Ер остидаги одам билан суҳбат
Ҳамма ҳам мобиль телефонини бир https://i.ibb.co/RjcRM6s/photo-2024-04-30-00-46-12.jpgмарта бўлса-да, йўқотади. Айниқса, у қиматбаҳо телефон бўлса йўқолиши турган гап. Мен ҳам ўшанда Япониядан келтирилган янги мобиль телефонимни йўқотиб қўйгандим. Қаерда дейсизми? Қабристонда... Бу ёғи энди даҳшат! Чиндан ҳам... Ўшанда ҳаво булут, осмон паст кўринаётганди. Ҳаво дим. Ҳойна-ҳой ёмғир ёғса керак, деб ўйладим мен. Онам неча кундан бери, «отангнинг қабрини суваб кел» деб қисталанг қилаётганди. Гапиравериб чакаклари тушди-ёв.
Якшанба куни одатим бўйича тўйиб ухлаб оламан. Аммо шу куни саккиздаёқ онамнинг бақир-чақири билан гармдори чайнагандай бўлиб турдим. Норизо қиёфада тўнғиллаб қўйдим.
Машинамни таъмирга бергандим. Шу боис белкуракларни олиб, таксида кетишимга тўғри келди. Бозордан гул кўчати олгунимгача пешин бўлди. Бу ёқда кетма-кет улфатларим қўнғироқ қилишяпти денг. «Гап»да ўтирадиган кунимиз эди. Қабрни суваб ҳам бўлгандим, Ўткир машинасида келиб қолди. Бу пайтда қош қорайиб қолганди. Ишлар тезроқ битсин учун дўстим гул экишимга қарашиб юборди. Шимимни қоқиб, Қуръон тиловат қилаётган дам шатира-шутур ёмғир ёға бошлади. Белкурагу, челакларни юкхонага жойлаб, иккимиз ҳам машинага ўтириб олдик. Ёмғир авжига минди. Машина томларини, ойналарини тараклатиб урганча шаррос қўйиб юборди.
– Вақтида улгурдик! – дедим мен ҳўл сочимни дастрўмолчага артарканман. – Уйга телефон қилиб қўйишим керак... Онамни тинчлантирай! – Аммо бир киссамга қўл солдим, телефон йўқ, иккинчисини бармоқларим ила ағдир-тўнтар қилдим, йўқ. «Сеалофан халтадамикин...»
– Ўртоқ, мени рақамимни териб юбор. Озодбекнинг қўшиғидан топиш осонроқ бўлади.
Ўткир рақамимни териб, гўшакни қулоққа тутди:
– Чақираяпти! – деди у им қоқиб. Аммо жим-житлик. Озодбекнинг «яна, яна» деган таниш қўшиғи янграмади.
– Демак, мозор бошида қолибди,– дедим хафсалам пир бўлиб, шу ёмғирда пастга тушгим келмай.
– Мени телефонимни олвол, осон топасан! – деди дўстим.
Унинг телефонини олиб, курткамни бошимга ёпганча, яна қабристонга қараб кетдим.
Атрофни зимистон қоплаган, симёғочларнинг хира ёруғида дарахтлар ҳам қорайиб, маҳобатли кўринади. Баъзида мармар тошга ўрнатилаган суратлар хира ёруғда иршаяётгандай, кўзлари совуқ йилтираётганга ўхшаб туюлади. Айниқса, шамолда дарахтларнинг эгилиб-эгилиб чайқалиши, қарс этиб синиши юракни музлатиб юборади.
Мен… мен манави марҳумлар оламида ягона тирик одамдай ҳис қилдим ўзимни. Улар учун рўзғор тебратишнинг, пул топиш учун қаерларгадир шошилишнинг ҳожати йўқ. Маконларида сассиз-садосиз жимгина ётишибди. Ҳамамизнинг келар маконимиз шу. Мен отамнинг янги сувалган қабрига етиб келдим. Аммо энди қандайдир қимматбаҳо телефоннинг йўқолгани маънисиздай бўлиб туюлаётганди.
Ёмғир секинлашди. Мен қабр атрофини пайпаслаб қараб чиқдим. Телефон кўринмади. Йўқ. Нима қилишимни билмай, ўша ўртадаги ҳўл скамейкага ўтирдим. Оғир тин олиб соатимга кўз ташладим. 19:30. Аниқ эсимда етти ярим эди. Кетишим керак, мен эсам соат милига маънисиз тикилганча қилт этмай ўтирардим. Шу пайт орқа томонда қоронғида қарс этиб дарахт шохи синди. Шаҳд билан орқамга ўгирилдим. Ўша томонда гўё биров юргандай буталар ўнгу-сўлга силкинди. Асти ўрнимдан туриб ўша томонга кета бошладим. Қўрққанимдан ютоқиб нафас олганча, шартта буталар орасини очдим. Тўғримда мамар тош қўйилган янги қабр турарди. Хира ёруғда нима ёзилганини яхши англай олмадим. Негадир Ўткирнинг телефонидан яна ўз рақамимни тердим. Не ажабки, ер тагидан Озодбекнинг «яна, яна...» деган таниш қўшиғи янгради. Устимдан бир челак муздай сув қуйилгандай қотиб қолдим. Шу заҳоти «мингга қўйиб» қочиб кетгим келди. Аммо... дунёда шундай кучлар борки, улардан қочиб қутулиб бўлмайди. Шу боис қочиш фикридан қайтдим. Худди бир сирни билмоқчидай қабрга яқинроқ бордим. Унга Мансуржон Омонжон ўғли, 1950–2010 йил, деб ёзиб қўйилганди. Аммо мени даҳшатга солган нарса бу эмасди. Телефонимнинг овози ер тагидан, шу қабр ичидан келаётгани эди!
Нималар бўлаётганини тушунолмадим. Ҳаммасига қўл силтадиму, орқамга қарамай қочдим…
Ранг-рўйимни кўриб, дўстим ҳам қўрқиб кетди. Қўлларим, кийимларимгача лой, ўзим эса гапира олмасдим.
– Нима бўлди? Телефонингни топдингми? – ташвишланиб сўради у аҳволи-руҳиямни кўриб.
– Ээ, – қўл силтадим мен. – Телефон гумдон бўлибди. Қўявер, эртага бошқасини сотиб оламан...
Шу билан Ўткир иккаламиз «гап»га жўнадик. Нечагача ўтирдик, нима еб, нима ичдик, билмайман. Хаёлим қабр остидан келган Озодбекнинг ўша қўшиғида эди. Бунинг устига қўшиқ мозористонда ғалати ғайри оддий, кишини масҳаралган куйи қўрқинчли эшитиларди...
* * *
UCELL компаниясига телефон қилиб, сим картамни тармоқдан чиқариб, қайта тиклаб беришларини сўрадим. Бу орада янги телефон сотиб олдим. Чунки бу ишим учун ҳам жуда зарур эди.
Ниҳоят, сешанба куни машинам таъмирдан чиқди. Уни миниб ишга йўл олдим. Мени офисда бир талай одам кутиб турарди. Кечикишим сира мумкин эмасди. Шунинг учун йўл текис-ку, деган ўйда тезликни оширдим. Ниҳоят, спидометр мили соатига 120 кмни кўрсатди. Айни шу дамда кимдир қўнғироқ қилиб қолса бўладими?! Телефон кўзгузисига қарадиму, ҳайратдан эсим оғиб қолаёзди. Чунки… унда ўз рақамим липилларди…
– Або! – деди ҳириллаган эркакча товуш, – Мени диққат билан эшит. Тезликни пасайтириб, машинани дарҳол четга ол! – бегона одам мени ўзига яқин олиб, «Або» деб чақиргани менга ғалати туюлди. Лекин негадир ҳудди гипноз қилинган кишидай унинг айтганларини сўзсиз бажардим.
– Энди..., – дея давом этди у. – Мен сенга телефон қилмагунимча ўша ерда тек ўтир!
Бўлаётган ишлардан гангиб қолгандим. Даҳшатдан жиққа терга ботган, пешонамдан оқаётган реза-реза терларни артиб ҳам улгурмаётгандим. Ахир у шахсан ўзимнинг рақамимдан телефон қилганди-да! Шу боис хона тўла одам мени кутаётганини ҳам, ишга кечикишим мумкин эмаслигимни ҳам мутлақо унутгандим.
Орадан чамаси ярим соатча вақт ўтгач, телефоним «чинқириб» қолди.
– Або! – эркалаб чақирди яна ўша овоз. – Энди ишингга кетавер... фалокатинг аригани рост бўлсин, ўғлим!
– Ким бу? Кимсиз? – қўрқувдан ютоқиб нафас олганча сўрадим мен, аммо алоқа узилиб қолди. Мен эса телбавор бир алфозда бармоқларим қалтираб ўз рақамимни қайта-қайта теравердим. Аммо ҳар сафар жавоб ўрнига қисқа-қисқа гудок товушлари эшитиларди. Аслида шундай бўлиши ҳам керак эди.
Орадан беш сония вақт ўтгач, йўл устида юз берган ҳалокатни кўриб, ҳаммаси ойдинлашгандай бўлди. Мен буткул изтиробда қолгандим, чунки... янгигина зулукдай NEXIA баҳайбат юк машинаси остида қолиб кетганди. NEXIAнинг пачоқланган тумшуғигина кўриниб турарди, холос. Шубҳасиз, унинг шофёри ўлган эди.
Ўша куни ишлай олмадим. Қовоғи уйилган бошлиғимдан жавоб сўраб уйга кетдим. Йўл-йўлакай телефон компаниясига кириб рақамимни текширтирдим.
– Бу рақамдан сиздан бошқа ҳеч ким фойдалана олмайди! – дейишди улар елка қисиб ва ортимдан «эси жойидамикин» дегандай ғалати қараб қолишди.
Рости билан бўлаётган ишлардан ўзим ҳам ҳайрону лол эдим. Зиқ бўлиб кетдим. Шкафдан яримтани олиб қуйдиму ўрнимга чўзилдим. Қачон ухлаб кетдим, қанча ухладим, билмайман. Бир пайт уйғониб кетдим. Соатга қарасам, тунгги уч бўлибди. Не қиларимни билмай яна ичдим. Телевизорни ёқиб, бемақсад каналдан каналга олавердим. Шу пайт кутилмаганда яна Озодбекнинг қўшиғи янгради… Унга тикилганча қотиб қолдим. Ахир ётиш олдидан уни ўчириб қўйгандим-ку!
– Або! – гўшакдан ҳудди ўша ҳирқироқ овоз эшитилди. – Нега телефонингни ўчириб қўясан. Тезликни ошириш қандай балога гирифтор қилишини кўрдинг–а? Аслида ўша шўр пешонанинг ўрнида сен бўлишинг керак эди! Эндии... яхшиликка бир яхшилик қилгин, ўғлим, – ўнғайсизланиб деди у. – Эртага Учтепага бориб Башорат холангга учрашсанг, дегандим. Кенжатой қизимни узатишимиз керак, янаги йилга. Фарҳод деган йигит оёқ остида ўралашиб юрибди. Яхши бола эмас экан. Холангга совға қилган битта-ю битта тилла узукни ўғирлаб, гаражга беркитиб қўйибди. Қаерга яширганини айтаман, ўша жойдан олишсин, – шундай дея нотаниш одам манзилни тушунтирди. Кейин қўшимча қилди.– Гулнорани Комил мантёрнинг ўғли Одилжонга унаштиришсин. Ҳаммаларига мендан салом айт, кейин Муҳтабар синглимни онкологияда текширтириш керак. Майли, омон бўл!
Кўрсатилган манзил бўйича Мансур амаки айтган одамларни топиб бордим. Аммо улар менга ишонишмади.
– Тавба, тавба, астафируллоҳ! – деди Башорат ая йиғлаб. – Раҳматли Мансур амакингиз вафот этганига бир йил бўлди. У қандай қилиб сиз билан гаплашади. Аллақачон кўкариб чиққан бўлса! Ҳазилингиз қурсин, болам! – аёл йиғлашга тушди. Ичкаридан оқ кўйлакли бир қиз чиқиб келди. У аёлни юпата туриб, менга ўқрайиб қараб қўйди.Бу ўша Мансур амакининг кенжаси Гулнора бўлса керак, ўзимча ўйладим мен.
– Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг! – дедим бир оз жаҳлим чиқиб. – Йўқса оилангизда бўлаётган бу машмашаларни мен қаёқдан ҳам билардим. Аввал айтганларимни бир текшириб кўринглар...
Шу куннинг эртасига менга Гулноранинг ўзи йиғлаб телефон қилди. Узук топилибди, Муҳтабар аммаси кўкрак саратони бўлган экан, жарроҳи қилишармиш…
– Аброр ака, илтимос, агар отам яна қўнғироқ қилсалар, аммамни кечирсинлар. Негалигини ўзлари биладилар. Отамни жудаям яхши кўрардим, – Гулнора йиғлаб юборди, бир муддат гапиролмай жим бўлиб қолди. – Нега отам бизга эмас, сизга телефон қилдилар экан. Шуларнинг барини ўзимизга айтсалар ҳам бўларди-ку... Уларни жудаям соғиндим...
Одатдагидай Мансур амаки ярим тунда қўнғироқ қилди.
– Або! Ҳаммасини биламан, ўғлим! – дея гап бошлади у. – Гулнор қизимнинг тушига киришни истагандим. Аммо ҳамма каналлари ёпиқ экан. Фолбинга бекор борибди-да! Холангга айт, гапни пишиқ қилсин, қизимни Одилжонга берсин… Ўзинг бўлса номзодингни конкурсга қўй, банкда катта одам бўлиб кетасан... – деди.
Бу менинг у дунё билан қилган сўнгги суҳбатим эди. Шундан кейин Мансур амаки қайтиб телефон қилмади. Мен ҳам телефонимдаги қўшиқни ўзгартирдим.
* * *
Бу воқеани менга Аброр исмли бир танишимиз сўзлаб берганди. Кунларнинг бирида Кўкча қабристонига йўлимиз тушди. Чиндан ҳам Аброрнинг отаси қўйилган жойдан сал нарида мармар тош ўрнатилган бир қабр бор экан. Қабр тошга Мансуржон Омонжон ўғли, 1950–2010 йил, деб ёзиб қўйилганди. Аброр деган ўша танишимиз банкдаги вакант ўринга ўз номзодини қўйди. Уни тез орада кредит бўлими бошлиғи қилиб тайинлашди. Маоши... бунақа ойликни у етти ухлаб тушида ҳам кўрмаганди. Аммо Аброр бундан ажабланмади. Директорнинг хонасидан чиқаётиб у бир гапни эшитиб қолибди.
– Нималар деяпсиз! – дебди банк директори кадрлар бўлими бошлиғига. – Қанақанги синов муддати?! Ахир у Мансур аканинг одами-ку!
Нигина НИЁЗ
Манба: "Ижод чашмаси" журналининг 2023 йил №8 сони.