САМАРАДА САРСОН БЎЛГАН ОДАМЛАР


  Хуррам Олмалиқ шаҳрида маршрут такси йўналишида бинойидек ҳайдовчи бўлиб ишлаб юрганди. Кунларнинг бирида у Акбар деган киши билан танишиб қолди. Акбар уларникига бир неча бор меҳмонга борди. Ҳар гал борганида ўзини Россиянинг Самара шаҳрида ишлаб келишини, бу ерда бир йилда топадиганини  у ерда бир ойда топишини айтиб мақтаниб қўярди. У Хуррамни ҳам Россияга боришга қизиқтиришга ҳаракат қиларди.
— Ука, арзимаган маошни деб чумолига ўхшаб эрталабдан кечгача тиним билмай ишлайсиз. Маошингиз ҳам оилангизга зўрға етса керак. Ундан кўра мен билан Самарага боринг. Сиздек ҳайдовчилар у ёқда сув билан ҳаводек зарур.
— Йўғ-эй ака, нималар деяпсиз. Ҳаётимдан, ўтаётган кунларимдан нолимайман. Қора қозонимиз қайнаб турибди.
— Қора қозон ҳамманики ҳам қайнаверади. Аммо учта фарзандингизнинг орзу-ҳавасларини ўйламайсизми? Ҳадемай уларни институтларда ўқитиш, кейин уйли-жойли қилиш керак бўлади. Бунинг учун қоплаб пул керак, ука, қоплаб...
  Акбарни кузатиб қўйганидан сўнг Хуррам турмуш ўртоғи Дилафрўз билан унинг таклифини муҳокама қилишди.
 Кейинги маротаба Акбар уларникига меҳмонга келганида у ўзининг қизиқишларини баён қилди.
— У ерга бориб ҳайдовчи бўлиб ишлай оламанми? 
— Албатта. Сени ўзим корхонамга ишга жойлаштираман. Бу ёғидан кўнглинг тўқ бўлсин. Ҳар ойда минг доллардан иш ҳақи оласан. Еб-ичишингга ҳам, уйга жўнатишингга ҳам етиб ортади. Фақат ҳозирча йўлкрангни олволсанг бас. У ёғига ўзим ёрдам бераман.
 Шундан сўнг Хуррам Россияга кетишга ошиқди. Кейин улар келишилган куни Акбарларникида учрашишди.  Хуррам у ерда  Акбарнинг ўғли Абдужаббор, тоғаси Абдушокир ва оҳангаронлик Рауф деган йигит билан танишди. 
 Эртаси куни эрталаб бешовлон Қозоғистон Республикасининг чегарасидан ўтиб, Туркистон вокзалидан поездга ўтиришиб, Россияга йўл олишди.
   Ниҳоят Самара шаҳрига ҳам етиб келишиб Акбарнинг яшайдиган уйига боришди.
— Энди барчангиз паспортларингизни менга берингизлар. Шу ерда яшаш учун ҳужжатларни тўғрилаб олишимиз зарур, — деди Акбар виқор билан. 
   Ҳамма ўз хоҳиши билан унга ишонган ҳолда паспортларини топширишди.
   У уч кундан сўнг яна шу ерда пайдо бўлди.
— Ака, энди ишни бошласак ҳам бўлар. Қани менга ваъда қилинган машина, — деди Хуррам беғуборларча.
— Машинани эсингдан чиқар, ука. Сенга қурилишдан зўр иш топиб келдим.
— Бу нима деганингиз, ака! Ахир мен қурилишда ишлай олмайман. 
— Бу ер сенга Олмалиқ эмас, хоҳлаган ишингни қиладиган. Бу ерни ўз оти билан Россия деб қўйибди. Иш топилганига хурсанд бўлсангчи. Қанча ишсизлар дарбадар юришибди! — деди нописандлик билан Акбар.
— Ахир биз бунақасига келишмагандик-ку! Ўзингиз ҳайдовчи бўлиб ишлайсан, дея катта ваъдалар бергандингиз! Энди берган ваъдангизга вафо қилинг-да...
— Кўп миғирлаб асабимга тегмагин. Майли, сени яхшиси қурилиш дўконига ишга жойлаштираман. Ҳар ҳолда маоши чакки эмас. Ортимдан юр. Кўп нолийверма. Ҳали ишларинг беш бўлиб кетади, — дея уни авраб бир дўконга олиб борди. Унинг раҳбари билан гаплашиб Хуррамни ўша ерда қолдирди. Ноилож қолган йигит бу ерда ишлашдан бошқа иложи қолмаганини ҳис қилиб ишни бошлади.
   Бу ерда озроқ муддат ишлагач, дўкон раҳбари уни қурилишга ишга юборди. Бу ерда ишлаган маошини бермади.
   Пулдан қийналган, оч қолган Хурам дўкон раҳбарига қўнғироқ қилиб маошини сўради.
 — Ойлик маошингни аллақачон Акбар олиб кетган. Иккинчи бу ҳақда гапириб бизни безовта қилма! — деди дўкон раҳбари.
  Шундан сўнг қийналиб, сиқилиб кетган Хуррам уйига, турмуш ўртоғи Дилафрўзга қўнғироқ қилиб, бу ерда бўлган воқеаларни айтиб берди. Шундан сўнг Дилафрўз қайнакасини ҳам олиб Акбарнинг ота-онасининг уйига  боришди. Унинг ота-онасига ўғлининг қилиб юрган ишларини гапириб, дарҳол Хуррамнинг паспортини қайтариб беришларини сўрашди.
   Шундан сўнггина Хуррам қўлига паспортини олишга муваффақ бўлди. У билан борган Рауф ҳам уйига қайтишга ошиқди. Сўнг икковлон паспортларини гаровга қўйишиб 4.000 рубль қарзга пул олишиб, Олмалиқ шаҳрига қайтишди.
  Орадан беш кун ўтгач, у Акбарга қўнғироқ қилиб қачон Россиядан Олмалиққа қайтишини, қарзи борлигини, шунинг учун унинг меҳнат ҳаққини беришини сўради.
   “Қарзни ўзинг тўлайсан! Менга пул ҳақида гапирма!” деди у. 
   “Агар қарзларни тўлаб бермасангиз, тегишли органларга мурожаат қиламан!”, - деди Хуррам ҳам бўш келмай.
   “Чиранма ғоз, ҳунаринг оз”, дейдилар. Қўлингдан келганини қил. Агар осмон қўлингда бўлса ташлаб юбор!”, - дея унинг устидан кулди Акбар. 
   Ноилож қолган Хуррам унинг устидан ариза билан судга мурожаат қилди. Шундан сўнггина унга етказилган моддий зарар тўлиқ қопланди. 
 Суд  Акбар Хуршидовни Жиноят кодексининг 135-моддаси 2-қисмининг г,з,и” бандларида қайд этилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топиб, 5 йил мудатга озодликдан маҳрум қилди. 
   Шу ўринда қуйидаги мисралар ёдимга тушди:
Одамлар бор, одамларнинг нақшидир,
Одамлар бор, ҳайвон ундан яхшидир.

Хонбиби ҲИММАТ қизи (МАХАМОВА), журналист.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот