ҲАММА ҚАЁҚҚА УЧАЯПТИ?


Қўчқор НОРҚОБИЛ

ҲАММА ҚАЁҚҚА УЧАЯПТИ? 
Ҳикоя

  Самолёт ҳавога кўтарилаяпти — Тошкентдан Нукусга учаяпти. Ана, ҳаво лайнерининг “оёғи” ердан узилди.
  “...Ғалвир тешикларидан сизиб кирган каби қоронғуликни тилкалаган нур ришталарига қоришиб кетган самовот қаърини кузатиб турган ўзга сайёраликлардан бирининг нигоҳига ёғду урилди. У ҳайрон бўлди, бу чексизликни кесиб ётган қанча-қанчалаб нур синиқлари ичра айнан шуниси унинг кўзларига қадалгани таажжубли. Миллион йилда бир бора само навбатчилигида турадиган тубсиз коинотнинг бир бурчидаги мавжуду абад алптемир ўзга сайёраликлар учун жуда ғалати эди бу. Ахир ер деб аталмиш ушоқ бир сайёрада миллиардлаб кимсалар яшайди, кўпаяди, ўзларича турли хил ихтиролар қилади, баландликка ракета-ю самолётлар учиришади, гўёки мавжудул оламни ҳам ўзимизники қиламиз деб ўйлашади, гоҳида бир-бири билан қирқпичоқ бўлиб, шу, ўзларига таянчу бошпана бечора заминга сиғмай қолишади. Юзи шувут замин эса буларнинг кўргуликлари, баднафс ва ипирисқиликлари учун ҳамиша хижолат тортади. Нобоп қавм — одамзотнинг хунхор ва қора қилмишлари учун бошқа сайёралар олдида минг бир хижолатда азоб чекади. Бир қултум сув ва бир бурда емакка қорни тўядиган бу қавмга берилган замину макон  шунчалар торлик қилиб қоладики, ҳайронман, бу ожизу нотавонлар ердан ҳам қувилишса қаерга сиғишаркин?...”
  Коинот тубидаги ўзга сайёралик алптемирнинг қудратли тафаккурида чарсиллаган бу фикрни унинг шериги, самовотнинг катта навбатчиси дарҳол илғади.
  Катта алптемир: — Ҳуув ана, тубанликдаги нурчизиқлар ерликларнинг самолётларими?
  Кичик алптемир: — Шундай. Берироқдагилари эса, ана, онда-сонда ажралиб қоладиганлари космик кемалар...
  Катта алптемир: — Ҳув анави нур, ҳа, ўша, сенинг кўзингни қамаштирди-а? Менга ҳам ғалати туюлди.
  Кичик алптемир: — Бориб билиб келайми?
  Катта алптемир: — Шартмас. Мен билдим. Фақат бир нарсани англай олмаяпман. Нега самоучардан чиққан айнан шу нур бизгача етиб келаяпти.
  Ониятда кичиги ахборот берди. 
  Кичик алптемир: — Бордим. Билдим. Кўрдим. Самоучар Тошкентдан кўтарилди. Нукусга учаяпти. Ундаги ерқавмнинг бари қўлидаги телефонга термулишиб, ўша матохчасига еб қўйгудай бўлиб қарашиб, ичига кириб кетишган. Ҳа, улар бу оламдан ташқарида.
  Катта алптемир: — Бу нима деганинг?
  Кичик алптемир: — Бу хавфли. Улар оламдан ташқарида ўз оламини яратиб олишган. Айтсам, кулмайсанми?
  Катта алптемир: — Йўқ.
  Кичик алптемир: — Буни телефон олами дейишади.
  Катта алптемир: — Чиндан ҳам хавфли кашфиёт.
  Кичик алптемир: — Энди улар қўлидаги шу шайтонойнага термулиб бир-бирини ғажийди, ҳақоратлайди, ўлдирадилар ҳам.
  Катта алптемир: — Буни биламан. Лекин ўша самоучардан бошқача нур таралди. Буни ўзинг ҳам сездинг. Мен шунга ҳайронман.
  Кичик алптемир: — Бордим. Кирдим. Кўрдим. Фақат бир қария қўлини дуога очиб, оламларни Яратгувчидан одамларга инсоф тилаб, одамлар ва ўзининг гуноҳини кечиришни сўраб илтижо қилаяпти. Унинг кўнглидан отилиб чиққан сўзлардан таралган ёғду бизгача етиб келаяпти. Яна бир еродам эса аллақандай китобни берилиб ўқияпти. Унинг ҳам қалбидан теран ва учқур ёғду отилиб чиқаяпти. Бизгача етиб келган ёруғлик манбаи шулар. Улар жуда хавфсиз, ишонавер.
  Катта алптемир: — Ердан бизгача етиб келадиган нур бор экан, нега улар ана шу нурларга хайрихоҳ эмас. Нега бутун бошли самоучардан мана шу икки еродамдан бошқалар коинот ва оламни ёритадиган нурни йўқотиб қўйишган?
  Кичик алптемир: — Уларнинг қўлидаги шайтонтелефон еб тугатди ўша нурларни.
  Катта алптемир: — Демак, уларни самоучарига қўшиб зимистонлик қаърига улоқтириб юбориш пайти келмадими?
  Кичик алптемир: — Шошилма. Шундоғам улар ўзларини ўзлари ғажиб адо қилишади. Нур сўнган юракларда ёвузлик ва нафрат урчийди. Сенга яна бир гап айтайми, ишонмасанг, ўзинг уларнинг олдига шўнғиб кўр.
  Катта алптемир: — Қизиқ. Ерга яқинлашиб қайтгач ўзинг ҳам иккиланадиган, сирли гапирадиган бўлиб қолдинг-а?
