Умр шомидаги нур


 

   Таниқли адиб ва драматург Қўчқор Норқобил "Умр шомидаги нур" сарлавҳали ҳикоясида инсон қалби оғриқларини юксак бадиий ифода ва самимият билан тасвирлаган. Айниқса, ҳикоя кутилмаган тарзда ечим топади ва ўқувчи кўнглида ҳаёт ҳақиқатлари борасида яна бир бор ўзига хос мушоҳада уйғотади. Умр шомида нурни илғаган инсоннинг тавба-тазарруси сизнинг ҳам дилингизни равшан этади.

   Қўчқор Норқобилнинг ҳикояларида бадиий тилнинг юксаклиги, содда ва равон жумлаларда халқ руҳи ҳамда инсонийлик тафтини туясиз. Ёзувчининг ушбу ҳикоясида ҳам ана шу жиҳат алоҳида сезилиб туради. Яхшиси, Сиз ҳам ўқиб кўринг!

УМР ШОМИДАГИ НУР

   

    Шаҳардан ярим тунда йўлга чиқувдим, қишлоққа эрталаб етиб келдим. Ҳовлида серрайиб турганимни кўрган энам бечорагина атрофимда айланиб гиргиттон бўлди. Дунё дунё бўлгандан бери бундай дуоларни эшитмаган-ов! Қаердан топаркан, айниқса, ойда йилда мен ғўддайма хонадонда пайдо бўлиб қолишим ҳамона, икки қўл дуога очилиб, энам шундай тўкиладики (ҳа, энам сўзламайди, тўкилади) билмайман, гап булоғини қамаб турган юраги очилиб кетадию, шу юрак қаъридаги фаришталар энамни сайратиб юборади.
   Бугун ҳам шундай бўлди, энам дуони олаяпти, кафтимни очиб серрайиб турибман.
— Эна, отам кўринмайди, — дейман аланглаб.
— Қулмат бовонгнинг боши болишга (ёстиққа демоқчи) тегибди. Мазаси қочибди, кўриб келай деб кетди.
— Қайси Қулмат бовам?
— Анави тарих малиминг бор-ку, отангнинг ошнаси... Қулмат калта...
— Шундай демайсизми?
— Ўша малимингникига кетди. Ўзиям, попирос ўлгур оғзидан тушмайди, бургадайгина бўлиб қолган, бунинг қилтанглашини кўр, оғиз қурғурда доимо папирос ўлгур, паравоз-а, паравоз! Шу исқотини ташла, нима қиласан, жонингга азоб бериб, ўпкасиям тутундан тўкилиб кул бўлиб кетгандир, тағинам шунча яшади, муштдайгина ҳолига. Одамнинг умри Эгасининг қўлида эканда-а...
   Озғин, киройи-кўргилиги кўримсиз, сариқдан келган татарангор, ингичка бўйнига қовун боғлаб қўйгандай, чувак бошидаги сочлариям сап-сариқ, (соч сариқ бўлгач қош нима бўларди...) шилпиқкўз, пакана ҳолига ғўддайибгина турадиган Қулмат муаллим кўз ўнгимда бўй кўрсатди. Муаллимни кўрмаганимга ҳам ўттиз йиллардан ошибди.
— Сенам бор. Кўриб қўйганинг яхши-да. Ғаниматликда ғаним ҳам азиз, болам. Отангни ҳам эргаштириб келасан. Йўлда тимирскиланиб туртиниб-суртиниб, йиқилиб-нетиб юрмасин тағин. Уйда ўтиринг деганимга ҳам қарамай кетди.
    Энам “ғаниматликда ғаним” деб бекорга айтмади. Қулмат муаллим билан сувимиз лойқаланганига ишора бу! 
    Оёғим тортмаса-да, оғир бўлдим — муаллимникига йўл олдим, борсам борай, ўсал бўлиб ётибди. Гина гуноҳга гумашта. Балки эсидан чиққандир. Ҳамма нарса ўзгариб кетди-ку... Муаллимда нима айб...
