга илакишавермайдиган, одамови Холматнинг ўзини тутиш-туриши бошлиқнинг шубҳасини ўт олдириб борди, баъзида ишдан бошини кўтармайди, соҳанинг сирига сиртмоқ солган, баъзида шундай таклифлар айтадики, ходимлар ҳам тан беришади, кўза калласининг ичида ғуж-ғуж олтин фикр. Баъзида эса довдир-совдир гаплар айтиб, сандирақлаб юраверади, шиша ўлгурга суяги йўқ, отамлашиб ўтирамиз десанг, отасини ҳам унутворади.
Кунларнинг бирида Холдоров уни зиёфатга таклиф қилди. Шубҳа-гумон тарқамаса имон омон қолмайди, дейишади. Ке, шунинг кўнглига бир қўл урай, деб ўйлади.
Кафеда ўтиришди. Холматвой икки қўл олар олмас, чулдираб қолди, жони мўрт экан, сузилиб майнавозчилик қила бошлади. Тоқати тоқ Холдоров унинг гапини оғзига ургандай қилиб тақа-тақ тўхтади:
— Менга қаранг, Холматжон, сиз чиндан ҳам вилоятдаги катта билан яқинмисиз? — деди ҳадиксираб.
— Эмасам-чи?..
— Бирга ўқиганмисиз?
— Йўқ.
— Ҳарбийда бирга хизмат...
— Йўўқ, — деди кўрсаткич бармоғини бигиз қилган ҳолда ҳаволатиб.
— Қариндошмисиз?
— Йўқ... Ҳииқ. Ҳииқ
— Кимсиз бўлмаса? — асаби чатнади бошлиқнинг.
— Ҳеч ким... Ҳеч киммм! — Яна кўрсаткич бармоқ ҳавони кесди, — одамлар гапираверишади. Найновлар! Вилоятдаги катта қаерда-ю, мен қаерда? Ҳииқ. Ҳииқ. Қуйинг хўжайин, отайлик!
Хўжайиннинг кайфи тирриқ бўлди, лекин ичида қувонди ҳам. “Э-ей, бунинг ўзи найнов экан-ку...”. Унга шу-шу “найнов” деб лақаб қўйди. Буни фақат ичида айтиб юрди, ишхонадагиларга овоза қилгиси келмади, нима бўлган тақдирда ҳам ўринбосари, ўзгалар олдида ерга ургиси келмади. Шу-шу кўнгли тортганда хилвату холи жойда Холмат билан “байрам” қиладиган бўлди.
Бугун ҳам бу изғирин тўс-тўполонли кунда уйда хотинининг қош-қовоғига қараб ўтириш азобидан қутилиш илинжида Холмат найновга қўнғироқ қилувди. Хотини жавраб жаҳонга жар солган кезда, жин урсин, ўзи ҳам билмай қолди, ҳалиги гап оғзидан чиқиб кетди: “Холмат найнов билан каттаникига ўтиб келамиз...”.
Зайнаб опа дастурхонга қайнатма шўрва қўйган маҳалда шишаси яримлаб қолган икки қадрдон бир-бирига меҳр кўзи ила боқиб, лаб-лунжини ишириб газак уришарди. Зийрак хотини ҳозиру нозирлигида Холдоров найновга маъноли қаради.
— Шундай қилиб хўжайин йўқладиларми? Аммо об-ҳаво ҳам аксига олди, — деди бошлиқ деразага бош ирғаб, — қандай бўларкин?
— Катта айтдилар, Қодир Холдоровични олиб келинг, у кишини яхши одам дейишади, яқиндан танишиб қўйсак ёмон бўлмайди дедилар, — Холмат ҳам юзингда кўзинг борми демай жавоб қайтарди-да, бошлиққа безрайиб қараб тураверди.
— Энди келаси сафар олиб, борасиз, иним, — деди Холдоров ҳам ички бир орзу тўлқинидан масрур ҳолда.
Зайнаб опа косани қўйиб кета қолай демади, дастурхондаги у-бу нарсаларни тузатиб-тозалаган бўлиб тимирскиланиб тураверди. Холдоровнинг эти жунжикди, кўзини чақчайтириб найновни ўйиб олди:
— Катта билан дўстман денг? Оббо, Холматжоней.