  Кичик алптемир: — Кесатма. Мен самоучарга яқинлашишга анча қийналдим. Чунки ҳалиги икки еродамнинг кўнглидан таралган эзгу нур мени анчагача яқинлаштирмай турди. Ҳа, ўша эзгу нур мени ёвузлик ёки фалокат деб ўйлади. Нурнинг ўйлагани, фикрлагани мени ҳайратга солди.
  Катта алптемир: — Демак шўрлик заминни мана шундай эзгунурлар асраб турибди де.
  Кичик алптемир: — Ҳа. Эсингдами, ўтган галги навбатчилар ҳам тубсизликда урвоқдай учаётган ёнарқурт — самоучарларга ғаши келиб ерга офат юбормоқчи бўлганида, ўша бало-қазолар ярим йўлдаёқ йўқ бўлиб кетувди.
  Катта алптемир: — Яна илмоқли гаплар қилаяпсан-а?
  Кичик алптемир: — Мен самоучарга яқинлашаётганимда бир ғаройиб нарсани кўрдим, пастда, тубанликда, ернинг қоқ юрагидан ҳам шундай ёрқин нур сачраб, борлиқни қамаштираётганининг гувоҳи бўлдим. Бу нима эди, биласанми?
  Катта алптемир: — Хўш?
  Кичик алптемир: — Ерқавмининг улуғлари ётган қабрлар эди. Ерликлар Осиё деб айтадиган ҳудуднинг улуғлари кўмилган мозорлардан ҳам ловуллаб нур таралмоқда эди. Улар фалакни, самовотни ушлаб турганини ҳис қилдим.
  Катта алптемир: — Ўша жой қандай аталади? Ерликлар ерни бўлиб-бўлиб олиб, ўзларича чегара тортиб, ҳатто номлаб ҳам олишган-ку.
  Кичик алптемир: — Бу жойни Ўзбекистон дейишади. Ҳа, буюк даҳолар ўтган тупроқ бу. Уларнинг қабрларидан отилган нур бутун заминни асраб турганини шу тупроқ тепасидан ўтаётган анови самоучардаги гумроҳлар билишмайди. Афсус, улар, йўқлик чоҳи сари қулаб кетаётганини сезишмаяпти. Булар ўзларини алдаб яшаяпти. Алданган қавм.
  Катта алптемир: — Нега алдайди?
  Кичик алптемир: — Биз манави қўлтелефонларни яратиб яхши қилдик, ҳаммасига улгуряпмиз деб жар солишади. Аслида бундай эмас. Шу нарса пайдо бўлгандан бери улар “вақтсизлик” касалига йўлиқишди. Ҳеч нарсага вақтлари етишмай қолди. Ҳатто ота-онаси, жигарларини бориб кўришга ҳам вақт тополмайдилар. Чунки, улар дийдор нималигини унутишди. Фақат телефон ёки компьютернинг муз ойналари орқали кўришиб гаплашадиган бўлишди. Айримлари эса шунга ҳам вақт тополмайдилар.
  Катта алптемир: (Ўйчан) — Вақтсизлик касали... Вақтсизлик касали... Демак булар оғир бир дардга йўлиқибдилар-да-а?
  Кичик алптемир: — Ҳа, ўз кашфиёти ўзининг бошига етади энди...
  Катта алптемир: — Ер бекорга тебранмас эканда-а? Беҳудага аҳён-аҳёнда довуллару тўфонларни чақирмас экан-да. Демак ўз бағридаги кўрқалб, гумдонфеълларни уйғотиш учун шундай қиларкан... 
  Кичик алптемир: — Ҳа, ерга яқинлашганимда яна бир нарсадан воқиф бўлдим. Яхшиям воқеликни олдиндан кўра билиш қудратимиз бор. Ҳалиги адибнинг кейинчалик ёзиладиган асарини тасаввур қилдим ва қуйидаги жумлаларни ўқидим: “Бизни суяб турган тўрт устун бор эди. Соғинч, дийдор, меҳр, оқибат. Бу тушунчалар ҳам қўлтелефон ойнаси билан тўсилди. Улар осмонни суяб турган устунлар эди. Кейинчалик бизнинг ҳаётимиз қандай кечаркан?”.
  Катта алптемир: — Ҳозир қараб айтаман, (у чексизликда милтиллаб турган юлдузга термулади) уларнинг юз йили бизнинг бир лаҳзамиздан ҳам қисқа экан. 
  Кичик алптемир (у ҳам ўша юлдузга боқиб): — Хўш, мана, мен кўраяпман.
  Катта алптемир: — Нимани кўраяпсан?
  Кичик алптемир: — Орадан юз йил ўтди. Куз ойлари. Бир жувон қўлидаги қўлтелефонга турмушга чиқаётгани ҳақида хабар тарқалди.
  Катта алптемир: — Бас қил!
  Кичик алптемир: — Хўп! Ахир ўзинг сўрадинг-ку... 
  ...Самолёт эса Тошкентдан Нукусга учар. Иллюминатор ойнасидан кўз ташлаган адиб қўлидаги китобни ўриндиқ чўнтагига солди-да, ёнидан қоғоз олиб ёзиб қўйди: “2121 йил, 21 октябрь. ...шаҳрида яшовчи жувон қўлтелефонга турмушга чиқишини маълум қилди...” 
  Бу унинг энди ёзилажак романининг якуни эди.
  Самолёт учаяпти. Ҳамма қўлидаги шайтонматоҳдан бош кўтармайди, фақат бир қария ва бир адибдан бошқа ҳамма! Самолёт эса учаяпти. Ҳамма учаяпти. Учаяпти. Учаяпти... Қаёққа?!










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот