САМОЛЁТДА МЕН ҲАМ БОР ЭДИМ
Қўчқор НОРҚОБИЛ
САМОЛЁТДА МЕН ҲАМ БОР ЭДИМ
ҳикоя
Чумикан деб эшитганмисиз?
Мен эса кўрганман.
Тубканинг тинкани қуритар тубидаги жой. Узоқ Шарқда. Хабаровск ўлкасидан ҳам саккиз юз эллик чақирим нари — Уда дарёсининг усти, Ов денгизининг лабида.
Ўша ерда бир ой бўлдим. Сенга зарилмиди? У жойларда итинг адашдими, дерсиз? Чумиканда сазойидай сандироқлаганим алоҳида мавзу, бошқа ҳикоянинг томири.
Ҳозир ўзга ҳодиса ҳақида ёзмоқчиман. Тўқиганнинг турқига тўқмоқ, айни чоғ эсласам ҳам ғалати бўлиб кетаяпман.
Хуллас, уйга қайтадиган бўлдим. Ўттиз кун вақт уммонида урвоқдай чайқалди — ўтди-кетди. Қишлоқдаги якка-ю ягона, олти нафаргина келгиндига бошпана бўладиган, бор-йўғи уч хонали кичик меҳмонхонани тарк этиб, дарёю денгиз, ўрмонадирлару ёғоч кулбалардан иборат борлиқ билан хайри хушлашдим. Тўрт чақирим юрсам бас аэропортга етаман.
Тарвақайлаб ўсган ўриси дарахт ёнида чойқутидек кўринадиган дорихона олдидан ўтаётгандим, ичкаридан тўрт-беш ёшлар чамасидаги маймоқоёқ қизчани етаклаб чиққан жувонга кўзим тушди. У менга бир зум қараб турди-да, ўриндиққа чўкди. Ёнига келиб суйкалган қизчасининг бошини кўксига босиб, сочларини силади. Мен жувоннинг кўзлари жиққа ёш эканлиги, у худди жилмаяётган каби туюлса-да, аслида ич-ичидан зор-қақшаб йиғлаётганини сездим. Айни лаҳзада дорихона эшиги очилиб остонада пайдо бўлган савлатли аёл шанғиллади:
— Зойка, ахир мен сенга энди қарзга беролмайман-ку. Анави санғи, лаънати эрингга айт, ундан кўра ишласин, ҳеч бўлмаса, балиқ тутиб сотсин. Ароқхўр, тараллабедод у. Мени эса бошқармадан текширишаяпти.
Гап нимада эканлигини тушундим; аёлга дори керак. Аёл Осиёдан адашиб келиб қолган мен оввораю сарсонга алам билан қаради-да, уялганидан юзини четга бурди, қизини бағрига маҳкам босди, энди ўрнидан турган эди ҳамки йўлини тўсдим. У ҳайрон, менга анграйиб қаради.
— Зоя, бироз кутиб туринг, мен ҳозир!
Юкхалтамни дарахт танасига суяб, дорихонага кирдим.
— Анави аёлга, Зояга қандай дорилар керак эди?
Жувон елим идишга солинган бир ўрам дориларни узатди:
— Мана, фақат унинг пули йўқ эди-да. Ҳамёнини очиб, кўзининг шўрвасини оқизаяпти менга. Ер юткур эри шип-шийдон қилиб, тозалаб кетибди. Ичади-да, ярамас, ичади. Хотинининг ҳамёнига ҳам қўл тиқади, ароқхўр. Зоянинг қизи касал. Бечора топгани дори-укол, рўзғорга кетади. Анави алкаш Аркаша тентак ароққа чўмилгани чўмилган. Ахир менга ҳам эртага шаҳардан текширувчи келаяпти. Бу давлатнинг дорихонаси. Бу ерларда ҳеч нарса хусусиймас-ку .---- Жувон шу орада шунча гапни тўкиб солди.
— Хўш, шу дориларингиз неча пул бўлади?
— Икки минг уч юз йигирма бир рубль.
Мен дори-дармон солинган елим халтачани олиб чиқсам, Зоя қизчасини эргаштириб ярим йўлда кетаяпти. Изидан югурдим, етиб олдим-да, унга елим пакетни тутдим.
— Мана, олинг, бу сизга.
Аёл тахта бўлиб қотиб қолди. Тақдир зарбаларидан гангиган бошини сарак-сарак қилди, ҳатто юзларидаги ажинлар титрагандай бўлди.
— Н-н-нега?
— Олинг. Мени дуо қилсангиз бас!
Ортимга бурилдим. Хаёлимда онасига қалтираган кўйи суяниб турган беғубор қизалоқнинг мовий нигоҳлари қотиб қолганди.
Йўқ, бу жойни аэропорт ҳам деб бўлмайди. Бир қаватли ёғоч бино-ю, унинг устига ўрнатилган товуқ катагидеккина тахтадеворли диспеччер хонасидан иборат бино эшиги олдида хаёлимга келгани шу бўлди. “Ё қудратингдан худди Собир фермернинг шийпонига ўхшаркан-а, қўнимгоҳи эса хирмонжойнинг ўзгинаси.
“Хирмон” жойга фақат АН русумли кичик самолётлар қўнаркан. Ўн етти ўриндиқдан иборат. АН-28 русумли самолётига чипта олиш учун навбатга турдим.
— Яна бир минг икки юз рубль беринг,— деди кассир.
— Э-е-е-, бошқа пулим йўқ, шекилли...
Кассир жуда олисдан, офтоб ўлкасидан келиб, бу ерларда пулсиз ғўддайиб юрганимга ҳайратланади.
— Мен нима қилай? Яхшиси, машинада кета қолинг, — деди у мен узатган пулларни қайтариб.
Мулзам тортаман. Хабаровский аэропортига етиб олсам бўлди эди. У ёғига чиптам бор. Москвага учаман. Кейин Тошкент. Сени соғиндим, Она-юрт!
Хабаровскгача самолётда уч соатлик йўл. Машинада эса бу масофани кун бўйи босиб ўтаман. Ноилож. Йўлга чиқдим.
Хабаровск аэропортига ит азобда етиб келдим. Шаҳарни томоша қилишни режалаштиргандим, афсус, бу ният ҳам амалга ошмади. Уч соатдан кейин Москвага учаман. Кейин Тошкент. Худо хоҳласа, тонг пайти уйда бўламан.
Аэропортга киришим ҳамона, маълумотлар бюроси эшиги ёнида тўпланишиб бақир-чақир қилаётган одамларга кўзим тушди. Ўриндиққа ўтириб, рўпарамдаги маълумотлар экранига кўз югуртирдим. Ҳалиги маълумотхона эшиги олдида қий-чув яна авжига чиқди-да, ўрта ёшлардаги аёл гурсиллаб қулади. Бир зумда полиция ва оқ халатли дўхтирлар пайдо бўлишди.
— Топишди. Ниҳоят, топишибди. Ўрмонга қулаб тушибди.
— Боламм, болажоним... менинг!!! — Бир аёл ерга мук кетиб чинқира бошлади.
Бир зумда шовқин-сурон авжга чиқди. Ҳалиги тўда орасидан йиқилган ким, дод солиб бақиргану сўкинган ким, билиб бўлмай қолди...
Зални ҳадик ва хавотир қоплади. Бизни улкан кутиш хонасининг нарги бурчига ўтказишди. Маълумотхона олдида йиғилганларни махсус микроавтобусга ўтқазишиб қаергадир олиб кетишди. Аэропортдан қўрқув ва ваҳима кўтарилгандай бўлди.
— Шўрликларни энди самолёт қулаган жойга, ўрмон ичкарисиги олиб кетишаркан, — деди ёнимга келиб чўккан қария.
— Қандай самолёт? Қаердан учаётган экан?
Қария менга қовоқ уюб қарайди. Бироз оғринади:
— Чумикан деган жойни эшитганмисан? Чумикан!, — дейди у шу сўзни ўзгача оҳангда талаффуз қилиб.
— Қ-қа-қа-қачооон?
— Бугун. Самолётни ахтаришаётувди. Топишибди. Ўрмоннинг қоқ ўртасида экан.
— Одамлар... Одамлар тирикмикан?
Қария энди менга анграйиб қарайди:
— Самолёт қулаб тушган-а... Одам соғ-омон қоладими?
Борлиғимга титроқ инади. Кўзларимни чирт юмаман. Ўрнимдан сапчиб туриб кетаман. Кўз олдим хира тортади. Юрагим гупиллаб ура бошлайди. Лаҳзада хаёлимда менга ажабсиниб қараб турган ўша мовий кўз қизалоқнинг рангпар чеҳраси пайдо бўлади.
— Отахон, ўша самолётда мен ҳам бор эдим, мен ҳам учишим керак эди!
Чол ажабсиниб қарайди:
— Мастмисан, нима бало?
Кўзларимни чирт юмиб бош ирғайман. Айни дам ўша аёл, исми Зоямиди, ҳа, Зоянинг қизи учун сарфлаган пулларим садақа ўрнига ўтиб кетганини ҳис қиламан. Яратганнинг меҳри ва қудратига тан бераман. Мени садақа қутқариб қолганини англайман. Хаёлимда яна ўша, ҳа ўша мовий кўз қизалоқнинг маъсум ва озурда чеҳраси намоён бўлади.