ЯКШАНБАДА ҲАЙФ КЕТГАН ИЖОД


Қўчқор НОРҚОБИЛ

ЯКШАНБАДА ҲАЙФ КЕТГАН ИЖОД
ҳикоя

     Қўл телефоним жиринглади. Дўстим Собир телефон қилаяпти. 
- Ишлаяпман, - дедим. – Бугун менга тегмагин!
- Бугун якшанба-ку, - деди у. Ўзинг айтувдинг... Бормай...
     Шарт телефонни босиб қўйдим. Ёзишда давом этдим. Майли, Собир яхши инсон. Яхши актёр ҳам. Лекин бугун...
     Хуллас, ёзишга шўнғидим.
     Жумладар қалбимга нур бўлиб оқиб кираяпти. Улар бир-бири билан боғланиб, тасаввуримда оппоқ қушчаларга айланиб парвоз қилаётгандай гўё.
     Пастимиздаги  учинчи  қават балкони деразалари ланг очилиб, яқиндагина кўчиб келган бастакор Илҳомованинг пианиносидан куй таралаяптими ёки хаёл осмонимда ажиб бир оҳанг ўрлаяптими, билмадим,  мен ҳарқалай оққушларга айланган жумлалар билан биргаликда ажиб бир мусиқа оғушида парвоз  қилардим. Мен асарнинг юксак нуқтаси – Севги саҳнасини тасвирлаш аъмолида сархуш эдим, ҳа, бу дунёда эмасдим.
     Туйқус чўчиб тушдим; яна қўлтелефоним жиринглади: устимдан бир челак совуқ сув қуйишди,  гўё.
- Чиқмайсанми?! Хонангда димиқиб ўлмоқчимисан?! – ўдағайларди Собир. – Ахир, келишувдик-ку!
     Шартта телефонни ўчириб қўйдим. Яна ўша ижодий ҳолатга қайтишга уриндим;  хайрият, парвоздаги оққушларга тағин юзлана билдим.
     Жумлаларни кимдир менга айтиб турибди, ёзаяпман... ёзаяпман...
     Йигит ва қизнинг ҳаяжон чўғидан олов олиб қизарган чеҳрасидаги ёлқин менинг юзимга ҳам урилади. Кенг сайхонликда мавжланган ўт-ўлан, ёввойи гулларнинг табиий бўйи димоғимни ўртайди.
     Тез оқар сой сувининг тошлар аро урилиб сачраган заррин томчилари юзимни нам этдими ё мижжаларим ёшландими, билмайман, сув сатҳида пайдо бўлган кумушранг зарринликнинг ҳузурбахш салқинлигини ҳам туяман. Покиза муҳаббатнинг жонли кўриниши акс этган севги саҳнасида оқ қушлар ичра юксакдаман.
     Йигит ва қиз бахтиёр, борлиқ нурли, бутун дунё бахтли эди.
     ... Бирдан... бирдан нимадир тарақлади. Тап этиб ерга қуладим. Тасаввуримдагими, қаршимдагими, ўша илоҳий манзара йўқолиб қолди. Мен ўз хонамда эдим. Эшик ланг очиқ. Қаршимда Собир турибди.
- Ҳ-а-а, нега анграясан? Гаранг бўлиб қолганмисан? Тилпонни ҳам кўтармайсан?
     Унга озурдалик, дилхитлик ила боқдим.
- Кетдик! Тез бўл! Бир айланиб келайлик.  Қиттай-қиттай ҳам қиламиз.
     Мен энди ўзимга келгандим:
- Айтдим-ку, вақтим йўқ,  ҳеч қаерга бормайман,  деб!
- Бекорхўжасан-ку! Қўй, шу майда-чуйда ёзувингни. Ҳозир ким ҳам ўқийман деб ўлиб бораяпти?  Ҳеч ким ўқимайди...
- Мен ўзим учун ёзаётгандим. Умуман, ўзим учун ёзаман, ёзсам ўзимни тирик ҳис қиламан,  йўқса...,  - дедим иҳраб.
     У стол устига кўз ташлади. Шошиб, сўзларни йўқотиб қўймайин, деб жуда тез, ажи-бужи қилиб ёзгандим. У чумоли из ҳуснихатим ишғол этган қоғозлар – қўлёзмага тиеилиб,  илжайди.
- Чиндан ўзингдан бошқа ҳеч ким ўқий олмаскан. Тушунмайди ҳам.
     Туйқус, дарди дунём ағдар-тўнтар бўлиб кетди.
- Сен тушунмайсан, - дедим столга кўксимни тираб.
- О-о-о-о! Нимани тушунмасканман-а? Айт, нимани тушунмасканман?! – У тепамда туриб, асабимни эговларди.
- Сув ичаётганда илонни ҳам, чаённи ҳам заҳар қилма, дейишади-ку! Сен... Сен... мени..., - тутақдим.
- И-е-е, чаён ҳам сув ичарканми? Ҳе-ҳе-ҳе-ҳе...
- Майли, дейлик чанқаган одам энди сув ичаман,  деб турган пайтда унинг қўлидаги чўмични олиб, сувни сепивординг. У қандай аҳволга тушади?! Тушундингми?!
- Тушунмадим...
     Биламан, балони тушуниб турибди. Атай жиғимга тегаяпти.
     Ўрнимдан шахд билан турдим-да, унинг гиррибонидан ҳиққа бўғдим.
- Энди-чи? Энди тушундингми?!
- Ни-и-и-и-м-а-а-н-ии? – Ингради у.
-Сен нафас олаётган эдинг. Яшаётган эдинг, сўлоқмон! Мен сени мана бунд-а-а-а-й-й-й қи-и-ли-и-ббб, бўғаяпман. Тушундингми? – Мен уни деворга тираб, бўйнидаги ўнг қўлимга янада зўр бердим.
     Ҳа, мен уни қаттиқ бўғдим. Кўзлари ола-кула бўлди. Ҳовурим бироз босилди. Юзи бўғриқди. Қўлимни қўйвордим. У ҳансиради ва шилқ этиб диванга чўкди.
- Туш... туш... тушундим, - деди ҳиққиллаб.
     Бироз жим турди. Ҳиқиллай бошлади. Мен йиғлаяптимикан, деб унга кўз остидан назар ташладим. Елкаси силкинаяпти. Йўқ, секингина кулаяпти. Кулаяпти... кулаяпти. Кейин ўрнидан дик этиб турди-да, қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди.
   Хонанинг очиқ деразалари зириллаб кетгандай бўлди.
- Тушунди-и-и-и-ммм!!! – деб бақирди у балконга чиқиб, ҳам алам, ҳам самимият билан! – Тушунди-и-и-м-м!!!
     У ҳамон қаҳ-қаҳ урарди. Мен ҳам балеонга, унинг ёнига  чиқдим-да,  ўзимни;  бор овозда кула бошладим. Борлиқни иккимизнинг кулгимиз тутди.
     У камига аллақайси саҳна асаридан ўз дўстини бағрига чорловчи узундан узун монологни бақириб ўқиди-да, мен томон қўлларини ёзди.  Иккимиз энди қучоқлашиб кўришдик. 
     Шу онда эшик жиринглади.
- Кираверинг, эшик очиқ, кираверинг, - бақирдим.
     Қаршимизда пастимиздаги, хонадон соҳибаси, яқинда кўчиб келган қўшнимиз, бастакор Илҳомова қаққайиб турибди.
- Б-б-б-б...бизмас!, - деди дўстим довдираб. Бақир-чақир тепада бўлаяпти, - деди у кўрсаткич бармоғини шифтга ниқтаб.
     Аёл бизга не бир аламу ачиниш ҳисси ила қараб қўйди-да, индамай орқасига бурилди.
     Биз ич-ичимиздан, овоз чиқармай кула бошладик ва эшикка йўналдик.
     Ахир бугун якшанба эди-да...

                          19.01.2023 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот