БИР КЎРСАЙДИМ СЕНГИНАНИ
Меҳринисо ҚУРБОНОВА
БИР КЎРСАЙДИМ СЕНГИНАНИ
ҳикоя
- Оҳ, болам-а, шу йиллар ичида газета-ю журналларда ишлаб қанчадан- қанча ҳикоялар ёздинг, юзлаб одамлар билан суҳбатлар қилдинг, аммо амманг ҳақида ҳеч нарса ёзмагансан, эсламадинг ҳам? - деб қолдилар энам кунларнинг бирида.
- Қайси аммамни айтаяпсиз, энажон?
- Қумри аммангни айтаман-да, айланай.
- Қумри аммамними? Ёзишга арзийдиган бирон воқеаларни бошидан кечирган бўлса... айтинг? Нега аммажонимни эсламайин? Бир ширинтилли аммам бор эди. Шаҳрисабздан ҳар хил ҳолвалар, патирлар кўтариб келарди. Келганида уйимизда нақ байрам бўларди. Ўчоқда ош қилардингиз, чучваралар қовурардингиз. Қўни-қўшнилар келишарди. Раҳматли бўлиб кетганми?
- Вой, болам-а, аммангнинг вафоти ҳақида бир неча марта айтганман сенга, у қулоғингдан кириб, бу қулоғингдан чиқиб кетибди-да. Аммангнинг ўтиб кетганига олти йил бўлди. Аммангнинг болалари ўла-ўлгунича ҳурмат-иззатини жойига қўйишди, барака топишсин!
- Асранди болалари-я?
- Ундай дема, болам. Болаларни ҳеч қаердан асраб олишмаган. Кундоши туғиб берган. Болаларини ўзи катта қилди. Қумри аммам поччамиз билан кўп йиллар яшашди, фарзанд кўришмади, ажрашишга кўзи қиймасдан эрини ўзи уйлантириб қўйди. Кундоши бирин-кетин туғиб бераверди, у катта қилаверди.
- Кундошини эридан рашк қилмадими?
- Энди... ўзидан ўтганини ўзи билади болам. Илгари аёллар кундоши билан бир ҳовлида яшайверишган. Борадиган жойлари бўлмаган. Бугун аёллар ўзига хон, ўзига бек, чин-да... Ёлғон бўлса айт? Бугунги кунда икки кундош бир ҳовлида яшашса, қиёмат қойим бўлади. Аммамга жуда қийин бўлган. Ўн йиллик эрини бошқа аёлга топшириб қўяди-ю...
- Шўрлик аммам... почча ёш аёлини бағрига босиб ётаверди, аммам болаларни ўзи олиб ётди, кечалари турди, уларни тусди, иштонини тозалади, кирларини ювди, кечалари алла айтиб ухлатди. Эслашнинг ўзи даҳшат! Тунлари ёлғизликдан болишлари ҳўл бўлгандир, аммам шўрликнинг?
- Шуларни бўйнига олиб эрини уйлантирган-да. Бунинг устига амманг ғайратли, сабрли, бақувват, эркакшода аёл эди-ку. Кўнгли жуда кенг эди. Кундоши қурмағур нозиккина, чиройли нарса эди. Поччамиз иккинчи хотинининг олдидан чиқмай қўйгани рост. Лекин амманг ҳаммасини ичига ютди, болалар жони-дили эди, улар билан ўзини овутди. Кундоши ҳам болаларини кундошидан қизғонмади, эринмай туғиб бераверди. Икки кундош кўпроқ она-болага ўхшашарди. Амманг бор умрини уларга бағишлади. Лекин кўз тегдими, нима бўлди билмайман, кундоши тузалмас дардга чалинди ва ёшгина ўлиб кетди. Поччанг бор будини уни сақлаб қолиш учун сарфлади. Аммо... пешонасига сиғмади. Саратонга йўлиққан экан. Олтита бола, олтита бола-я... Аммангнинг икки томонида, икки бешикда эгизаклар қолиб кетаверди. Амманг коса кўтариб, сут излаб чор атрофга югурди. Олти ойлик эгизаклар Поти-Зуҳраларга сигирнинг сути зўрлик қилдими, бошқами, бирин-кетин оламдан ўтишди, аммангнинг эси оғиб қолаёзди, уларни ўзи катта қилган, қаттиқ меҳр қўйган эди-да.
- Оҳ... Тўрт бола билан қолиб кетибди-да?
- Хотинига ва эгизакларига қаттиқ куйган поччамиз ҳам кўп яшамади. Ўтинхонага ўтин майдалагани кирган поччам юраги хуруж қилиб бир йиқилишда ўлди-қолди. Яхши одам эди, борганимизда ҳеч қачон қовоқ уймасди. “Ие, жиянжонлар келишибди-да”, - деб хурсанд бўлганича, бозорга бориб қийиғини ҳар хил егуликларга тўлдириб келарди. Тўрт болани оёққа турғазгунича аммангнинг бўлари бўлган. Ҳаммасини катта қилди, мактабларга етаклаб борди, ёмонлардан ҳимоя қилди, ўқитди, уйли-жойли қилди. Фақат бир қизининг бахти яхши бўлмади. Нобакор эри сен етимчасан, онанг ўгай, деб сочидан тортиб урар экан. Амманг шу қизининг бахти учун қаттиқ куйди. “Қизимнинг ҳимоячиси йўқ эканми?”, - деб бир неча марта куёвини урмоқчи бўлиб йўлга отланган, бироқ шайтонга ҳай берган. Борганида урарди ҳам, полвон келбатли аёл эди.
- Энди эсладим. Аммам оғирлашиб қолганида сизни чақиртирган эди?
- Ўғиллари қўнғироқ қилиб онаси оғирлашиб қолганини, мени сўраётганини айтишганида, дарҳол йўлга отландим. Кечаси билан ухламадик. Сира ухламайди, мизғийди, уйғониб, “Ойдинжон, айланай, шу ердамисан?”, - деб сўрайди ва кўп саволлар беради. Сени ҳам кўп сўраган. “Бир кўрсайдим шугинани, кап-катта аёл бўлиб қолгандир, қани эди бир кўргани келса, энди кўрмасам керак, умрим охирлашиб қолди”, - дерди. “Ундай деманг аммажон, ҳали кўп яшайсиз”, десам, “Азроил эшик тақиллатиб турибди-ку, энди чин уйимга кетаман”, - деган...
- Аммамнинг мени кўргиси келганини айтмаган экансиз-да, эна? Бирам йиғлагиларим келаяпти-ки... Меҳр-оқибатсиз жиян бўлганимга ўкинаяпман, қаранг-а, мени шунчалик эслабдики, мен бўлсам... Одам бўлмай мен ўлай!
- Сенга амманг оғирлашиб ётганини, сени сўраганини, кўргиси келаётганини бир неча марта айтганман, ёш бўлгансан, эътибор қилмагансан. “Бир мартагина аммангни бориб кўр” деб бир эмас, кўп марта айтганман. Бормадинг. Сенда ҳам айб йўқ, болам. Ҳамиша шошилиб келасан, ёнғинни ёлғиз ўзинг бориб ўчирадигандек шошилиб бола-чақангнинг олдига чопасан. Биз одамлар мангу туради, ҳаммасига улгурамиз, деб ўйлаймиз. Аслида эса ҳадемайгина ўзимиз ҳам ўтиб кетамиз. Мана, вақтинг бўлса, Ҳидоят холангни кўриб кет. Кўзлари кўрмай қолган, Меҳрижон билан бир гаплашсам, овозгинасини бир эшитсам эди, дейди нуқул...
- Вой, энажоним-ей, янаги келганимда бораман. Бу гал ишларим жуда тиғиз. Эрталаб тонг азонда йўлга чиқаман!
- Ана, айтмадимми, шу билан бир йилдан кейин келасан. Унгача холанг борми-йўқми?
- Ундай деманг, энажон, умрлари узоқ бўлсин!
- Умрининг узоқ бўлиши сен билан менга боғлиқ эмас-да? Ҳидоят холанг ҳам фарзанд кўрмади. Бола асраб олди. Ҳамма яхшиликни шу боласидан кўрди. Оёғи ости тўла набира бўлди...
- Қумри аммам ҳақида нима деб ҳикоя ёзсам экан?
- Борини ёз! - деди энам.
- Ҳикояда кулъминацион нуқта ва ечим бўлиши керак. Сизнинг айтганларингиз эса бир аёлнинг бошидан ўтган оддий воқеалар, холос...
- Нуқта-пуқтангни, ечим-печимингни тушунмайман. Кулминсон деганинг нима балоси?
- Энажон, мени яхшилаб эшитинг-да. Асарда бир воқеа тасвирга олинаётганида юқори чўққига чиқилади. Бу ҳикояда қаҳрамоннинг кўтарилиш даражаси бўлади, энажон...
- Аммангнинг дунё билан қандай хайрлашганининг ўзи кўтарилиш эмасми? Касал бўлиб ётган кунлари ҳожатга чиққиси келганида ўғли ҳар гал оғринмасдан онасини боладек қўлларида кўтариб, тоғорага тўсганлари юқори чўққи эмасми? Битта чақалоқни катта қилгунча қанча кўкайларимиз кесилган. Мана, ўзинг ҳам уч болани катта қилаяпсан, уларни деб авоб-кавоб бўлаяпсан. Амманг тўрт болани худди ўзи туққандек қаради, қанча азобларни кўрди, одамлардан ҳар хил гаплар эшитди, уларни ёмонлардан ҳимоя қилди, бу сен тушунтирган чўққига чиқиш эмасми? Амманг мени чақирганидан кейин уч кун тепасида дуоларни ўқиб ўтирдим. Бироз аҳволи яхшилангандек эди, уйга кетдим. Эртаси куни ўғли “Амма, онам оламдан ўтди, тез етиб келинг!”, - деб сим қоқди. Борсам, қизи Феруза йиғлаб ўтирибди.
- Онажоним кечадан бери сизни тилдан қўймадилар. Тонг азонда жон бердилар. Тонг ёришар чоғи кўзим кетган экан, остонада қоп-қора кийинган бир шарпа кўринди. Сесканиб кетдим ва дағ-дағ титрадим. Онам менга “Қўрқма, болам, мени олиб кетгани келишди, негадир ўлимдан қўрқмаяпман, анча енгилман”, - деди ва бир “пуф” деди-ю, кўзларини ҳолсизгина юмиб жон берди. Онамдан айрилиб қолдим, аммажон, энди кимга суянамиз?”, - деди. Аммангнинг ўлимдан қўрқмасдан шундай дейишининг ўзи ҳикоянинг ечими эмасми? Тўрт бола онасининг маъракаларини ўтказишаётганида ҳамма ҳавас қилди, бир-бирларига бўлган меҳрини кўриб, гапирмаган одамнинг ўзи қолмади. Болалари аммангни сўнгги йўлга ҳурмат-иззат билан кузатишди.
Туни билан ухламадим. Аммамни ўлимидан олдин бориб кўрмаганимга, оқибатсиз одамлар қаторига қўшилиб қолганим учун ўзимни кечира олмасдим. “Ҳамма қатори яшаяпман, тирикчилик қилаяпман, бола-чақамни боқаяпман-ку, шунинг ўзи тўғри яшаш деганлари бўлса керак”, деб ўйлабман, ўз қобиғимга ўралашиб қолаверибман. Эртага икки соат вақт топиб, кўзлари кўрмай қолган холамни бориб кўриб келаман, яна армон бўлиб қолмасин...
Эртаси куни чумчуқ чирқилламасдан туриб менга қўнғироқ қилишади.
- Тез уйга етиб келмасангиз бўлмайди! Набирангизнинг мазаси қочди!
Дастак ортидан катта ўғлимнинг ташвишли овози эшитилади. Кўз ўнгимда эса бу ёруғ оламни кўрмай қолган, кўзлари йўлга термулган холам, мени бир мартагина кўргиси келган Ҳидоят холам...
Уч кундан сўнг онамдан хабар олай деб сим қоқсам, синглим хабар қилди:
- Ҳидоят холамиз оламдан ўтибдилар. Энам таъзияга кетдилар!