Одилжон Каримовга табрик
"Сурхон" вокал чолғу ансамблининг собиқ солисти - Одилжон Каримовни туғилган куни билан табриклаймиз! Одилжон айни вақтда бошқа соҳада фаолият юритаётган бўлса-да, "Сурхон" ансамблида унинг хизматлари беқиёс бўлган. Яхши хонанда, созанда ва бошловчи сифатида кўплаб ўз мухлисларига эга.
90 йилларда "Парвоз" ансамблининг хонандаси - Одилжон Каримовнинг қўшиқлари ёзилган кассеталар тарқала бошлаганди. Ўша пайтларда унинг ёқимли овози, шўх қўшиқлари кўплаб хонадонлар, тўйларда янграй бошлади. Табиийки, кўпчилик уни "Сурхон" ансамблида қўшиқ куйлаш баробарида "Ёшлар" радиоканалида ҳам бошловчилик қиладиган Одилжон Каримов деб ўйлашган. Аммо у хонанда асли Чимкентлик бўлган (Худо раҳмат қилсин, жойи Жаннатда бўлсин).
Одилжон билан суҳбатлашганимизда, бир кулгили воқеани айтиб берганди.
Кунларнинг бирида ўзи ишлаётган "Ёшлар" телеканалида Одилжон Каримов исмли киши уни чақиртираётганини айтишган. Одилжоннинг ўзи бу ҳақда шундай ҳикоя қилади: "Одилжон Каримов билан исм-фамилямиз бир хил бўлгани туфайли у ҳақда эшитган, қўшиқларини тинглаган, аммо ўзи билан кўришиб, танишмагандим. Мени йўқлаб келганидан ҳам ҳайрон бўлиб, ҳам хурсанд бўлганча, қаршисига пешвоз чиқдим. Салом-алик қилиб, ҳол-аҳвол сўрашдик. Шунда у ёнидаги жувонга юзланиб: "Энди ишондингми, яна бир Одилжон Каримов деган хонанда борлигига", - деганча унга гина ва таъна оҳангида гапирди. Табиийки, гап нимада эканлиги билан қизиқдим. Шунда у чуқур "Уф-ф-ф" тортиб, машмашанинг сабабини тушунтирди. Телевидениеда чиқиш ёки овоз ёздириш учун Одилжон ойда бир-икки Чимкентдан Тошкентга келиб тураркан. Кунларнинг бирида хотинини дугоналаридан кимдир: "Эрингизнинг Тошкентда хотини бор экан, ўша ердан уйланиб олганмиш", - деган. Юрагига ғулғула тушган аёл шубҳа, рашкни аранг енгиб, далил сўраганда, у аёл: "Телерадиокомпанияга қўнғироқ қилинг, ишонмасангиз", - деган. Гумон ўтида қовурилаётган аёл телерадиокомпаниянинг "Ёшлар" радиосига қўнғироқ қилиб суриштирса, чиндан ҳам Одилжон Каримов шу ерда ишлашини айтишган. Хотин шўрлик эрим яна бошқа ерда ишларкану мендан яширган экан, камига ўша ердан хотин топиб олибди, деб эридан аразлаган. Эр хотиндан араз сабабини сўрагач, эшитган гапларидан тепа сочи тикка бўлиб кетган ва суриштириб, мени аниқлаб топиб келган экан. Одилжоннинг хотини мени кўргач, ҳовуридан тушган ва эридан кечирим сўраганди. Худо раҳмат қилсин, адашим бу дунёни эрта тарк этди, бироқ ундан ёрқин хотиралар қолди".
Одилжон жуда қувноқ ва ҳазилкаш йигит. Қачон қарасангиз жилмайиб, табассум қилиб туради.
Одилжонга соғлик, Бойсун чиноридек узоқ умр ва энг эзгу тилакларимизни тилаб қоламиз!
Камоли эҳтиром ила - Музаффар Муҳаммадназар.