ЎПҚОН
Қўчқор НОРҚОБИЛ
ЎПҚОН
Ҳикоя
Самоват бир қалқди. Иккала фаришта ҳам заминга кўз ташлашди. Тўққизинчи қаватдаги хонадоннинг ланг очиқ деразаси раҳига чиқиб олган бир яшар гўдак чайқалиб кетди.
Тонг. Она қўлтелефонда гаплашаяпти. Ота қўлтелефон ойнасидан кўз узмай ишшаяди. Опа эса телефон тугмаларини босиб ўйин ўйнаяпти.
Гўдак мувозанатини йўқотган онда фалакдаги фаришталарнинг бири оҳ уриб юборди — ер юзини бўрон тутди, дераза шарақлаб ёпилди. Чўчиб кетган болакай уй ичига қулаб тушди. Чинқириб юборди.
Уйдагилар уни эшитишмади.
— Худога шукр, нафасим етиб борди. Ўзим ҳам қўрқиб кетдим, — деди кўкдаги фаришта шеригига, — нега улар қўрқишмаяпти?
...Уйдагилар бу дунёда эмас эдилар. Аллақандай ўпқон сари қулаб боришарди.