    Энам айтмоқчи, “Кампири кўпга қўшилгач, ҳувиллаган уйда сўли қуриб сўппайиб қолган, ёлғиз-арзандаси, худо бехабаргина ўғил эса ўрисгами-чулчитгами уйланиб, қайси бир гўрларда сарсон-саргардон бўлиб юргач харобаю хуробо ҳовлида бойўғлига ўхшаб ёлғиз қолган муаллимнинг кулбасига яқинлашганимда, ёғоч эшик очилиб ичкаридан отам билан қўшнимиз Ҳайдар бобо чиқиб келишди. Отам мени кўриб эсанкираб қолди.
— Энам Сизни олиб кел деб жўнатди, — дедим ҳол-аҳвол сўрагач.
— Ўзимиз бораверамиз. Бовангни кўриб чиқ, — деди отам ичкари ҳовлига бош ишора этиб.
    Нимқоронғу тор хона тўридаги ёғоч краватга ташланган тўшакда ўзга сайёрадан келган гумоноиддай бир бурдагина бўлиб ётган сап-сариқ кимсага кўзим тушди. Ўлай агар, муаллимни таний олмадим. На соч қолган, на қош. Узилган хандалакдайгина тап-тақир бош, милтиллаб турган бир жуфт кўз, ёрилган пуфакчадек шалвираган бурун, кичкина оғзини юмиб турган қони қочган лабларидаги изтиробли иҳроқ, юрагимга оғриқ солди. Одам боласи шунчалар ўзгариб кетарканда-а...
    Муаллимнинг тепасига бордим. У менга ҳайратомуз термулди, кўзлари милт ёниб ўчгандай бўлди.
— Муаллим, ассалому алайкум, мен келдим... Яхшимисиз?.. (Бошқа нима дейин).
    Муаллим бош ирғади. Сўнг илжайди.
— Мени танидингизми?
    Муаллим бош ирғади!
— Сатторов!
    Бир қалқиб тушдим. Овози ўтлилигини кўринг... Худди ўша чоғдагидай, болалик баҳоримни остин-устун қилиб, парча-парчалаб портлаб садо бергандай бўлди унинг овози.
***
— Сатторов!
— Мен.
— Сен бўлсанг доскага чиқ, — дейди пакана, кўзлари ёниб тургувчи сариқ муаллим. — Хўш, айт-чи, урушлар неча хил бўларкан?
— Икки хил! Адолатли, адолатсиз, — деб чувиллашади синфда ўтирган билағонлар.
    Мен жим тураман. Негадир адолатли, адолатсиз деган нисбат менга эриш туюлади. Чунки юз ёшга яқинлашган катта момом икки ўғли — энамнинг акалари йўлига қарайвериб кўр бўлиб қолган эди. Ҳар тонг Жонқобил, Норқобил деб фарзандлари номини айтиб чиқираверарди. Катта момом ўғилларини номини айтиб чақириши ҳамоно кўчага чиқиб кетардим, момомнинг овози эшитилмайдиган жойга — қишлоқ этагидаги сой бўйига кетиб қолаверардим.
   Хуллас, мен синфда жимман. Олтинчи синфда мендан бошқа ўқувчилар бийрон эдилар! “Адолатли, адолатсиз...” уруш...
— Нима экан, Сатторов!
— Ҳеч нима? Уруш ёмон. Ҳамма уруш ёмон, — дейман.
— Немис, фашитлар босиб келди. Бу адолатсиз уруш. Биз Ватанимизни ҳимоя қилдик, бу адолатли уруш! Шуниям тушунмайсан-а, ахмоқ, ўтир. 
Изза бўлдим. Икки баҳо олдим. Бир ой аввал Салим отанинг Собир деган ўғли афғон урушидан ўлиб келувди, темир тобути қайтувди. Чидай олмадим. Болалигимда ҳам қизиққон эдим. Ўрнимдан даст туриб муаллимга савол отдим:
— Афғон уруши-чи? Афғон уриши. Адолатлими шу уруш?! Бизникилар у ерга бостириб боришди-ку?
   Муаллим шолғомдай қизарди-я! У ёқдан бу ёққа юра бошлади, сўнг менга қараб чинқирди.
— Йўқол! Йўқол! Чиқиб кет! — у менинг ёнимга келиб қулоқ-чаккамга шапалоқ тортди.
— Босмачининг набирасисанда-а?! Қонинг бузуқ сенинг. Аждод-авлодинг чаён бўлиб ўтганда, гала босмачи!!!
   Мен синфхонадан чиқиб кетдим. Ташқари қор-бўрон эди, қаҳратон эди. Қормидир, оппоқ музқуммидир нимадир юз-кўзимга чирсиллаб урилар, мен совуқни сезмасдим. Уйга келиб бор гапни энамга айтдим. Энам тинмай жавради — Қулмат муаллимнинг гўрига ғишт қалаб, ўт қўйди, тентакдан олиб тентакка солди.
    Мен беш чақирим наридаги қўшни қишлоқдаги мактабга қатнай бошладим. Сабаби Қулмат муаллимнинг ўзига дуч келиш у ёқда турсин, эсласам ҳам ич-ичимдан титроқ туриб, тасаввурим чилпарчин бўлиб, номини эшитсам сесканиб кетардим.
    Бир кун Ғафур полвоннинг тўйида курашдан олдин отам давра четида турган Қулмат муаллимнинг олдига борди. Кўнглим совуқ бир нимани сезиб мен ҳам отамга эргашдим. 
— Ўғлим мактабингдан кетгандан бери кўнглинг кенгайиб қолдими, муродингга етдингми?, — деди отам муаллимга.
     Мен “қўйинг шунга гапирманг” деган маънода отамнинг чопони этагидан тортқилай бошладим.
— Ота, уйга кетамиз.
— Қўрқма болам, қўрқма!
    Қулмат муаллим турган жойида тушовланган тойхардай тайсаллаб қолди. Юзи қаҳрли тус олди.
— Ўғлинг ҳам сенга ўхшаш бузуқи бош. Мияси айниган, — деди тиржайиб.
    Отам уни силтаб тортди-да, ёнига қаратиб итарди. Қулматнинг нима жони бор, учиб кетди, боши тўйхонани ёритиш учун ўрнатилган симтўсинга бориб урилди. Ўрнидан тура солиб кафти билан юзини тўсган кўйи чинқириб тўйхонадан чопиб чиқиб кетди.
    Эртасига уйимизга мелиса келди. Отамни икки йилга қамашди...
    Томорқамиз тепасидан ўтган сой бўйидаги бобомни қизиллар отган жойни отам девор билан ўраб оқ ялов қадаб қўйган эди. Қишлоқда ана шундай уч-тўртта шаҳид жой — боболаримиз қони тўкилган муқаддас маскан бор эди. Қулмат калта улар босмачилар отилган жой, деб юқорига ёзвориб, охири шаҳид жойларни ҳам текислатиб ташлади. Кўп ўтмай бульдозерчи кўр бўлиб қолди. Қулмат муаллимга жин ҳам урмади.
    Отам уйга қайтгунча анча қийналдик.
    Мен қўшни қишлоқда уч йил ўқиб мактабни тугатдим. Ўқишга кетдим... 
    Ёшим қирқдан ўтиб бугун болаликнинг синиқ хотираларини тиклаяпман.
   ...Сатторов! Сатторов, — дейди иҳроқли овозда муаллим.
— Менман, муаллим...
— Келдингми?
— Келдим.
— Сен ҳам урушда бўлдинг-а?.. Афғонда бўлдинг-а?
— Ҳа, муаллим, — дейман унинг юзига қарашга ботинолмай. Бу ердан тезроқ чиқиб кетгим келади.
— Мен сени урушдан омон қайтишингни Худодан сўраб ялиндим. Кейинги йиллар Сени кўп ўйладим. Ҳар гал телевизорда чиққанингда ўзимни қўярга жой тополмадим. Сенинг олдингда гуноҳим кўп. Кўча-кўйда ака-укаларинг, ота-онангни кўрсам, ялиниб-ёлвордим: “Рустамга айтинглар, менга бир учрашсин, зарур гапим бор...” — дедим. Улар мендан ўзини оп қочишди. Тўғриям қилишди, қайси юз билан уларга арзи ҳол қилаётганимни ўзим ҳам тушунмасдим. Отанг иккимизни яраштириш учун қишлоқнинг ҳамма оқсоқолларини ишга солдим, уйларингга ўзим ҳам боравериб, бетимнинг суви беш тўкилди...
— Бово, қўйинг энди шу гапларни.
— Ҳар гал хотира куни қишлоққа келсанг уйингга сени сўраб одам юбордим... Нега излардим, биласанми?
— Йўқ...
— Мен ўрганган илм мени туфлаб ташлади. Мен ишонган тарих ҳам мени алдаганини англаган куним, бу дунёда қуп-қуруқ, ҳеч ким бўлиб қолганлигимни ҳис қилдим.
    Муаллим хир-хирлаб, оғир-оғир нафас олаяпти.
— Ўша даврнинг шиори, ғояси шундай эди-да, бово,  — дейман.
    У юзлари бурқсиб менга қарайди...
— Сен мени кечира оласанми ?,— дейди туйқус.
— Кечирганман бова, кечирганман. Эсимдан ҳам чиқиб кетган экан, қаранг-а, — дейман уни тинчлантириш учун.
— Кечирган бўлсанг, шу ҳовлини сенга топшираман, — дейди у дабдурустдан.
    Мен ҳангу-манг бўлиб қарайман.
— Йўғ-е, керакмас.
— Биламан, сен олмайсан, буни. Лекин уй-жойим, томорқам йигирма беш сотихдан кам эмас. Ўзинг бош-қош бўлиб, расм-русумини қилиб, шу жойнинг ярмини одамлар келиб дам оладиган гузар, ярмини кутубхона қилсанг, ёш-ялангларнинг оёғи узилмасди. Гузарга кираверишда менинг тарихим, “босмачи” деб қоралаган боволарингнинг хотирасига катта бир мармар тош қўйиб, уларнинг номини ёзиб қўй. Кутубхонанинг бир хонасини қишлоғимиздан урушга кетиб қайтиб-қайтмаган боболарнинг хотирасига музей қил, афғон урушига борган сафдошларинг тарихи ва тақдирини ҳам унутма. Шу хонанинг эшиги тепасига “Бу дунёда ҳеч қачон адолатли уруш бўлмаган”, деган гапни ёзиб қўйсанг бас!
    Кекса муаллим жим қолди. У оғир-оғир нафас олиб ҳансирайди. Мен унинг пойинтар-сойинтар гапидан ҳайратланаман.
— Бу иш осон кўчади. Маҳалла ҳам, ҳокимият ҳам рози. Эртага нотариусни чақиртираман, — дейди у.
    Мен унга яна ажибсиниб қарайман.
— Илтимос, йўқ дема... Эртага бир келиб кет, — дейди муаллим. — Сўнгги илтимосим шу, мени хотиржам ўлсин, десанг, шундай қил!
    Мен хонада серрайиб тураман. Ҳаво етишмайди. Муаллимга розиман маъносида бош ирғаб ҳовлига чиқаман.
   Борлиқ чароғон. Осмон тип-тиниқ. Рўпарамдаги тоғ қўл чўзсам етгудай яп-яқин. Юзимга баҳорий ҳузурбахш шаббода урилади. Мен қаерларгадир, олис-олисларга кетгим келади. Қаршимдаги тоғлар ўз бағрига чорлаётгандай бўлади. “Бу рўйи заминда яхшиям тоғлар бор, улар жуда баланд...”, деган ўй ўтади хаёлимдан.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот