БУ ҲАЁТ ТЕАТР
Қўчқор НОРҚОБИЛ БУ ҲАЁТ ТЕАТР
ҳикоя
Ушбу ҳикоямни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Сайёра Юнусова, Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов ҳамда барча санъаткор дўстларимга бағишлайман.
Томоша саройи зир титради, чайқалиб кетди. Зал гувиллаб тўлқин урди — одамлар ўрнидан туришди. Зал ларзага келди. Узоқ вилоятнинг чекка туманида яшаётган содда ва тўпори, оқдил одамларнинг юрагидан олқиш отилди. Актрисанинг кўзлари жимирлади, у йиғларди.
Актрисанинг бир зум оёғи ердан узилди, олқиш оғушида чайқалиб юксакларда парвоз эта бошлади. Ҳа, у бундай ҳолатни бир неча бор бошдан кечирган. У гулдурос қарсаклар забтидан ҳаволаниб учаркан пастда, тебраниб турган одамлар тўлқини ичида унга ўқрайиб қараб турган бир жуфт кўзни кўрди, аъзойи бадани жимирлаб кетди, сўнг гупиллаб ерга қулади. Борлиқ зимистон тортди, фақат ҳаяжон олови ичра парвоз завқи сеҳрлаган вужудида ҳеч қандай оғриқ сезмади.
— Нима бўлди, а-а, нима бўлди?
— Зинапоядан йиқилиб тушди.
— Тез... тез ёрдам чақиринглар. Эҳтиёт бўлиб кўтаринглар.
— Э-е-ей, ўнг қўли шалвираб қолибди.
— Нима-а-а-а? Нима қилибди?
— Елкаси, ўнг елкаси чиқиб кетибди.
Халқ артисти деворга суяниб беҳол ўтириб қолди. Икки қўли билан бошини ушлаб иҳради: “Ёмон бўлди... Жуда ёмон бўлди”.
Актрисани шифохонага олиб кетишди.
Жанубнинг жизғанаги чиқиб турган кунда ҳам костюм-шим кийиб, бўйинбоғ таққан маҳаллий тўра дағ-дағ титраган кўйи Халқ артистига илтижо билан боқди:
— Акажон, энди нима қиламан?
— Мен қаердан билай?, — тутақди Халқ артисти.
— Мен сизларни вилоят марказига соғ-омон кузатиб қўйишим шарт эди...
— Фалокат-да, ука, фалокат!, — юмшади Халқ артисти.
— Шу фалокат келиб-келиб шу ерда бўладими-а?
Халқ артисти ниманидир сезиб ижирғанди:
— Фалокат ҳар ҳолда сизни танламади-ку?...
— Марказда эртага бўладиган томоша-чи? Минг кишилик санъат саройида одам йиғилади. Ҳокимнинг ўзлари ҳам қатнашишлари керак. Мен энди нима дейман?
Халқ артисти чидаб туролмади:
— Бу ёқда сени Худо урди, у ёқда эса ҳоким уради.
Маҳаллий тўра сапчиб тушди.
Атрофдагиларга кўзларини жовдир-жовдир этиб қаради, э-е-ей, кўзидан ёш оқаяпти, кўз ёшлари юзида кўпчиган тер томчиларига қўшилиб оқаяпти. У нимадир эсига тушиб ён-атрофига аланглаб қаради. Бу ҳодисадан сўнг ҳушини йиғиб-йиғолмаган аҳли санъат ичида қаққайиб турган мирзатерак тўрачага ўқрайди (тўрача ҳам раҳбари каби костюм-шим кийиб, бўйинбоғ тақиб олибди).
— Сен нима қип сўррайиб турибсан? Чоп, шифохонага чоп! Дўхтирларга айт, нима қилиб бўлсаям тузатишсин... даволашсин!!!
Тўрача энди оёғини қўлига олиб шамолга айланишга чоғланган эди ҳамки, бошлиқ унга яна ҳамла қилиб қолди:
— Менга қара, томошага анави Исмат кал ҳам келиб эдими-а?
Тўрача нигоҳи билан ер чизди:
— Иложи бўлмади. Барвақт келиб энг охирги ўриндиққа бориб ўтириб олган экан. Кейин кўрдик. Шунинг учун... иложи... Кириб эди-да, кириб эди.
— Мен сенинг терингни шилиб оламан! Шошмай тур ҳали!
Халқ артисти ҳайрон, бошқалар ҳайратда. Халқ артисти “Бу одам эсини еб қўйганми?”, деган маънода унга анграйиб қаради. Тўра Халқ артистининг қўлидан ушлаб четга тортди:
— Акажон, артист опага кўз теккан. Точно, кўз теккан. Анави, итдан тарқаган Исмат калнинг кўзи теккан. Кўзи ёмон, энағарнинг. Қараса тамом — қулатади.
— Нималар деяпсиз?, — Халқ артисти сапчиб тушди.
— Шуйтиб кураш-пурашларга ҳам айтавермаймиз уни. Эҳтиёт бўламиз. Манаман деган полвонга ўқрайиб тикилса бас, полвоннинг оёғи ёки қўли чиқиб кетаверади. Бизда буни ҳамма билади...
Халқ артистининг ич-ичидан нимадир узилиб тушди. Оёқ-қўли бўшашиб, эти жунжикиб кетди. Назарида иккита ўқрайган кўз ўқланган қўшоғиз милтиқдай бўлиб, уни нишонга олиб турарди.
— Укажон, бизни тезроқ Марказга жўнатинглар. Кечки овқат ҳам керакмас. Омон-эсон етиб олайлик, барака топгур.
Ўша куни томоша ортидаги томоша шундай якун топди. Автобус Марказ томон жилди. Кайфияти тирриқ ҳолда ойнага бош суяб кетаётган Халқ артистига ёш актёрлардан бири зорланди: “Уста, тайёр банкетни ташлаб кетаяпмиз-а? Ҳалиги, қиттак-қиттак ҳам қолди...”. Жавоб қисқа бўлди: “Ўчир овозингни! Чида, ўлмайсан!”. Аҳли санъат диму-дирс бўлиб Марказга етиб келишди.
... Энди гапни актрисадан эшитинг.
Тунни тонгга етиши қийин кечди. Тун тонгга тутқич бермади. Шифохона ойнасига ёпишиб қолган тун пардасини сидириб ташлаш ардоқли бемор тепасида мижжа қоқмай жонҳалак бўлаётган шифокору ҳамширанинг ҳам қўлидан келмади. Улар беморнинг иситмаси ошиб, қон босими кўтарилиб кетиши, оғриқ юракка зўр беришидан қўрқишарди. Тонгга қадар уколу дорининг куни туғди. Аёлнинг ўнг елкасида пайдо бўлган чидаб бўлмас даражадаги оғриқ тобора чуқурлашиб бора-бора томир-томирига, кўкрак қафаси-ю, умуртқалари қадар чанг соларди. Беморнинг ўнг елкасига кимдир аъзойи-танини майдалаб-эзғилаб ташлагудай қилиб дам-бадам гурзи урарди. Зарба унинг жон-жонини қақшатиб қийноқларди. Кейин... кейин гурзи кўтарган қўл ҳавода муаллақ қотиб қолди. Аёл гурзи ушлаб турган қўлни кўрмаслик учун кўзларини чирт юмди. Шунда атроф ёришиб кетгандай бўлди.
Ҳа, атроф ёришиб кетди.
Қизиқ, борлиқ оппоқ, туман ичра чўкиб кетган, ҳавода оппоқ атиргуллар сузаяпти, ҳа, барқ урган оппоқ атиргуллар. У атрофидаги оппоқ атиргуллар тўлқини узра парвоз қилаяптими, сузиб бораяптими, билолмасди. Йўқ, у парвоз қилаяпти. Атиргуллар сурони ичра сузмоқ қандай яхши! Туйқус, у ўзидан тепада ёниб турган иккита туйнукни кўрди. Шамол уни ана шу ёниб турган олов-ўчоқлар сари бошлаб бораётганини ҳис қилди. Икки ўйиқ оловўчоқ бир маҳал улкан икки важоҳатли кўзга айланди. Атрофни бирдан зимистонлик қоплади... Аёл жон уҳмида қичқирмоқчи бўлди, овози чиқмади. Кўзлар уни ютиб юборишга шай бўлиб, энди улардан гувиллаб вулқон отиларди. Аёл жон талвасада пастга, заминга қаради. Чексиз тубсизликда қолган ерни кўрди. Ер бағрида нур таратиб турган гумбазли бинони ва унинг ёнида жимирлаб оқаётган дарёни кўрди. Шу чоғда нурланиб турган гумбазли бино ичини ёриб иккита улкан оққуш отилиб чиқди-да, аёл томон яшин тезлигида парвоз қилди. Лаҳзада икки улкан оққуш аёлнинг ёнидан нур каби ялт-ялт этиб ўтди-ю, ўз қаърига тортиб кетишга шай турган баҳайбат икки кўзни чўқилаб ютиб юборишди. Атроф бирдан чарақлаб кетди, чароғонлик ичра яна оппоқ атиргуллар парвозини кўрди. Аёлнинг лаблари пичирлади:
— Мен сизни кўраяпман, Термизий бобо. Сизни кўраяпман, бобожон. Мени, бизни кечиринг, бобожон. Оққушлар тимсолида онажонимни кўрдим. Отажонимни кўрдим, бобожон... Худойимга шукр, мен ерга қайтдим, бобожон.
Аёл чошгоҳ маҳали кўзини очди. Тепасида турган шифокор елкасидан нафас олди:
— Хайрият-э, ҳаммаси ортда қолди. Иродаси метин экан.
— Спектакль нима бўлади?, — деди аёл шифохонага кўргани келган Халқ артистига.
— Қўйсангчи, ўзингни ўйла.
— Мен Сизларни ноқулай аҳволга солиб қўйдим. Энди нима бўлади?, — қайта сўради актриса, — Спектакль...
— Сен хавотир олма. Томошабинларга вазиятни тўғри тушунтирамиз. Ҳаммамиз ҳам иссиқ жонмиз. Одамлар тушунишади.
— Барибирам-да, — иҳранди аёл.
Аёл кўзларни юмди. Мижжасидан ёш сизди.
...Санъат саройида одам лиқ тўла. Спектакль бошланишига саноқли дақиқалар қолди. Биринчи саҳнанинг илк эпизоди — актриса ижроси билан боғлиқ кўринишни қолдириб кетадиган бўлишди. Саҳнага чол (Халқ артисти) чиқди. У кампири (Актриса) бажариши лозим у-бу юмушларни ўзича адоғига етказиб, саҳнага кириб келиши кутилаётган ошнаси Эсонқулга пешвоз чиқиши керак. Ана, чол сув солинган идиш томон юрди. Ошнаси Эсонқул чолнинг кириб келишини кутаяпти. Шу маҳал... шу маҳал денг, саҳна ортидан кимнингдир ожизона йўталгани эшитилди. Чол хушёр тортди, бир зум саҳна бурчига анграйиб қараб турди.
Шу тобда... тахтакачлаб тортилган ўнг қўлига гипс урилган, эгнига қирмизи желак ташлаб олган кампири Гулсум момо саҳнага чиқиб келди.
— Э-е-ей, момоси, келдингми?, — деди чол титраб-қақшаб.
Кампир базўр жилмайди:
— Келдим, бобоси, келдим.
— Менга нега хабар бермадинг. Шифохонадан ўзим бориб олиб келардим-ку.
— Сизни безовта қилмадим-да...
Чол оғир ютинди. Чолнинг кўзларидан тирқираб-тирқираб ёш отилиб кетаверди.
— А-й-ей, момоси-я! Ахийри чидай олмабсанда-а?
— Бир ўзингиз қийналиб қолманг дедим-да. Ҳовли ҳам тўзғиб ётибди-я, — кампир супа томон юрди.
Чол унинг атрофида гиргиттон бўлиб, кампири қиладиган ишларга ҳам урина кетди: “Сен қўй, ўзим қиламан, қўлингга эҳтиёт бўл!”.
— Эшик тақиллаяпти. Эсонқул ошнангиз келиб қолди-ёв...
— Тўхта, ўзим очаман, — чол саҳна бурчига йўл олди.
— Бовоси...
Чол таққа тўхтади. Иҳранди:
— Ҳа, нима дейсан? Қўлинг оғрияптими?
— Йўқ, эртага Термизий бобомни зиёрат қилиб келайлик.
Чол турган жойида бир чайқалди. Овозига оғриқли титроқ кўчди. Бир зум тош қотиб турди.
— Хўп... хўп... Албатта борамиз...
— Боринг, энди эшикни очинг, — жилмайди кампир.
Спектакль ана шу тарзда, кутилманган кўриниш билан, бироқ жудаям табиий ҳолда бошланди.