Найнов ингичка бўйнини чўзиб, кўрсаткич бармоғини ҳавога ўқталди. Холдоровнинг жон-пони чиқиб кетди, ўлди, ҳаммаси тамом бўлди. Узилиб тушгур кўрсаткич бармоқдан кўз узмай қотиб турди.
— Ҳа. Дўстмиз. Иккимиз афғонда бирга жанг қилганмиз. Бир хандақда ёрти нонни баҳам кўриб, не бир ўлимлардан омон қолганмиз. Бир гал Собиржонни ўқ ёмғири ичидан ўзим кўтариб чиққанман. Ўнг елкасидан ўқ тегувди. У менинг қиёматли дўстим, ҳа, ким бўлишидан қатъи назар дўстим, вилоятда унга биргина отаси билан мен “сенсираб” гапира оламиз. Хоҳласангиз, ҳозироқ телефон қиламан, тез етиб кел дейман. — Холмат хўроздай хезланиб ўрнидан туриб ён чўнтагидан қўл телефонини олди.
Эс-ҳушидан айрилган Холдоров ўрнидан дик этиб туриб кетди-да, найновнинг елкасидан босди. Ҳансираб, капалаги учиб, оғир-оғир нафас олди. Зайнаб опа қўлидаги ликопчани тушириб юборди. Холматнинг авзойига боқиб бир сесканди-да, ошхонага пилдириб қолди. Найновни бир амаллаб жойига ўтирғизган Холдоров аросат ўтида тўлғаниб иҳранди:
— Гапларингиз чинми, Холматжон?..
— Нима, ишонмаяпсизми?! — деди куйдирги ҳам тиржайиб.
— Иш. Ишондим...
— Келинг гаров ўйнаймиз. Собиржон чин ўғил бола. Мард. Шу туманга келганимдан бери биринчи марта сизга айтаяпман. Сиз яхши одамсиз, хўжайин. Алдаб нима қилдим?
— Со-обиржон, эе-ей, Холматжон, у киши мени чиндан ҳам...
— Қуйинг, яна биттадан олайлик. Шўрва даҳшат бўлибди, олинг. — Холмат пиёлани даст кўтаргач, шўрвага қўл чўзди.
Холдоровни титроқ босди. Ғиппа бўғилди — томоғидан қил ўтмайди, боши гарангсиди. Қаршисидаги жиккак жусса Холмат туйқус салобатга тўлиб, улканлашиб кетди. Холдоров унга қараб илжайгани-илжайган. Зайнаб опа хонага учиб кириб, учиб чиқади. Ийиб кетганидан хотини тушмагурнинг ўзи сервантдан иккита “Қоратов” ароғини олиб столга диккайтириб қўйди. Дастурхонда хонадоннинг бор бисоти эъзоз топди. Даҳлизда қўшни Ҳусан калнинг чийиллаган овози эшитилди.
— Чақиртирган экансиз, янгажон, нима юмуш бор эди?
Холдоров меҳмонхонада туриб Ҳусан калнинг овозини эшитса-да, унга эътибор ҳам бермади, Ҳусан калсиз қолибдими, келса келгандир-да...
— Ака, ана, қўрадаги улоқнинг бирини ушланг. Укангизнинг меҳмони бор. Фақат тезлаштиришимиз керак. Кунам кеч бўп қолаяпти, — шанғилади Зайнаб опа.
Орадан бироз ўтгач дастурхонга улоқ гўштидан қовурдоқ тортилди. Меҳмону мезбон гоҳ ўринларидан туриб, гоҳ ўтирган кўйи қадаҳбозлик шавқини туюшарди.
Қиш куни бир тутам. Кеч кирди. Холдоровнинг туман марказидаги ўғли ардоқли меҳмонни уйига элтиб қўйиш учун ўз машинасида етиб келди. Холматжон (энди)ни кузатиш маросими қизиқ бўлди, калла кетгандан кейин оёқда мадор қоладими; уни даҳлизгача суяб чиқишди. Холматжон алтанг-султанг қилиб юриб келди-да, илгакда турган ўзининг куя еган эски пўстини қолиб, Холдоровнинг яп-янги пальтосига қўл узатди. Холдоров “ий-й-ий”лаб юборди. Бу орада азиз меҳмон пальтони кийиб улгурди. “И-й-й-ий. Хол... Холматжон...”, — Холдоров бошқа гапиролмади. Зайнаб опа унинг тирсагидан ўйиб чимдилаб олди. Холмат яп-янги пальтода, бошида эрталабки эски, киррати телпак ҳовлига чиқди. Эр-хотин уни катта эшиккача кузатиб чиқишди. Ўғил машинани юргизди...
Меҳмон кетди. Эртаси душанба эди. Ишхонада бошига гурзи тушгандай гандираклаб ўтирган Холдоров муовуни Холматни чақиртирди. Келмабди. Тушга яқин ходимлардан сўраб-суриштирди, йўқ, дом-дарак йўқ. Қўл телефони ҳам ўчирилган. Бошлиқ безовта бўла бошлади. Ўлиб-пўлиб қолмадимикин? Йўғ-е, Худо асрасин.
Кун пешиндан оғди. Ҳар бир ишхонада бўлгани каби шу идоранинг ҳам жарчиси бошлиқнинг ҳузурига чопиб кирди:
— Келди. Анави келди.
— Ким келди?
— Анави, Холмат...
— Э-е-ей, чақир.
Холмат ҳеч нарса билмагандай хўжайиннинг хонасида ўзини овсарликка солиб турди. Бошлиқ унинг эгнидаги эски костюмига назар ташлаб, хаёлидан ўтгани шу бўлди: “Пальтони нима қилдийкин?”.
— Хўш, Холматжон, — деди жилмайишга уриниб, — кеча... кечаги гап.
— Э-е-ей, хўжайин, кеча зўр ўтирдик, раҳмат.
— Кечаги гап ҳалиги, — энди овози қалтиради, — нима бўлди, каттани айтувдингиз-ку?
— Э-е-ей, хўжайин, кеча роса ролга кирибмиз-да... Шу десангиз гапирган мен эмас, жин урсин, “Қоратов” гапирди, ароқ гапирди, деб қўяверинг.
— Ним-а-а-а-а?! Чиқ йўқол! — Холдоровнинг қўли кулдонга етмади. Эшик қарс этди, Холматнинг қораси ўчди.
Холдоров кўксини чангаллаб курсига ҳолсиз ўтириб қолди. Пешонасидан реза-реза тер оқди. Эшик оҳиста очилиб, хонага ҳалиги жарчи — югурдак кирди, қўлида яп-янги пальто.
— Мана, Холмат берди. Пальтонгиз унинг хонасида қолиб кетган экан...
Холдоров беҳолу беҳаловат алфозда сўл қўли билан хона бурчидаги илгакка ишора қилди. Югурдак уни илгакка осиб, сассиз, шарпа янглиғ чиқиб кетди. Холдоров юмшоқ курсига елка тиради. Ич-ичидан олов ўрлади. Ҳаётида илк бор ўз ҳолига ўзи ачиниб, кўзларида ёш ғилтиллади. Нигоҳини юмди. Нафаси сиқилди. Хона сукунати уни ўз домига тортиб бораётганга ўхшади. Туйқус столдаги телефон ваҳимали жиринглаб қолди. У сапчиб тушди. Гўшакка қўл чўзди. Оғриниб тўнғиллади:
— Эшитаман, хўш хизмат... Ҳа... Менман.
— ...
— А-а? Ҳа! Худди шундай, Собиржон Нарзиевич! Хўп бўлади. Шу ерда... Шу ердалар... Ҳозир, — Холдоров ўрнидан қандай сапчиб туриб кетганини билмади. Илгакдаги пальтони олиб Холматнинг хонасига ҳарсиллаб югургилади.
— Холматжон, Холматвой! Дўстингиз Собир Назирович, катта келаяптиканлар. Сизни сўрадилар, — у пальтони ўриндиқда хардамхаёл қийшайиб ўтирган Холматнинг елкасига ташлади.
Холмат унга илажайиб қаради-да, бир кўзини қисиб қўйди:
— Келса келибди-да...