СИЗГА НИМАЛАР КЕРАК?
Шодивой топарман-тутарман йигит. Шу боис доим иш билан банд. Бекорчи давралардан қочади. Энг дангал одам битта гапирса, Шодивой ундан ҳам дангал бўлиб, яримта гапиради, тамом.
Одатдаги кунларнинг бири. Иш қизғинлигидан нафас олишга вақт йўқ. Шу тобда денг, уяли телефонига қўнғироқ бўлди. У жавоб тугмачасини босиб, телефонни қулоғига тутди.
– Алло, эшитаман.
– Кечирасиз, сизга мабодо телевизор керакмасми? – хушмуомала оҳангда овоз келди гўшакдан.
– Йўқ, биродар, керакмас, раҳмат, – деб Шодивой телефонини ўчириб қўйди. Бир дақиқа ўтар-ўтмас, яна қўнғироқ.
– Алё, лаббай.
– Кечирасиз, сизга музлатгич керакми? – яна ўша овоз.
– Йўқ, дўстим, менга музлатигич керак эмас. Ўзларингга керак бўлса олаверинглар, нима қиласизлар менга телефон қилиб, – энсаси қотганини сездирди Шодивой.
– Раҳмат сизга, – деди таниш овоз.
– Арзимайди, – деди Шодивой жаҳл билан телефонини ўчириб. – Тавба, қиладиган иши йўқми бу одамларнинг.
Зум ўтмай яна телефон жиринглади. Шодивой: “Ие, номаълум рақам, яна ким бўлди экан?” – дея телефонни қулоғига тутди.
– Ало, эшитаман.
– Кечирасиз, мабодо, мабодо дейман-да, сизга Бельгия гилами керакмасми?..
– Ҳой, инсон, қанқа одамсиз ўзи, – Шодивойнинг тепа сочи тикка бўлди. – Менга ишлашга ҳалақит беряпсиз. Керакмас менга ҳеч қанақа гилам ҳам, телевизор-пелевизор ҳам.
– Шундайми, узр-узр, катта раҳмат.
Шодивой важоҳат билан телефонни ўчирди ва тишларини ғижирлатиб, ўзига-ўзи деди: “Уфф, телефон қилишга топган вақтини қаранглар. Шунча иш қалашиб ётганда-я”.
Қарангки, зум ўтмай яна қўнғироқ бўлди. “...Ие, яна номаълум рақам... Тавба, нима бўлган ўзи буларга, а?” – дея Шодивой жаҳл билан яшил тугмани босди.
– Ҳа! Нима дейсиз, яна нима гап?
– Узр, биламан, ҳозир сизнинг ишингиз кўп, тушунаман. Аммо биз ҳам одамларни норози қилолмаймиз. Бизга бировнинг ҳаққи керак эмас, қарздор бўлишни хоҳламаймиз, акажоним...
– Яна нима демоқчисиз? Нега қарздор бўласизлар, кимдан қарз бўласизлар?
– Сиздан-да.
– Нега мендан қарздор бўларкансиз? Тушунмадим.
– Ахир, сиздан шунча нарсани сўраяпмиз, керакмас, деяпсиз. Ҳа, майли, телевизор, музлатгич, бельгия гилами керак эмас экан, балки чангютгич билан компьютер керак бўлиб қолар, а?
– Вой, нималар деб бошимни қотиряпсиз. Керакмас менга ҳеч нарса. Менга фақат тинчлик керак, тинчлик!..
– Демак, керакмас денг.
– Минг марта айтдим-ку, керак эмас, ке-рак-мааассс!!!
– Майли, катта раҳмат сизга! Бошқа безовта қилмаймиз. Биздан рози бўлинг.
– Э, розиман, бўлди-е... Мингдан-минг розиман. Уффф! – Шодивой оғир хўрсиниб, алоқани узди. Орадан 20 дақиқа ўтиб, яна унинг телефонига қўнғироқ бўлди. Жаҳл билан телефонини деворга урмоқчи эди, қараса, экранчада “Ойижониси” деган ёзув милтиллаяпти. Хотини-ку, жавоб бермаса бўлмайди.
– Ҳа, ойижониси...
– Вой, дадаси, шўримиз қуриди... – дея хотини шўрқиллаб йиғлаб юборди.
– Астағфурурлло, нималар деяпсан, нега шўримиз қурийди? Мундоқ тушунтириб гапирсанг-чи, ахир.
– Уйга келсам, эшик ланг очиқ, хоналар шип-шийдам, на телевизор, на музлатгич бор, чангютгич, гилам, компьютер... ҳаммасини ўмариб кетишибди. Деворга эса, “Сизга керак бўлмаса, бизга керак”, деган ёзув қолдириб кетишибди-и-и!..
– Нима-а-а?..
Қувондиқ СИДДИҚ