«Тегишли жойда гаплашамиз»
— Бу воқеани Акромжон исмли дўстим гапириб берганди, — деб ҳикоя қилади тошкентлик Раҳмон Одилов. — Ўшанда улар савдо-сотиқ ишларини юритиш учун яқин кишиларидан қарз олишган экан. Аммо ишлари бароридан келмай, узоқ вақтгача қарзни тўлай олишмаган.
— Қариндош-уруғ, яқин дўстларим мени унчалик безовта қилишмади, аммо Абдураҳмон деган қўшни йигит қарзини қистайверди. Бир сафар ҳатто укамга «агар шу ҳафта қарзимни бермасанг, уриб расво қиламан», деб дағдаға қилиб кетибди. Менга қолса шу бугуноқ қарзини бериб қутулардим-а, лекин унга бергани пул қани? Юрсам ҳам, турсам ҳам фақат шу ҳақда ўйлайдиган бўлиб қолдим, — дея ҳикоя қилганди Акромжон. — Тижорат юришмагач, заводга ишга киргандим. Ўша куни эрталаб тунги навбатчиликдан қайтаётсам, масжид олдида уч-тўртта қўшни эркаклар гаплашиб турган экан. Сўрашдим, шу пайт қўшнилардан бири:
— Анавини қара, Абдураҳмонми? — деди ташвишланиб. — Укангни олиб кетишяпти. Ёнида милиционер ҳам борми?
Қарасам, чиндан ҳам Абдураҳмон билан бир милиционер укамни судраб олиб кетишяпти.
Ҳайҳайлаганча ўша томонга қараб чопдим.
— Қўй, ука, кўздай қўшни бўла туриб шунақа иш қиласанми, берамиз пулингни! — дедим ялиниб, Абдураҳмоннинг қўлидан тортар эканман.
— Тегишли жойда гаплашамиз! — сўзимни чўрт кесди милиционер. — Протокол тузиш керак...
— Қанақа протокол, уйда гаплашайлик, ака. Ҳозир ҳаммага қийин, сизнинг ҳам бола-чақангиз бордир?! — дедим ялиниб. Аммо у эшитишни ҳам истамади. Укамни судраб кетди, мен эса уларнинг ортидан ялиниб борардим. Милиционернинг машинаси йўқлигига, бунинг устига идора қолиб, дарахтзор оралаб кетаётганимизга эътибор ҳам қилмабман. Фақат пастак буталарни кўтариб, энгашиб ўтганимиз, шунда дарахт шохлари юзимга тегиб, тирнагани ёдимда қолганди.
Шу алфозда қанча вақт ўтганини ҳам, қаердан кетаётганимизни ҳам билмасдим.
...Бир маҳал ўзимга келиб қарасам, қандайдир далада, зовур чеккасида ётибман. Атрофга ғира-шира қоронғулик туша бошлабди. Укам ҳам, бояги дағал милиционер ҳам йўқ. Ҳеч нимага тушунолмай гаранг бўлиб қолдим. Кейин ногаҳонда «мени жин чалган» деган фикрга келдим. Қўрқиб кетдим. Кап-катта, бола-чақали одам шу кўйга тушаман, деб сира ўйламагандим. Орқа-олдимга қарамай чопа кетдим. Кейин билсам, уйимиздан анча олислаб кетган эканман. Уйга келсам, укам соғ-саломат, мендан хавотир олиб, қидиргани чиқиб кетибди. Чунки ишдан эрталаб қайтишим керак эди-да! Ҳеч қанақа милиционер ҳам келмабди, Абдураҳмон ҳам пул сўраб чиқмаган...Ниҳоят, бўлган воқеани онамга айтиб бердим. Кеч бўлишига қарамай, онам мени Қори домланинг олдига боришга ундадилар. Тунда у ёққа боргани юрак қани?! Аммо шу тун уйқу ҳам бўлмади. Бир-икки кун ўша алпоз қийналиб юрдим. Ахийри онам билан укам мени ўртага олишиб, домланикига боришга кўндиришди. Шундан кейин қўрқув, безовталик чекинди, биринчи бор хотиржам ухладим.
Ўша куни воқеага гувоҳ бўлган қўшниларни топиб, гаплашдим. Йўқ, улар ҳам укамни Абдураҳмон билан бир милиционер олиб кетганини такрорлашди. Аммо бу воқеа нима билан тугаганини эшитиб, анграйиб қолишди.
— Абдураҳмон билан милиционерга етиб олганимни кўрибсизлар, кейин нима бўлди? – деб сўрадим улардан.
— Узоқлашиб, дарахтлар ортида кўринмай қолдинглар. Шундан кейин биз ҳам чалғиб кетдик. Сизларни ортиқ кузатганимиз йўқ, — дейишди улар.
Қарангки, улар ҳам жинларни кўришган. Жинлар чиндан ҳам милиционер билан Абдураҳмоннинг қиёфасида бўлган. Демак, бу тасаввур ҳам, миянинг чалғиши ҳам эмас. Жинлар йўлдан адаштиргани рост бўлиб чиқди. Шу-шу сирли ҳодисаларга ишонадиган бўлиб қолдим, — дея ҳикоясини тугатди Акромжон.
«Дугонангни кўргани бормайсанми?»
— Онам раҳматлининг ёшликдан бирга катта бўлган Ҳанифа исмли дугоналари бор эди. Ҳозир у киши 82 ёшда, ҳали ҳам ҳаёт. Онамизнинг яқини бўлгани учун байрамларда кўргани бориб турамиз, — деб ҳикоя қилади Р. Тиллаев.
— Раҳматли онам бундан уч-тўрт йил аввал тўсатдан вафот этдилар. Шу боис имконимиз бўлмай, Ҳанифа аяни жанозага айта олмадик. Ғассол аёл марҳумани кафанлаб, тобутга қўйган ҳам эдики, Ҳанифа ая эшикдан йиғлаб кириб келса бўладими?!
Буни ҳеч ким кутмаганди, шунинг учун ҳаммамиз анграйиб қолдик. У кишининг нолалари ҳаммамизни йиғлатди.
Қарангки, бир-бирига яқин бўлган кишиларда кўринмас ришта борлиги рост экан. Йўқса, шунча олис ерда яшовчи аёл онамнинг ўлганлиги ҳақидаги хабарни қаердан ҳам биларди?
Кейинчалик Ҳанифа аянинг ўзи бу ҳақда сўзлаб берди:
— Энди уйқуга кетгандим. Тушим оппоқ кийимли бир чол аён бўлди. У дабдурустдан: «Дугонангни кўргани бормайсанми? Шошилишинг керак, улгуролмайсан. Уни олиб чиқиб кетишади. Бўл тез, бўлақол!», — деди. Кўзимни очганимда ҳам унинг охирги айтганлари қулоғимда янграб турарди. Шу заҳоти йўлга чиқдим. «Балки бу тушдир, зора шундай бўлса?!», деб умид ҳам қилдим, аммо юрагим беҳаловат эди. Қандайдир ёмон нарса содир бўлганини ич-ичимдан ҳис қилиб турардим... Афсуски, хавотирим тўғри чиқди. Кўчангизга бурилдиму бел бойлаб турганларни кўриб, йиғлаб юбордим...
Садоқат ВАФОЕВА ёзиб олди.