ЧОҲ ТУБИДАГИ ҲАЁТ
Қўчқор Норқобил
ЧОҲ ТУБИДАГИ ҲАЁТ
ҳикоя
– Э-э-й, муаллимжон-а, болангизга китоб ўқитинг дейсизу, лекин китоб ҳам қиммат бўлиб кетганда...
Ҳошим чиноқ ҳовлиси остонасида турган муаллимнинг кўзига тик боқиб, илжайди. Шу тобда ичкаридан қимматбаҳо қўлтелефон ойнасидан кўз узмаган кўйи ўғли Эркавой чиқиб келди. У рўпарасида турган на отаси, на муаллимга эътибор бермади. Уларни кўрмади ҳам. Аллақаергадир гандираклаб йўл олди.
Муаллимнинг хаёлидан: “Чоҳ... Чоҳга қулаган болалик, шўрлик бола чоҳ тубида ётибди...”, деган даҳшатли ўй кечди. Йўқ, беихтиёр лаблари пичирлаб, дилидаги бу оғриқ тилига ҳам кўчди. Ҳошим чиноқ унинг гапини эшитди.
– Чоҳ... қанақа чоҳ? Ким ётибди бу чоҳнинг тубида? – Кўзлари ола-кула бўлиб, эсанкиради.
– Ўғлингиз... Ўғлингиз, у шундоқ ҳам чоҳ тубида эди. Сиз унга, нари борса йигирма минг сўмга китоб олиб бериш ўрнига, анови, икки-уч миллионлик зормандани тутқазиб, шу чоҳнинг оғзига қопқоқ уриб, тамбалаб ҳам қўйгансиз. Тўғри, энди у жойга, чоҳ қаърига китоб етиб бориши даргумон, – иҳради муаллим.
Ҳошим чиноқ сесканиб тушди. Анграйиб турди. Кейин ўзига келди чоғи, муаллимга ажабсиниб қаради. Муаллим унинг юзида: “Эси жойидами, ақлини еб қўйибди, тентак бўлибди”, деган ифодани англади.
Ҳошим чиноқ совуқ тиржайди. Муаллим ортига қайтди. У елкасига икки кўз қадалиб турганини сезди. Энг ёмони, бир ўпқон ичида бир-бири билан қирқпичоқ бўлаётган, бир- бирини ҳақоратлаб, бир-бирининг пайини қирқишга пайт пойлаб, ҳатто гўштини ейишга шай, нафс кўйида наҳс урган қавм айқаш - уйқаш бўлиб ётганини ҳам ҳис қилди.
Муаллим яна бир оғриқли, даҳшатли ҳақиқатни, бугун қишлоқдаги деярли барча ота-оналар Ҳошим чиноққа айланиб қолгани, уларнинг болалари Эркавой билан бирга тубсиз жарлик қаърига тушиб бораётганини-да англади.
Муаллим ҳам энди гандираклай бошлади. “Нимадир қилиш керак... Нимадир... Нимадир... нима... ”
У инграган кўйи йўл четидаги дарахтга суянди. Қишлоқ кўчасидан ўтаётганлар эса унга ажабсиниб қарашарди. Муаллимнинг юрагидан отилаётган армон ва илтижо ҳатто дарахт илдизи ва танаси, новда-ю япроқларига сингиб, борлиқда бир садо янграй бошлади: “Нимадир қилиш керак... Нимадир қилиш керак!!!...”
Афсус, гавда - гавараси ташқарида қолиб, руҳи чоҳга қулаган одамлар дарахтнинг бу чинқириғини эшитишмас эди...
17. 04. 2023 йил