АРТИСТ
Қўчқор НОРҚОБИЛ
АРТИСТ
Ҳикоя
Сафардамиз. Ҳамроҳим эл суйган актёр Гулбек ака. Қувноқ, хушчақчақ одам. Сизга бекорга комик ролларни беришмайди, дейман унга.
Осмонга оқ булут илган баланд тоғлар билан ўралган дам олиш маскани. Ҳавонинг тоза ва ҳузурбахшлигини айтмайсизми? Жонинг кириб, кўзинг тиниқ тортади-я. Мен ҳам юрган эканман, дунё кўрдим деб, дунёдаги энг баҳаво жойлар ўз юртимда экану аллақаёқларга сиҳатчипта қидириб овора бўлишимни қаранг. Тонг қуёши нурида ярақлаб, кўзни қамаштириб турган сон-саноқсиз оппоқ ҳашамдор коттежлар бесарҳад уммонда сафарга чиққан улкан оқ кемаларга ҳам ўхшаб кетади. Коттежлар аро тасмадай тортилган равон йўлаклар четини безаган анвойи гуллар тароватидан беихтиёр оҳ уриб юборасан.
— Оҳ-ҳ! Оҳ-ҳҳ-ей! Укам, гўзалликни қаранг, гўзалликни, ёзнинг қоқ ўртасида бу салқин шабада қаердан келди экан, денг. Худойимнинг марҳамати-да, Худойимнинг марҳамати, — дейди Гулбек ака кўзларини юмиб, қулочини кенг ёйиб. У турган жойида чайқала бошлайди.
— Жудаям зўр, зўр жой, — дейман.
— У-у-у, кўлни қаранг укам, кўлни...
Тоғларга тўш урган бепоён кўл офтоб аксида жимирлаб нур таратади.
— Ҳамма нарса тўс-тугал, — тилимга бошқа изоҳ келмайди.
— Швецария, Швецария дейдилар. Швецария шу ерга келсин, дам олиб, ўпкасини тозалаб кетади, — дейди Гулбек ака.
Ака-ука хушу сармаст ҳолда, завқ оғушида кўл сари йўл олдик.
— Укам, қўшиқ айтгим келяпти. Биласиз-ку, мен мусиқали театрда ишлайман. Бундай жойларда, айниқса, тоғлар орасида овозингни борича қўйиб юборсанг, катта ашуланг тоғларга бориб урилади, тоғлар овозингни очишга ҳам ёрдам беради. Буни кўп синаб кўрганман. Айниқса, ҳозир юрагим тўлиб-тошиб, кўпириб, ёрилгудай бўлиб турибди.
— Айтинг ака, айтинг...
Гулбек ака бор овозда “Боғаро” ашуласини олди — тоғлар жаранглаб акс-садо урди. Ака ҳам авжига чиқди. Худо берган овоз борлиқни бир қалқитди. Акага қўшилиб мен ҳам кўзимни юмиб чайқалиб турган эканман денг, қўшиқни босиб гумбирлаган бир овоз ҳушимизга келтирди, билмайман, осмондан тушдими, қаердан чиқди, билмайман, қаршимизда бир нусха пайдо бўлди, дев дейсиз, дев! Одам зотидан эмас бу. Елкасида икки Гулбек ўтириб бемалол ош ейиши мумкин. Калласини катталигини кўринг, Алининг майдонидай кенг кўкрагида ўсган қалин жунлари эгнидаги оқ ҳарир ёзмайкасини кўтариб турибди. Кўзларини шокосадай қилиб чақчайтириб яна гумбирлади:
— Чё ты орёш? С утро выпил что ли?
Девсифат эксковаторнинг чўмичидай узун ва беўхшов қўлини ҳаволатди. Худо кўрсатмасин, урса ерга киргизиб, яксон қилиб юборади. Гулбек аканинг уни ўчди, дағ-дағ титраб қолди, тили калимага келмайди.
— Бу... биз... мы, мы, песни, — дейди ғулдираб, — мы артисти...
Дев одамнинг юзи осойиш топди, табассум ёйилгандай бўлди, кулиши ҳам одамнинг юрагини ёради-я, бунча совуқ илжаймаса. Гулбек ака аста билагимдан тортиб “ортга қайтамиз”, ишорасини қилди. Шу пайт ёнимиздаги ҳали мен мақтаган “оқ кема” коттежлардан бирининг деразаси шарақлаб очилиб, йўлакка ўнғай балконга бош-оёқ оппоқ ҳарир кийинган хушқад, бўйдор бир аёл чиқиб келди. Оний ҳолатда кўзим қурғур аёлни илғаб улгурди. Қаддикамоли адл, елкасига тушиб шовуллаб турган силлиқ олтинтус сочлари тонг эпкинида ойдай тиниқ чеҳраси билан оҳиста ўйнашиб, силаб-сийпалар, порлаб турган мовий кўзларида сирли, инсонни таҳқирловчи бир куч яширин эди. Аёл бизга бир мунча тикилиб турди.
— Азик, что с тобой, что за шум?
Қопқир итни қайтаргувчи оҳангда янграган бу жарангдор овоз вазиятни чилпарчин қилди.
— А, артисти, говорят.
Жувон биз томон шамолдай енгил ҳаракат ила елиб келаяптими, юриб келаяптими, иккимиз ҳам анграйиб ундан кўз узмай турдик.
— Салом, — деди у мовий кўзлари тубида жоду тилсими порлаб.
— Салом...
— Салом...
Аёл ҳалиги беўхшовга бош ирғади. Барзанги лорсиллаб коттеж томон йўл олди, кетди.
Қаршимиздаги хилқат сиймосида офтоб балқиб табассум ёйилди. Мовий кўзлар қаърида ҳаётга чанқоқ гўзалликнинг чексиз куч-қудратини туйдим. Эй, Парвардигорим, санъатинг бунчалик мукаммал-а...
Аёл Гулбек акага шундай бир чароғон табассум ҳадя этдики, айтгулик дегулиги йўқ, изоҳга тил ожиз.
— Мен сизни танидим, — деди. — Сизни рус фильмларида ҳам кўрганман. Сўнг менга қаради.
Гулбек акага жон кирди:
— Бу киши ёзувчи. Яхши ёзувчи, — деди у.
— Мен роль ўйнаган фильмларни кўрган экансиз, жуда хурсандман. Санъатни яхши кўраркансиз-да?
— Санъатни яхши кўрмай яшаб бўларканми?
Гулбек ака энди ирғишлаб, илжайиб тили ҳам эшилиб қолди:
— Сизни кўрибоқ юрагим тўлиб кетди. Ҳисларимни тўхтатолмай куйлаб юбордим. Менинг ўзим эмас, юрагим гапираяпти. Жуда-жуда чиройли экансиз, биласизми, Сиз Афродитасиз...
Жувон дур-садаф тишларидан нур таратиб чарақлаб кулди:
— Ёлғон гапираяпсиз. Сиз мени кўрмасдан қўшиқ айтдингиз-ку... Мени кўрмадингиз.
Ўлди, энди Гулбек ака тамом бўлди, деб ўйладим.
Қаёқда. Арист-да барибир, артист. Ёлғонга ямоқ уриб, жилмайиб ўзиникини маъқуллади:
— Айтаяпман-ку, юрагим кўрди. Қалб кўзи ҳар қандай тўсиқларни писанд этмайди.
— Бало экансиз. Барибир сиз билан танишганимдан хурсандман. Бўпти, кўришгунча, жаноб артист.
Аёл бурилиб, икки-уч қадам юрган ҳам эди, Гулбек ака яна гап қотди:
— Кечирасиз, исмингизни айтмадингиз-ку...
Аёл тўхтаб, ортга қайрилди:
— Ольга. Ольга Ивановна, — сўнг бош чайқаб қўйди. Шамолдай елиб кетдими, юриб кетдими, билмадим, коттеж даҳлизида кўздан ғойиб бўлди. Шу тобда балконда майкачан, тиззаиштон кийган дароз кимса пайдо бўлди. Бизга қизиқсиниб қараб турди. Гулбек ака унга кўзи тушиши ҳамоно кўл томон пилдираб қолди. Мен орқасидан эргашдим.
— Қўрқдингиз-а? — дедим унга етиб олгач.
— Б-е-ей, зиғирча ҳам, — деди. Сўнг қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди — қўрқдим, анави аждарҳони кўриб юрагим тўхтаб қолаёзди. Лекин, яхшилик билан тугади, уҳ, уҳ, аёл жудаям чиройли экан. Кўрдингизми, мени таниди, таниди-я.
Гулбек ака қўлларини бир-бирига ишқаб, елка учириб “ҳаай-ййт” деб қўйди.
— Ростдан ҳам ўрисларнинг киносида ўйнаганмисиз? Ўйнамагансиз-а. Аёл сизни ким биландир адаштирди.
Гулбек ака елкаларини ўйнатиб яна ирғишлаб, кафтларини бир-бирига қарсиллатиб урди: “Ҳа-а-ййй-йт”...
— Ўйнаганман. Бир марта. Кичик бир эпизодда.
Ўзини тўхтатолмай кулаверди. Кулгиси самимий ва табиий эди.
Гулбек ака кун бўйи хушу хушвақт юрди. Аҳён-аҳёнда ўша коттеж атрофини айланиб келади. Ўзича жилмаяди. Уҳ тортади. Эрталабки ҳодиса ҳақида яна гап очгиси келади. Мен мавзуни бошқа ёққа бураман, хуллас, акани чалғитаман. Қаланғи-қасанғилар қуршовидаги бу аёлга яқинлашиб бўлмаслигини, унинг дори жудаям баландлигини уқтираман. Гулбек ака парво қилмайди: “Ҳа-айййт”.
Кун бўйи кўлда чўмилиб чарчабман. Сув одамнинг сўлини олади-да. Барвақт ухлаб қолдим.
Нимадир тарақлаб кетди. Чўчиб уйғондим. Деразадан тушган ой ёруғида тепамда турган Гулбек аканинг чеҳрасини пайқадим. У оғир хўрсиниб курсига чўкди. Чироқни ёқдим. Аканинг қизарган кўзларидан ёш сизади, у елкасини учириб-учириб йиғлаяпти. Ерга бош эгиб, оғир-оғир хўрсинади, уф тортади.
— Нима бўлди ака, нега йиғлаяпсиз, тинчликми? — довдираб қолдим.
— Бориб келдим.
— Қаёққа?
У қўли билан кўл томондаги коттежга ишора қилди.
— Э-е-й.
— Ҳа, бориб келмадим, олиб кетишди...
— Ким олиб кетади?
---Анавилар... Аёлнинг...шотирлари ,---Гулбек ака унсиз йиғлади.
— Келиб мени уйғотишди. Сизни уйғотмадим, қўрқмасин, деб. Иккита барзанги келиб судраб олиб кетди. Бордим. Аёл ҳам ўтирибди. Менга қўшиқ айттиришди. Икки соат оёқда тик турдим. Аёл ўрнидан туриб кўйлагим чўнтагига манави икки юз долларни солиб қўйди. Столга ташлаб чиқиб кетаётувдим, ҳалиги барзанги сапчиб туриб ҳамманинг кўз ўнгида яна чўнтагимга солди. Шундай ўқрайдики, қўяверасиз, кейин эшикка чиқариб қўйди. Келавердим.
Гулбек ака бош эгиб жим қолди.
Мен уни нима деб юпатишни билмасдим. Деразага қарадим. Тонг оқара бошлаганди.