Жаҳолатдаги жонҳолат


 

Қўчқор НОРҚОБИЛ


Жаҳолатдаги жонҳолат

Эртанги кун ҳикояси


  Ердан меҳр кўтарилди. Одамлар бир-биридан олислашди. Кечанинг кўрпаси бугунга торлик қилди.
 Эзгулик фариштаси самовий кўшкида заминга хавотир билан тикилди. Сўнг чақмоқдан қанот, шамолдан шаҳд олиб ер сари учмоққа шайланди; одамларни қутқариш керак. Уларнинг қалби музлаб бораяпти.
     Эзгулик фариштаси қошида Иблис пайдо бўлди.
— Энди Сен уларга ёрдам беролмаслигинг мумкин.
— Нима учун?, — деди Эзгулик.
     Иблис мағрурона тиржайди:
— Улар сени кўрмайдилар, сени эшитмайдилар. Мен уларнинг қалбидаги ёруғликни кўра оладиган кўзларини ўйиб олдим...
— Бас, бас қил!, — деди Эзгулик, — сен бундай қилолмайсан, уларни бир бора маҳв этганинг етади, энди бас қил!
     Фаришта фарёд чекди.
     Иблис унга яқин келди.
— Ана қара, яхшилаб қара...
  Фаришта тубсизликда ерни кўрди: болакай ва қизалоқ мактабдан келишаяпти. Иблис уларнинг йўлини тўсди. Болакайнинг қўлидаги китобни юлқиб олди-да, унга нимадир тутди. Қизалоқ ҳам қўл чўзди. “Аввал қўлингдаги китобингни менга бер”, — деди иблис. Қизалоқ китобни берди. Иблис унга ҳам нимадир узатди. Болакай ва қизалоқ севинганидан қичқириб юборишди.
— Ур-ре-ей!!!
   Болалар ирғишлаб-ирғишлаб, шодликдан дунёни бошларига кўтаришди.
  Фаришта титраб кетди. У болаларнинг кўксида зимистонлик ва музликни кўрди. Иблисга юзланди:
— Сен уларнинг қалбини ҳам суғириб олдингми?, — деди титраб-қақшаб.
— Бўлмасам-чи? Қўлидаги китобга қўшиб қалбини ҳам узиб олдим.
— Уларга нима бердинг?
— Шунчаки бир ойна. Энди улар умр бўйи шунга тикилиб яшашади. Бошларига ёғиладиган фалокатни, ҳатто осмон қулаб тушишини ҳам сезишмай қолишади.
     Фаришта дод солди:
— Одамларнинг шу нарсага тикилиб яшашидан сенга нима наф?
Иблис қаҳ-қаҳ урди, у ўзида йўқ шод эди.
— Энди улар бир-бирини шу ойнадан топишади, шу орқали гаплашадилар, бир-бирини шу орқали кўришади, ҳақоратлашади, бир-бирининг устига мағзава ағдаришади, иғвою-ғовғо қилишади. Ҳасадгўйлар, ичи қоралар, ёвузлар, ноқислар, фаҳшлар, беҳаёлар, худбинлар... бари-бари — менинг измимдагилар “ойнамайдон”да сенинг тарафкашларинг — эзгудил ва дона, иймонли (қаҳ-қаҳ уриб кулади) ва... ҳоказоларинг томон тантанали юриш қилишади.
     Фаришта бир қалқиди:
— Одамларнинг қўлига сен тутган қуролнинг номи нима?
— Иблисойна. Улар буни қўлтелефон дейишади.
     Фаришта ғазабланди.
— Самовотда изинг ўчиб, кўринмай қолувдинг. Ерда шу иш билан шуғулланибсанда-а? Сен қанча одамнинг қўлига ойна тутдинг?
— Ўзинг кўрдинг-ку, — деди иблис чексиз самовот қаъридан ерга ишора қилиб, — бор-йўғи, шу икки нафар норасида қолувди, шуларга ҳам бериб улгурдим. Энди бутун бир халқ менинг ихтиёримда. Энди улар шусиз яшай олишмайди. Шунга турмушга чиқишади, шунга уйланишади.
  Фаришта чинқириб юборди. Бир силтаниб тубсизлик сари қанот ёзди. У қўлтелефон ойнасига тикилиб, унинг қаърига чиқолмайдиган бўлиб кириб кетган шўрлик одамларнинг тош қотиб бораётган юрагига ёруғлик олиб кириш, уларни уйғотиш учун нур шиддатида учиб борарди. Одамлар эса... қўлларидаги шайтонматоҳдан сира бош кўтаришмасди. Жонсарак фариштанинг илтижоси туфайли шамолу ёмғир, осмону булутлар, тоғу тош, ўт-ўлан, дарёлар, дов-дарахтлар, фалакда чарх ураётган қушларга забон битди — борлиқни бир нола зир титратди: “Бошингизни кўтаринг, одамлар. Уйғонинг одамлар!!!”
     Одамлар... Одамлар эса...
     Самовотда мағрур турган иблис илжайди:
— Уйғотиб бўпсан...










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот