БИР КУНИ...
Тўхтахон эна яқин қариндошимиз бўларди. Ёлғизлиги учун ҳар куни хабар олиб турардик. Бир куни онамдан уларнинг нега ёлғиз эканлигини сўрадим. Онам: – Онамнинг туғишган опаси бўлади. Пешонаси шўр экан, умри ёлғизликда, йўл қараб ўтяпти. Тўққиз фарзандни дунёга келтириб, биттасига эга бўлган эди. Ёлғизгина ўғли Муҳаммадисоқ ҳам урушга кетиб қайтмаган. Чоли иккиси кўп бола асраб олди. Улар суяги қотиб, йўлини таниганда тўрт томонга қараб кетиб қолди. Бола бўлмади. Туғмаган бўлса ҳам ўз боласидек тарбия қилгани учун Раҳимахон ўз қизидек меҳрибон бўлиб улғайди. Катта оилага келин қилиб узатгач яна ёлғизланиб қолди. Холам кўнгли нозик, чаққон, пазанда аёл. Унга ҳар ким ҳам ҳамтовоқ бўлавермайди. Бир коса овқатини ўзи ҳам пишириб ейди, аммо узоқ тунда ҳамроҳ бўлинглар, деб сизларни юбораман-да, қизим! – дедилар маъюс тортиб.
Онам айтганидек биз унга ҳамроҳ эдик. Орамизда Нодир акамга бошқача меҳр қўйганди. Навбати билан тунда “пойлоқчилик”ка борардик. Энам бизга кўпинча оқ от миниб йўлда келаётган ўғли ҳақида ҳикоя қилиб берарди. Айтишича, тонготар чоғи юлдуз кўриб инсон тақдирини айтиб берадиган уламонинг ёнига бориб ўғли ҳақида сўрабди. Уч кун деганда ўша домла: “Ая, ўғлингиз тирик. Жуда чиройли жойларда оқ от миниб юрибди. Бир куни эшикдан кириб келади”, деганмиш. Раҳматли энам биз билан катта одамлар билан гаплашгандек суҳбатлашарди. Ҳикоясини якунлаб бўлгач:
– Эҳтимол, болам шўрлик қўлига ўқ тегиб ҳушидан кетганда асир қилиб олишгандир. Полвоним баландроқ жойдан йиқилган бўлса, боши лат егандир, уйини, юртини эсидан чиқаргандир. Кўзимнинг оқу қораси эканини у яхши биларди. Шунча йилда ақли жойида бўлса мени эсламасмиди, оёғи юрмай қолса эмаклаб бўлса ҳам етиб келарди-я. Юрти қолиб, яқинлари, кўз тиккан онаси қолиб оқ от миниииб юрадиган йигит эмас, виждони бор эди. У йўлини ахтариб юрибди. Ҳар куни беш маҳал намозимда Эгамдан ялиниб сўрайман. Болам омон бўлса, дийдорига ташна қилма, дейман. Танамда жоним борида эшикдан кириб келсин, дейман. Сизлар ҳам шундай деб, дуо қилинглар. Ҳозир гуноҳингиз йўқ, дуоларингиз ижобат бўлса ажабмас, – деб кўзига ёш оларди.
Ҳар куни тонгда дарвозани очиб, зулфига оқ ип боғлаб қўярди. Кўча томондаги дераза токчасига сақич, қурут, ширинликлар териб қўйган энамнинг ойнаси ҳамиша очиқ турарди. Уйи мактаб яқинида бўлгани учун эшиги олди доим гавжум эди. Бир куни акам иккимиз офтобга қўйилган сават ичидаги қурутлардан олиб, чўнтагимизга беркитдик. Энам билиб қолса бизни уришиб беради, деган андишада эдик. Дарс тайёрлаб ўтирганимизда келиб бошимизни силаб эркалатди:
– Саватдаги қурутдан олиб чўнтакка солманглар, у ҳали яхши қуримаган, эзилиб кетса кийимингиз доғ бўлади. Ана, токчадаги қути ичида тўла қурут, олиб еяверинг, болаларим. Мен бойиб кетиш учун қурут, қанд сотмайман. Кундузи ёлғиз қоламан-да. Ойнани чертиб, “Эна иккита қурут беринг”, деб беш тийин узатганга бешта қурут бераман. Яна келсин, дейман-да! Кимдир йўқлаб туриши, айниқса, Тўхтахон энаааа, катабувиии деб, оғзини тўлдириб чақиришлари учун ҳам шундай қиламан,– дедилар.
Акам иккимиз қилган ишимиздан уялиб, ерга қарадик.
Мунаввара УСМОНОВА - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, "Саодат" журнали Бош муҳаррири, шоира.